Немис фермерлари норозилик намойишларига чиқди
Олам
−
08 Январь
9495Бугун, 8 январь куни Германия деҳқонлари иттифоқи (DBV) томонидан ташкил этилган норозилик ҳафталиги бошланди. Бу ҳақда ”Deutsche Welle” хабар берди.
Фермерлар ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги субсидияларини қисқартиришига қарши норозилик билдирмоқда. Умуман олганда, бутун Германия бўйлаб фермерларнинг 100 дан ортиқ норозилик намойишлари режалаштирилган.
Деҳқонлар ушбу чиқишлари доирасида тракторлар билан йўлларни тўсиб қўйишни мўлжаллаётгани сабабли кўплаб ҳудудларда транспорт муаммолари кутилмоқда. DBV раҳбари Йоахим Руквид немис аҳолисини юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлардан огоҳлантирди.
"Биз норозилик намойишимизни тинч ва демократик тарзда ташкил қилмоқчимиз. Лекин биз тракторларда саёҳат қилганимизда, бу муқаррар равишда йўл ҳаракати бузилишига олиб келади", дейди у.
Қайд этиш жоизки, немис фермерлари ўтган йилнинг декабрь ойидан бери оммавий норозилик намойишлари уюштирмоқда. 2024 йилда бюджетни тежаш доирасида фермерлар дизель ёқилғиси учун чегирмалардан ва солиқ имтиёзларидан маҳрум бўлиши керак эди. Германия Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, бу чора ҳар йили бюджетдан 480 миллион евро тежашга ёрдам беради.
Кейинчалик Германия Вазирлар Маҳкамаси ўз режасига тузатиш киритди. Имтиёзларни тўлиқ ва бир вақтнинг ўзида эмас, балки аста-секин ва қисман бекор қилишга қарор қилинди. Бироқ DBV қишлоқ хўжалиги сектори учун режалаштирилган солиқ оширилишини қабул қилмасликларини таъкидлаш учун ўз норозиликларини тўхтатмади.
"Бу режалар кун тартибидан олиб ташланиши керак. Биз ўз фикримизни ўзгартирмаймиз", деб таъкидлайди Руквид.
Бир неча кун олдин фермерлар паромда вице-канцлер Роберт Хабекни тўсиб қўйди. Сиёсатчи таътилдан қайтаётганида уни искала олдида ғазабланган намойишчилар кутиб олди. Хабек ўз вакиллари билан суҳбат қуришни таклиф қилди, аммо фермерлар унинг таклифини рад этди. Полиция паромни блокдан чиқариш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.
Германия ҳукумати воқеани кескин қоралади. Ўз навбатида, Германия Ички ишлар вазирлиги ўнг қанот кучларининг фермерларнинг норозилик намойишларидан ўз мақсадларида фойдаланишга уринишларидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси