Электр ҳисоблагичлар истеъмолчилардан ортиқча киловатт учун пул олмаган – Энергетика вазирлиги
Жамият
−
09 Июль
6514Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда электр ҳисоблагичлар истеъмолчилардан ортиқча киловатт учун пул олгани қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу хабар мутлақо нотўғри.
“Ижтимоий тармоқларда электр ҳисоблагичлар аҳолига ортиқча истеъмол ва пул ҳисоблаётганлиги тўғрисида мурожаатларнинг ҳар бири Энергетика вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари томонидан алоҳида назоратга олиниб, ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда муаллифлар иштирокида ўрганилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўрганишлар жараёнида аҳолига ортиқча истеъмол ва пул ҳисоблаётганлиги аниқланмаган”, дейилади хабарда.
Вазирлик айрим ижтимоий тармоқ админларидан аҳоли орасида шубҳа уйғотувчи маълумотларни чиқармасликларини сўраган ҳолда “бу каби тасдиқланмаган хабарлар учун қонунчиликда жавобгарлик борлигини” эслатган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилганини маълум қилган ва шу боис яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланилаётган ойлик 200 кВт·соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмаслигини билдирганди.