Электрсиз қолган Кубага “Оскар” тўфони ёпирилди. Қурбонлар бор
Олам
−
22 Октябрь
2811Орол мамлакатнинг энг йирик иссиқлик электр станциясида содир бўлган авария туфайли тўрт кундан бери энергия инқирозини бошдан кечираётган Кубага “Оскар” тўфони келиб урилди. Оқибатда энергия таъминоти ҳолати янада ёмонлашди, 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Электр инқирози
Кубада жорий йилнинг 18 октябрь куни оролдаги энг йирик ҳисобланган Матансасдаги иссиқлик электр станциясида фавқулодда ҳолат туфайли кенг кўламли электр таъминоти узилиши юз берди. Оқибатда 10 миллионга яқин одам электр энергиясиз қолди.
Ўшандан бери электр тармоғи яна бир неча бор ишдан чиқди. Бу эса мамлакат инфратузилмасининг ночор аҳволини кўрсатди. 19 октябрь куни кечқурун Куба Энергетика вазирлиги ғарбий қуйи тизимда яна бир узилиш содир бўлганини маълум қилди. 20 октябрь куни иссиқлик электр станцияси фаолияти тикланди. Бироқ, кейин яна бир носозлик юз берди. Куба Президенти Мигель Диас-Канель 20 октябрь оқшомида мамлакат миллий телевидениесида чиқиш қилди ва кубаликларни мавжуд вазиятга норозилигини интизомли ва хушмуомалалик билан билдиришга чақирди.
Куба Бош вазири Мануэль Марреро мамлакатда давом этаётган электр узилиши сабабли энергетика бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилди. У ва мамлакат Президенти Мигель Диас-Канель энергетика инқирозида АҚШни айблаб, санкциялар ва блокадалар кредит ва электр станциялари учун эҳтиёт қисмлардан фойдаланишни чеклаётганини айтди.
20 октябрь оқшомида пойтахт Гавана бутунлай зулматда қолди. Фақатгина айрим корхоналар, муассасалар ва хонадонлар ўзларининг маҳаллий ёқилғи генераторлари билан ишлаган. Гавана чеккасидаги ҳудудларда бир нечта “Касеролазо” намойишлари уюштирилган.
“Касеролазо” Лотин Америкасидаги оммавий норозиликнинг кенг тарқалган шакли бўлиб, унда одамлар ҳокимият эътиборини жалб қилиш учун шовқин-сурон солиш учун қозон, това ва бошқа идишларни уради.
Озиқ-овқат, сув ва электр тақчиллигидан ғазабланган намойишчилар хавфсизлик кучлари томонидан тарқатилгунга қадар шаҳар четидаги камбағал Сан-Мигель дель Падрон маҳалласида ахлат уюмлари билан йўллар тўсиб қўйилган.
Электр йўқлиги одамларни музлаткичлар, электр жиҳозлари, мобил телефонларини зарядлаш ёки кондиционерлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилган. Сув билан таъминлайдиган насос тизимлари ишдан чиққан ва кўплаб озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтаб қолган.
Маълумотларга кўра, мамлакатнинг барча бешта асосий электр станциялари тахминан ярим аср давомида хизмат кўрсатган. Техас университетининг Куба электр тармоғи бўйича мутахассиси Хорхе Пиньоннинг сўзларига кўра, улар режалаштирилган “умр кўриш” муддатидан анча кўпроқ “яшаган”.
“Оскар” тўфони
“Оскар” тўфони Кубага 20 октябрь куни кечқурун етиб келган. У шарқий Гуантанамо провинциясининг Баракоа шаҳри яқинига урилган. Кучли шамол (120 км/соат), бўронлар ва ёмғирлар иссиқлик электр станциясидаги авариядан кейин электр таъминотини тиклаш билан боғлиқ муаммоларни янада кучайтирган. Баландлиги 2 метр бўлган тўлқинлар қирғоққа келиб, Баракоа шаҳридаги кўплаб биноларнинг томлари ва деворларига зарар етказган. Маълумотларга кўра, 6 киши ҳалок бўлган.
Ҳукумат мактабларда ўқишни 23 октябрга қадар бекор қилган. Бу эса Кубада деярли мисли кўрилмаган ҳаракат сифатида кўрилган. Расмийларнинг таъкидлашича, фақатгина асосий ишчилар 21 октябрь куни ишга қайтишлари зарур бўлади.
Аввалроқ эса Куба метеорология хизмати мамлакат шарқидаги ўта хавфли вазият ҳақида огоҳлантирган. АҚШ Миллий довуллар маркази эса оролга 120 км/соат тезликдаги тўфон яқинлашаётгани ҳақида хабар берган.
Тўфон бугун, 22 октябрь куни ғарб ва шимоли-ғарбга бурилиб, Багама ороллари томон йўл олиши кутилмоқда. АҚШнинг Маямидаги бўронлар миллий маркази маълумотларига кўра, 21 октябрь куни максимал барқарор шамол тезлиги 75 км/соатга етган ва довул ғарбдан жануби-ғарбга 4 км/соат тезликда ҳаракатланмоқда.
Қайд этилишича, “Оскар” бир ҳафта ичида Куба шарқида, айниқса Кариб денгизи соҳилидаги тоғли Сьерра-Маэстро ҳудудида хавфли сув тошқини ва кўчкиларга сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур вазият фонида бешта давлат мамлакатга ёрдам таклиф қилган.
“Биз Венесуэла, Мексика, Колумбия, Россия ва Барбадос ҳукуматларининг миллий электр энергетика тизимидаги мавжуд вазиятни ҳал қилиш учун кўрсатаётган саъй-ҳаракатларини ва зудлик билан қўллаб-қувватлаётганини қадрлаймиз”, деб ёзди Куба Ташқи ишлар вазири Бруно Родригес Паррилья Х ижтимоий тармоғида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Нигерияда умуммамлакат электр таъминотида узилиш кузатилган эди. Бу 2024 йилдаги саккизинчи электр тармоғи аварияси бўлиб, улардан учтаси сўнгги ҳафта ичида содир бўлган.
LiveБарчаси