100 ёшинг муборак, Кастро!
Таҳлил
−
21:45 1144 9 дақиқа
Фидель Кастро — ушбу феномен Кариб ҳавзасидаги кичик ороллар тизимидан туриб бутун дунёга ўз овозини етказа олган кам сонли шахслардан бири. Ундан ҳаммада ҳар хил хотира қолган, уни ҳамма ўзича таърифлайди, турли давлатларнинг тарих китобларида у ҳақида турлича ёзишади. Баъзилар уни мамлакатни қарийб ярим аср бошқарган “тиран” ёки диктатор деб ҳисобласа, бошқалар уни мамлакатни озодлик сари олиб чиққан инқилобчи деб билади.
Кенг тарқалган бир фикр бор, бугун унинг шарофати билан Куба инқирозли ҳолатда. АҚШ санкциялари узоқ вақтдан бери бу давлатни бўғиб келмоқда. Қайсидир маънода бу гапларда жон бор, аммо Кастросиз Куба АҚШнинг қўғирчоғига айланган тақдирда ҳам бугун у ривожланган мамлакатлар қаторида бўлишига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Нима бўлган тақдирда ҳам бугун кубаликлар уни айблашмаяпти, қайтага энг оғир паллада ҳам унинг номини ёд этиб, шарафлашмоқда. 13 август куни Гаванада марҳум инқилобчи хотирасига бағишлаб ўтказилган катта тадбир ҳам унинг мамлакатда миллий қаҳрамон даражасида кўрилишининг яққол исботи бўлди.
Кастро ҳаётига назар
Фидель Кастро ҳақида гап кетганда, одатда инсон хаёлига серсоқол, ҳарбий либосда, бир қўлида сигара тутган инқилобчи келади. Яна кимларнингдир ёдида Гитлерникидан қолишмайдиган жўшқин нутқлари билан қолган бўлса ажаб эмас. Аммо унинг шахсияти, оқ-қора расмларда кўринганидан анча кенгроқ.
Фидель Алехандро Кастро Рус 1926 йил 13 августда Кубанинг Ориенте провинциясидаги Биран ҳудудида туғилди. Ота-онаси бойвачча испан муҳожири бўлгани учун Кастронинг болалиги классик қаҳрамонларникидек оғир ўтган дейиш қийин. Молиявий қийинчиликларсиз улғайган Фидель аввал нуфузли “Colegio Belen” коллежида, кейинчалик Гаванадаги университетда ҳуқуқшунослик бўйича таълим олди. У бир вақтнинг ўзида уч йўналиш: Фуқаролик ҳуқуқи, Сиёсий фанлар ва Ижтимоий ҳуқуқ бўйича мутахассисликка эга бўлди. Аммо университет фақат таълим маскани эмас, турли талабалар ҳаракатларининг маркази ҳам эди. Айнан талабалик йилларида унинг сиёсий қарашлари шакллана бошлади.
Кастро дастлаб коммунист сифатида танилмаган. У кўпроқ миллатчи ва антиимпериалист эди. АҚШнинг Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги сиёсатига қарши чиқарди. Кейинчалик эса мамлакатдаги камбағаллар ва бойлар ўртасидаги тафовутни капиталистик тизим билан боғлай бошлади. Марксизм эса тобора унинг назарида муаммоларнинг ечими сифатида шакллана бошлади.
1952 йил генерал Фульхенсио Батиста ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятни эгаллади. Бундай кенг кўламли инқилоб ортида эса Вашингтон турар эди. Сайловлар бекор қилинди. Батиста кутилганидек, АҚШ билан яқинлаша бошлади. Касаба уюшмалари ва социалистик гуруҳларга босим кучайди. Мамлакатга капитализм ва демократия зўрма-зўраки тиқиштирила бошланди.
Қийин даврлар кучли одамларни яратади деганларидек, бутун дунёга машҳур Фидель Кастронинг шаклланишига айнан мана шундай оғир сиёсий вазият сабаб бўлди. 1953 йил 26 июль куни у ўша пайтдаги машҳур Ортодокслар партияси ёшлар қанотининг бир нечта аъзоси билан Монкададаги ҳарбий казармага ҳужум уюштирди. Аммо операция муваффақиятсиз тугади. Кастро қўлга олинди ва қамоққа ташланди.
