Эммануэль Дюпюи Мирзиёевнинг афғон муаммосини ҳал қилишдаги янги таклифларини қўллаб-қувватлади
Интервью
−
24 Сентябрь 2020
5906Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи юбилей сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этди. Давлат раҳбари ўз нутқида 10 дан ортиқ янги таклифларни илгари сурди. Айни вақтда унинг муҳим халқаро ташаббуслари давлат ва сиёсат арбоблари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Европа истиқбол ва хавфсизликни ўрганиш институти президенти Эммануэль Дюпюи Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош минбарида илгари сурган ғоялари ҳақида шундай дейди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқи билан танишиб чиқдим. Давлат раҳбари унда қатор таклифларни илгари сурди. Афғонистондаги француз кучлари қўшма бўлинмаси собиқ сиёсий маслаҳатчиси сифатида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича халқаро ҳамкорликнинг янги шаклини яратиш ташаббуси – БМТ қошида доимий қўмита тузиш масаласи муҳим, деб ҳисоблайман.
БМТ ҳузурида доимий қўмита тузиш ташаббуси Афғонистон муаммосини ҳал қилиш Марказий Осиё мамлакатлари учун жуда муҳимлиги, шунингдек, ушбу мамлакатда тинчликни ўрнатишда минтақа давлатларининг ўрни ва роли муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди. Янги шакл, шубҳасиз, афғон муаммосини ҳал қилиш учун қулай шароит яратади.
Айни пайтда “Толибон” ҳаракати иштирокида афғонлараро музокаралар давом этмоқда. Тинчлик ўрнатиш учун сиёсий музокаралар етарли эмас, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодиёт ва инфратузилмани тиклаш зарур. Ушбу йўналишда Афғонистоннинг қўшни давлатлари, хусусан, Ўзбекистон муҳим ўрин тутади. Умид қиламанки, доимий қўмита фаолияти глобал молиявий маблағ ва имкониятларни жалб қилиш, шунингдек, Афғонистон суверенитетини мустаҳкамлаш учун ижобий туртки беради.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиё давлатларининг Терроризмга қарши глобал стратегиясини амалга оширишга бағишланган қўшма ҳаракатлар режаси 10 йиллигига бағишланган Халқаро анжуман ўтказиш таклифи ўз вақтида илгари сурилган долзарб ташаббусдир. Ушбу тадбир барча мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни тиклаш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқишга имкон беради.
Эътиборимни тортган яна бир ташаббус – бу COVID-19 пандемиясига қарши курашда самарадорлиги исботланган минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласидир. Ушбу ташаббус Орол фожиаси муаммосини ҳал қилиш учун зарур ҳаракатларни амалга оширишга имкон беради. Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашига ишонамиз”.
Маълумот ўрнида, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш зарурлигини таъкидлаган эди.
2018 йил 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокаралар бошланди. Бу Афғонистонда тинчлик ва осуда ҳаёт учун қўйилган яна бир улкан қадам, дейиш мумкин. Ўзбекистон 40 йилдан зиёд вақт давомида Афғонистонда давом этаётган уруш, нотинчлик ва ўзаро муаммоларни афғон халқининг ўзи ўз иродаси билан ҳал этиши тарафдори.
Ўтган йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшнинг тинч – сен тинч деган азалий қадриятга асосланган ислоҳотлари натижасида афғон муаммосини ҳал этишда олдинга силжиш кузатилди. Бунинг самарасини жорий йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланганида ҳам кўриш мумкин. Сулҳга кўра, АҚШ 19 йил деганда ўз ҳарбий кучларини афғон диёридан олиб чиқиб кетиши, “Толибон” ҳам қуролли ҳаракатларни тўхтатиши белгиланди.
12 сентябрь куни Доҳада бўлиб ўтган музокаралар афғон халқининг ва ниҳоят тинч ва фаровон ҳаётга қовушишидан далолат. “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдулғани Биродар ўзбекистонлик журналистлар билан суҳбатлашиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасида расмий Тошкентнинг фаоллигини алоҳида эътироф этди.