Электр таъминоти корхонаси асоссиз ҳисоблаган 90 млн сўмга яқин қарздорлик бекор қилинди
Жамият
−
11 Сентябрь
1952Рақобат қўмитасининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасига Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган корхоналар мурожаат қилиб, электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланганини билдирган. Ушбу мурожаатлар ўрганилганда электр таъминоти корхонаси 90 миллион сўмга яқин миқдорда асоссиз қарздорлик ҳисоблагани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳудудий бошқарма масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Kriogen-servis” МЧЖга ҳисобланган 93 035 577 сўм ва “Bistro Lazzat” ОКга қўйилган 3 180 267 сўм миқдоридаги қарздорликни қайта ҳисоб-китоблар орқали ўрганиб чиққан.
Қўмита хабарига кўра, ўрганишларда мазкур хизмат кўрсатувчи корхона томонидан фойдаланган электр энергияси учун ўз вақтида тўлов қилиб борилгани, аммо уларга нисбатан тарифларни асоссиз оширилган ҳолда “Kriogen-servis” МЧЖга 86 300 129.5 сўм ва “Bistro Lazzat” ОКга 3 180 267 сўм қарздорлик ортиқча ҳисоблангани маълум бўлди.
Хусусан, электр таъминоти корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси 1-қисми талаблари бузилиши билан устун мавқега эга бўлган табиий монополия субъекти ҳисобланувчи “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё филиали Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳолатлари содир этилганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё филиали Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилиб, жами ҳисобда 90 млн сўмга яқин асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 4 млрд 173 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик бекор қилинган эди.
LiveБарчаси