Ҳар қанча ғалати эшитилмасин, айнан шу суд унинг фойдасига ишлади. Мана шу воқеадан кейин инқилоб ғояси кенг омма орасида вирусдек тарқала бошлади. Унинг машҳур нутқи кейинчалик “Тарих мени оқлайди” номи билан чиндан тарихга кирди.
Қамоқ узоқ давом этмади. Озодликка чиққач, Кастро Мексикага кетди. У ерда укаси Рауль ва аргентиналик шифокор Эрнесто Че Гевара билан бирга “М-26-7” ёки 26 июль инқилобий гуруҳини шакллантирди. 1956 йилда эса улар Кубага қайтди. Сьерра-Маэстра тоғларида партизан уруши бошланди. Икки йилдан ортиқ давом этган жанглардан сўнг Батиста мамлакатдан қочишга мажбур бўлди. 1959 йил январь ойида Кастро Гаванага кириб келди. Инқилоб ғалаба қозонди.
Тўнтаришдан кейин Кастро “бошқарув курсисига” шошилмади. Собиқ судья ва инқилобни қўллаб-қувватлаган Мануэль Уррутия Льео вақтинчалик президент этиб белгиланди. Адвокат ва ҳуқуқшунос бўлган Хосе Миро Кардона эса бош вазир бўлди.
Шунга қарамай, Кастро аллақачон тизим ичида эди. Ҳар қандай қарорга таъсир эта олар, Куба Қуролли Кучлари Бош Қўмондони лавозимида мамлакатдаги ҳақиқий сиёсий ва ҳарбий кучни назорат этарди.
1959 йилда эса чинакамига сиёсий майдонга қадам ташлади ва бош вазирликни ҳам ўз бўйнига олди. Кастро ҳокимиятга келган пайтда унинг ҳаракатида турли сиёсий кучлар бор эди, яъни ҳамма бирдек коммунист эмасди. Кастронинг ўзи ҳам дастлаб Куба Коммунистик партияси билан очиқ иттифоқ тузишдан эҳтиёт бўлган. Чунки бундай кескин қадам мўътадил қатламларни қўрқитиши мумкин эди.
У ҳаммасини национализациядан бошлади. АҚШ таъсир кучини камайтириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланди. Бу йўлда Кастро ҳукуматда тобора кўпроқ ваколатни ўз қўлига тўплай бошлади. Ер ислоҳоти ўтказилди. Йирик корхоналар давлат назоратига ўтди. АҚШ компанияларига тегишли корхоналар ҳам миллийлаштирилди. Кастро танқидчилари ва сиёсий мухолифатга босим кучайди.
Матбуот устидан назорат ўрнатилди. Минглаб босимга чидай олмаган мутахассислар, жумладан шифокорлар ва муҳандислар мамлакатни тарк этди.
Шундай қилиб, Кастро инқилоби аста-секин сиёсий инқилобдан иқтисодий ва мафкуравий инқилобга айланиб борди. Айнан шу нуқтада АҚШ билан узоқ йиллик кураш бошланди.
Вашингтон Фидель Кастронинг сиёсатига жавобан Куба шакарининг АҚШ бозоридаги квотасини қисқартирди ва кейинчалик экспорт чекловларини жорий этди. Гавана эса АҚШга тегишли бошқа корхоналарни ҳам миллийлаштиришни давом эттирди.
Бироқ тез орада вазият оддий иқтисодий можародан кенгайиб кетди. Вашингтон Кастро ҳукуматини шунчаки дипломатик босим билан чеклаб қолмади. 1960 йилда Эйзенхауэр маъмурияти Марказий разведка бошқармасига Кастро ҳукуматини ағдариш учун махфий операция тайёрлашга рухсат берди. Кейинчалик Кеннеди маъмурияти даврида бу сиёсат Чўчқалар қўлтиғидаги босқин билан якунланди.
1961 йил 17–20 апрель кунлари Кастро бошчилигидаги Куба ҳукуматини ағдариб ташлаш мақсадида 1400 дан ортиқ кубалик муҳожир-кўнгиллилар гуруҳи мамлакатнинг жанубий қисмидаги Чўчқалар қўлтиғига десант қилиб туширилди. Аммо операция муваффақиятсиз тугади.
Айнан АҚШнинг бу босқини Кастронинг социализм йўлини янада тезлаштирди.
1961 йил 16 апрель куни, босқин арафасида Кастро илк бор Куба инқилобини очиқчасига социалистик инқилоб деб эълон қилди. Орадан кўп вақт ўтмай, мамлакат сиёсий тизими ленинча модель асосида қайта қурила бошланди.
Куба бир партияли давлатга айланди. Хусусий мулкнинг катта қисми давлат тасарруфига ўтди. Иқтисодиётни марказлашган режалаштириш бошланди. Таълим ва соғлиқни сақлаш давлат томонидан молиялаштирила бошланди. Шу билан бирга, матбуот эркинлиги ҳам чеклана бошлади ва сиёсий мухолифат бостирилди.
У капитализмни Куба муаммоларининг асосий манбаларидан бири деб кўрди. Унинг назарида мамлакат мустақиллиги фақат сиёсий мустақиллик билан тугамасди. Иқтисодий жиҳатдан ҳам АҚШга қарам бўлмаслик керак эди.
Аммо мустақилликнинг ҳам ўз бадали бор. АҚШ шартларига риоя қилмагани учун Гавана оммавий санкциялар ботқоғига улоқтирилди.
АҚШ билан муносабатлар узилган сари Москва билан алоқалар мустаҳкамланди. Куба Совет Иттифоқига шакар етказиб берди. Эвазига нефть, ўғит, саноат маҳсулотлари ва кредит олди. АҚШ компаниялари назоратидаги нефтьни қайта ишлаш заводлари совет нефтини қайта ишлашдан бош тортгач, Кастро уларни ҳам миллийлаштирди.
Шу тариқа Куба иқтисодий жиҳатдан Совет блокига тобора кўпроқ боғланиб борди. 1962 йил бу блок бутун дунёни чўчитиб юборди. Совет Иттифоқи Кубага ядровий ракеталар жойлаштирди. Чегараларидан атиги 145 километр узоқликка асосий душманининг энг хавфли қуролини олиб келиши Вашингтонни чўчитиб юборди. Бунга жавобан АҚШ денгиз блокадасини ўрнатди. Дунё бир неча кун давомида ядровий уруш ёқасида турди.
Узоқ давом этган Совуқ уруш тугади ҳамки, АҚШ ва Куба ўртасидаги совуқ муносабатлар тугамади. 2016 йилда Кастро вафот этди, аммо унинг оғриқли мероси кубаликлар билан қолди.
Кастро мероси
Фидель Кастро шундоққина Американинг бурни остида туриб унинг ғояларига қарши тура олди. Неоколонизация даврида Кубанинг мустақиллигини сақлаб қола олди. Гарчи бу мустақиллик етарлича муаммолар олиб келган бўлса-да, марҳум диктаторнинг меросини фақат иқтисодий инқироз билан ўлчаш ҳам нотўғри бўлади.
Инқилобдан кейин таълим ва тиббиёт тизимларига катта эътибор берилди. Саводхонликни ошириш кампаниялари ўтказилди. Соғлиқни сақлаш тизими кенгайтирилди. Қишлоқларга давлат хизматлари олиб кирилди.
Шу сабабли Кастрони қўллаб-қувватловчилар уни оддий диктатор эмас, ижтимоий тенгликни таъминлашга уринган раҳбар сифатида кўради. Унинг тарафдорлари учун Куба АҚШнинг иқтисодий ва сиёсий босимига қарамай ўз йўлини танлаган давлат эди.
Аммо барчаси бундай силлиқ эмас. Давлат иқтисодиёт устидан деярли тўлиқ назорат ўрнатди. Сиёсий рақобат йўқолди. Мухолифлар қамоққа ташланди ёки мамлакатни тарк этди. Матбуот эркинлиги чекланган эди.
