Энди ҳар йили икки марта Президент Олимпиадаси ташкил этилади
Спорт
−
13 Февраль 5528 3 дақиқа
Йилда икки марта ҳудудларда олимпия спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Ўзбекистон Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишига маълум қилинди.
Туман ва вилоят совриндорларини ҳокимлар рағбатлантириб боради.
Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили 10-20 декабрь кунлари Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган Президент олимпиадасида иштирок этади.
Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади.
Бунда 1-2 курс ўқувчиларига стипендия тўлаш йўлга қўйилади.
Жойларда ёш иқтидорларни аниқлаб, уларни тайёрлайдиган инсонлар – биринчи мураббийлардир. Лекин, бугунги кунда спортчиларни эришган натижаси учун фақат спорт мактаблари ёки терма жамоа мураббийлари рағбат олаяпти.
Президент бу адолатдан эмаслигини қайд этиб, эндиликда спортчиларни етиштириб чиқарган биринчи мураббийларга спортчилар ва терма жамоа мураббийлари учун кўзда тутилган рағбатнинг 10 фоизгача қисмини мукофот сифатида берилишини таъкидлади.
Сўнгги уч йилда параспорт билан мунтазам шуғулланувчилар 4 карра кўпайиб, 7 мингдан ошди, аёл параспортчилар улуши 29 фоизга етди.
Илгари бу тоифадаги ёшлар учун атиги 33 та мактабда спорт тўгараклари бор эди, бугун бундай мактаблар сони 235 тага етди.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларни спортчи қилиб тайёрлашда илмга асосланган методика, стандартлар, ўқув адабиётлари етишмаслиги, содда қилиб айтганда, соғлом спортчилар учун талаблар шундай кўчирилиб қўйилгани сабабли бу соҳада “катта сакраш” бўлмаяпти.
Шу боис ҳар йили камида 100 нафар ногиронлиги бўлган спортчилар ва уларнинг мураббийлари малака ошириш учун хорижга юборилади.
Адаптив спорт турлари ассоциацияси А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан қамраб олиш бўйича илмий асосланган методика ва стандартларни ишлаб чиқади. Университетнинг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилади.
Шунингдек, ҳудудлардаги 39 та спорт мактаби параспорт турларига ихтисослашади.
Видеоселекторда параспортчилар, айниқса ногиронлиги бўлган қизларнинг имкониятига қараб, бошқа спортчилар билан бирга шуғулланишига шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Спортчи ва параспортчиларни тайёрлайдиган мураббийларга малака сертификати бериш ва уларни қайта тайёрлаш тизими соддалаштирилади.
Бу тоифадаги ёшлардан терма жамоаларни шакллантириш бўйича селекция тизими бошқа спортчилар билан бир хил бўлиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, бугунги кунда фақат республика мусобақалари совриндорлари терма жамоага қабул қилиняпти.
Ногиронлиги бўлган спортчилар учун бу тизим мутлақо ўзгартирилади. Бундан буён ёшлар мусобақа натижасига қараб эмас, балки спорт нормативларини бажаришига қараб ҳам терма жамоага қабул қилинади.
Спорт мусобақалари ва спорт йиғинларини ташкил қилишда олимпия ва паралимпия тизимига ўтилади. Энди қаерда қандай чемпионат бўлса, унга ёнма-ён параспорт мусобақаси ҳам ўтказилади, йиғинлар ҳам биргаликда ташкил қилинади.
Бу ҳақиқий инклюзив тизимга айланади, ногиронлиги бор спортчилар учун мотивация ва рағбат бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Спорт бошқармалари бошлиқларига уч ойлик синов тайинлагани хабар қилинганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь