Электр истеъмоли рекорди яна янгиланди

Жамият

image

Ўзбекистонда аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр энергиясига бўлган талаб ошиб, суткалик истеъмол ҳажми бўйича янги рекорд ўрнатилди. Жорий йилнинг 20 июль куни мамлакат ягона энергетика тизимида электр энергияси истеъмоли 301,9 млн кВт·соатни ташкил этди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йил ёзги мавсумида қайд этилган энг юқори истеъмолдан 29,3 млн кВт·соатга ёки 10,75 фоизга юқори бўлган. Шунингдек, жорий йил 18 июль куни қайд этилган аввалги рекорд кўрсаткичдан 7,5 млн кВт·соатга ошган.

Маълумотларга кўра, шу куни тизимдаги максимал қувват кундузги энг юқори юклама вақтида – соат 17:22 да 14,2 ГВтга етган.

Бундан ташқари, 20 июль куни электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам рекорд даражага чиқиб, 305,4 млн кВт·соатни ташкил қилган. Бу 18 июлдаги 297,1 млн кВт·соатлик аввалги энг юқори кўрсаткичдан 8,3 млн кВт·соатга кўп.

Вазирликнинг қайд этишича, юқори ҳарорат сабаб электр энергиясига талаб ошганига қарамай, энергетика тизими истеъмолчиларни узлуксиз электр билан таъминлаш учун барқарор ишлаган.

Шу билан бирга, юқори юклама даврида электр тармоқларида айрим носозликлар ҳам кузатилган. Энергетика корхоналарининг авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишлаб, юзага келган носозликларни тезкор бартараф этган.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида вақтинчалик электр узилишлари қайд этилган. Жумладан, Олмазор туманидаги Себзор мавзесида 310 та, Яккасарой ва Чилонзор туманларида 1 500 та, Яшнобод туманида 350 та ҳамда Чилонзор 1-мавзесида 300 та истеъмолчи қисқа муддатга электр таъминотидан узилган. Кейинчалик барча ҳудудларда электр таъминоти тикланган.

Шунингдек, 21 июль тонгида Сергели туманидаги Хонабод ва Султонобод кўчалари ҳудудида 280 та, Олмазор туманидаги Себзор ва Тахтапул кўчалари ҳудудида эса 320 та истеъмолчи электр таъминотида узилишларга дуч келган. Носозликлар бартараф этилиб, электр етказиб бериш қайта йўлга қўйилган.

“Юқори юкламалар шароитида энергетика тизими корхона ва ташкилотларининг тезкор хизматлари кучайтирилган тартибда фаолият олиб бормоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 19 июль куни аномал иссиқ ҳаво таъсирида ягона энергетика тизимининг максимал юкламаси кечки энг юқори соатларда 13,8 гигаваттга етган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг