Энди Ҳажга навбатларни онлайн кўриш мумкин
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
11806Эндиликда Ўзбекистонда ҳудудлар кесимида Ҳаж зиёратига бориш учун навбатда турган фуқароларнинг ягона онлайн навбати Очиқ маълумотлар порталида эълон қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 27 ноябрь куни имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда келтирилган.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Очиқ маълумотлар портали ҳамда вазирлик ва идораларнинг веб-сайтларига бошқа очиқ маълумотлар қаторида ҳудудлар кесимида Ҳаж тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати тўғрисидаги (зиёратга борувчи шахснинг аризаси навбатга қўйилган сана ва рўйхатдаги тартиб рақами) маълумотлар ҳам эълон қилинади.
Шунингдек, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати) тўғрисидаги (ариза навбатга қўйилган сана, рўйхатдаги тартиб рақами, ёш гуруҳи ҳамда ташкилот рақами) маълумотлар очиқ маълумотлар қаторига қўшилади.
Бундан ташқари, фармон билан давлат органлари ва ташкилотларида давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомилларини белгиловчи харид комиссиясининг ички идоравий тартиби (низом, регламент, йўриқнома ёки бошқа ички идоравий ҳужжат) юқоридагилар каби рўйхатга киритилади.
Эндиликда марказий, ҳудудий ва тизим ташкилотларида бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам Очиқ маълумотлар порталидан топиш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларга тақдим этилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботлари ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон қилинади.
Президент фармони билан шунингдек, коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.
Унга кўра, ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотлари кесимида содир этилган коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилади ва ушбу жиноятлар ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун Агентлик ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиб боради.
Ҳар ярим йилда жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга имкон берган омилларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар Миллий кенгаш йиғилишларида тегишли давлат органи ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинади.
LiveБарчаси