Эбола балоси: Конгода касалланганлар сони 5 мингдан ошди
Олам
−
20:09 294 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси тобора кучаймоқда. Мамлакатда вирус билан касалланганлар 5021 нафарга етди. Вирус оқибатида 2378 киши вафот этди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатдаги Эбола эпидемияси жорий йилнинг июль ойи охирида қайд этилган ҳолатлар сони бўйича Конго тарихидаги энг йирик эпидемияга айланган. Ҳозирги эпидемия дунё миқёсида ҳам 2014-2016 йилларда Ғарбий Африкада юз берган эпидемиядан кейинги энг йирик Эбола эпидемияси ҳисобланмоқда.
Вазиятни мураккаблаштираётган омиллардан бири эса касалликнинг Бундибугио штамми билан боғлиқлиги ҳисобланади. Ҳозирча ушбу вирус турига қарши тасдиқланган ваксина ёки даволаш усули мавжуд эмас.
Эпидемияга қарши курашда эса соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, аҳолининг қаршилиги, мамлакатдаги беқарор вазият ва тиббиёт ходимларининг норозиликлари қийинчилик туғдирмоқда. Бу омиллар касалланганларни аниқлаш ва эпидемияга тезкор жавоб бериш имкониятларини чекламоқда.
Маълумот учун, Эбола вируси одамларга ёввойи ҳайвонлардан юқиб, кейинчалик касалланган шахсларнинг қони ва бошқа биологик суюқликлари орқали тарқалади. Касаллик иситма, ҳолсизлик, мушак оғриғи, бош оғриғи, қусиш ва диарея каби аломатлар билан намоён бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида тарқалган Эбола эпидемияси оқибатида камида 2 325 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат Жамоат саломатлиги институти маълумотига кўра, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 4 945 нафарга етган.
Live
БарчасиИрина Мудра қўлга олинди
21:15