Экофаоллар Луврдаги “Мона Лиза” портретига шўрва улоқтирди (видео)
Олам
−
28 Январь
15489Франция пойтахти Париждаги Лувр музейида экофаоллар машҳур рассом Леонардо Да Винчининг дурдона асари “Мона Лиза” (Жоконда) картинасига шўрва улоқтирди.
"Riposte Alimentaire" ("Озиқ-овқат реакцияси") ёзуви ёзилган футболка кийган икки аёл расмни қоплаган ҳимоя ойнани шўрва билан бежаган. Кейин улар “озиқ-овқатга бўлган ҳуқуқ”, “Франция қишлоқ хўжалиги тизими касал” ва “ҳар уч француздан бири овқат ейишдан бош тортиши керак” каби шиорларни айта бошлаган.
Фаоллар Франциянинг "Riposte Alimentaire" ташкилоти вакиллари бўлиб, норозилик намойишини атроф-муҳит ва озиқ-овқат манбаларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаш учун амалга оширган.
Гуруҳ фермерларни муносиб даромад билан таъминлаб, одамларга соғлом озиқ-овқатдан фойдаланиш имкониятини берувчи тизимни жорий этишга чақирди.
Ўз навбатида, янги Бош вазир Габриэль Атталь келгуси ҳафталарда фермерларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун қарорлар қабул қилинишига ваъда берди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу расм сўнгги 20 йил ичида вандалларнинг бир неча бор ҳужумига учраган. 2009 йилда бир сайёҳ расмга чой улоқтириб, ўша пайтдаги оддий қоплама ойнани синдириб ташлаган, шундан сўнг расм устига зирҳли экран ўрнатилган. 2022 йил май ойида зирҳли ойнага торт суртилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ немис фермерлари норозилик намойишларига чиққан эди.
LiveБарчаси