Кастро ҳокимиятни шунчаки ушлаб турмади. У бутун сиёсий тизимни ўз ҳокимиятини сақлаб қолишга мослаштирди. 1976 йилги Конституциядан кейин Коммунистик партия мамлакатнинг асосий сиёсий кучига айланди. Кастро эса партия раҳбари сифатида 2011 йилгача қолиб, деярли ярим аср давомида унинг бошқарув марказида бўлди. Шу нуқтада у “буюк инқилобчи”дан “тиран”га (ҳокимиятни ноқонуний йўл билан эгаллаб олган ҳамда уни қонун-қоидаларга бўйсунмаган ҳолда бошқарадиган шахс) айланди.
1991 йил Совет Иттифоқининг парчаланиши Куба учун ҳалокатли зарба бўлди. Мамлакат асосий иқтисодий ҳамкоридан айрилди. Энергия ва савдо муаммолари кучайди. Куба “Махсус давр” деб аталган оғир иқтисодий босқичга кирди. Аммо Кастро ўз тизимидан, мафкурасидан воз кечмади.
Бироқ “Махсус давр” айрим чекловларни юмшатишга мажбур қилди. Кичик хусусий корхоналарга рухсат берилди, фермер бозорларига йўл очилди, АҚШ доллари қонуний муомала воситасига айлантирилди. Эмиграцияга қўйилган айрим чекловлар ҳам юмшатилди.
У социализмни сақлаб қолиш учун айрим капиталистик механизмлардан фойдаланишга ҳам тайёр эди. Аммо ўзак ўзгармади. Фидель Кастро 2016 йил 25 ноябрда 90 ёшида вафот этди. 2006 йилдан бошлаб ваколатларини укаси Раульга топшира бошлаган эди.
Кастро Кубани ўзгартирди, уни АҚШнинг қўғирчоғи бўлишидан сақлаб қолди. Бу баҳсга ўрин қолдирмайдиган ҳақиқат.
Туғилган кунинг билан, Кастро!
13 август куни Куба инқилоби раҳбари Фидель Кастро таваллудининг 100 йиллиги мамлакатдаги оғир иқтисодий инқироз шароитига қарамай нишонланди. Юбилей тадбирларида Лотин Америкаси, Европа, Африка ва Осиёнинг 60 дан ортиқ давлатидан 1,5 мингдан зиёд фаоллар ва ҳамжиҳатлик ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Трампнинг ҳокимиятга келиши Куба билан муносабатларни янада таранглаштирди. Январь ойида АҚШ президенти Куба ҳукуматига босим ўтказиш учун оролга нефть эмбаргосини жорий қилганди. Бундан ташқари, қолган санкциялар ҳам кучайтирилган.
Шундай вазиятда Куба президенти Мигель Диас-Канель Кастрони нафақат тарихий шахс сифатида, балки “бугунги кунда, 2026 йилги ҳақиқий Кубада олдимизда турган қийинчиликларни енгиб ўтишда қўлланма сифатида ҳам эслаб қолиш муҳимлигини” қўшимча қилди.
“Фидельнинг мероси бугунги кунда бизга ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ садо бермоқда”, деди Куба президенти.
АҚШ сиёсати орол бўйлаб кенг кўламли оқибатларга олиб келди. Аксарият вилоятларда электр таъминотидаги узилишлар кунига 20 соатдан ҳам ошмоқда.
Бу озиқ-овқат ишлаб чиқариш, транспорт ва туризм фаолиятини издан чиқариб, Кубанинг миллий электр тизимини техник қулаш ёқасига олиб келди. Фақат июль ойининг ўзида электр тармоғида уч марта бутун мамлакат бўйлаб узилиш юз берди.
Инқирозга жавобан Куба ҳукумати июнь ойида мамлакатнинг социалистик иқтисодиётини хусусий ва хорижий инвестициялар учун очишга қаратилган 176 та чора-тадбирни маъқуллади.
Бу эса Куба капитализмни ёппасига қабул қилади, дегани эмас. Аммо мамлакат ўзининг қаттиқ марказлашган иқтисодий моделини юмшатишга мажбур бўлаётгани аниқ. Кастро қурган тизим аста-секин ўзгармоқда. Унинг 100 йиллиги эса ана шу ўзгаришлар фонида нишонланмоқда.
Live
Барчаси