E-Saylov: МСК ва ОАВлар ўртасидаги жараёнлар соддалаштирилмоқда
Жамият
−
13 Сентябрь
1619Бугун, 13 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан “Янгиланган сайлов қонунчилигига кўра сайловларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ОАВ вакилларининг иштироки масалалари” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди. Унда республикада фаолият олиб борувчи оммавий ахборот воситаларининг 100 га яқин вакиллари иштирок этди.
Ўқув-амалий машғулотлардан кўзланган мақсад сайлов жараёнларини ёритишда иштирок этувчи ОАВ вакилларига янгиланган сайлов қонунчилигининг муҳим жиҳатларини тушунтириш, шунингдек, сайлов жараёнларини рақамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган “E-Saylov” ахборот тизимидан фойдаланиш тартиб-тамойиллари ва овоз бериш жараёнларида амалга оширилган бир қанча ўзгартиришлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Машғулотларни очиб берган Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров янгиланган сайлов қонунчилигига кўра, сайловларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари симуляцион сайлов участкасида амалий кўникмалар мисолида тушунтириб ўтди. Шунингдек, номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби, ОАВ вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир ахборотлар берди.
“Сайловчиларда фикр шакллантириш керак. Албатта, бу фикрни шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Нафақат сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти билан, балки ОАВ орқали ҳам сайловчиларда овоз бериш учун эркин танлов шакллантириш зарур. Уларни фақатгина овоз беришдан эмас, сайлов тушунчаси, сайлов жараёни, сайловчининг ва номзодларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳоказолардан бохабар қилиш керак”, деди Баҳром Кучкаров сўзининг сўнгида.
Бўлиб ўтган семинарда ҳам юқорида санаб ўтилган мавзулар кўтарилди. Улар юзасидан савол-жавоблар ташкиллаштирилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда илк бор сайловлар соҳасида янги жорий этилган “E-Saylov” ахборот тизимининг имкониятлари ва ундан фойдаланишга доир маълумотлар ва муҳим тавсиялар бериб ўтилди.
Таъкидланганидек, “E-Saylov” ахборот тизими сайлов жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш, сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракатини қисқартириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, сайловларга оид маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
“E-Saylov” ахборот тизими орқали сайлов жараёнларига оид деярли 60 турдаги муносабатлар тўлиқ рақамлаштирилди. Ушбу жараёнлардан бири бу – ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, сайловларда ОАВ вакилларини аккредитация қилиш масаласи илк бор электрон шаклда амалга оширилади. Шу муносабат билан “E-Saylov” ахборот тизимидаги аккредитацияга оид имкониятлар ОАВ вакилларига батафсил онлайн тарзда тушунтириб берилди.
“E-Saylov” ахборот тизими орқали жорий этилган аккредитация қилиш тартиби сайловларнинг янада очиқлигини ва унда ОАВ иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида сезиларли даражада соддалаштирилди. Хусусан, аккредитация учун ариза беришда қуйидаги 3 турдаги ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмаслиги семинарда қайд этилди:
- ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
- ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
- ходимнинг электрон фотосурати.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, ОАВнинг ҳар бир вакилларининг мандатлари тизим орқали электрон тарзда шакллантирилади.
Шу билан бирга, семинарда “E-Saylov” ахборот тизимининг яна бир муҳим жиҳати – ОАВ вакилларига сайлов кампанияси даврида сайловга оид зарур ахборотлар ҳақида SMS-хабарномалар юбориб турилиши маълум қилинди.
Мунозара тарзида бўлиб ўтган семинар-тренингларда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга Марказий сайлов комиссияси экспертларидан батафсил жавоб олди.
Шунингдек, семинар ташкилотчилари келгусида бўлиши кутилаётган овоз бериш жараёнларига киритилган ўзгартиришларни ОАВ вакилларига амалий кўрсатиб берди. Жумладан, эндиликда сайлов бюллетенлари тўртта турли хил ранглардан иборат бўлади. Бу эса овоз санаш жараёнларини янада осонлаштиради. Аввал бюллетень қутиси олдида ҳеч қандай назоратчи бўлмаган бўлса, бу йилги овоз бериш жараёнида шу вазифани бажарувчи шахс бириктирилади.
Билдирилишича, жорий йилнинг 4 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, бир неча марта сайлов бюллетенини берганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенини берганлик учун жавобгарлик белгилангани эслатиб ўтилди.
Райҳона Улканбоева
LiveБарчаси