“Ё очлик, ё ўлим”. Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари жиноят сифатида баҳоланиши мумкин

Олам

image

Исроил армиясининг Ғазо секторидаги тинч аҳоли, хусусан ёрдам олиш учун тўпланган фаластинликларга қарши уюштирган ҳужумлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид бўлиб, оғир уруш жиноятлари сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк маълум қилди.

Тюрк ўз баёнотида Ғазодаги инсонпарварлик ёрдамини тарқатиш пунктларига уюштирилган ҳужумларни кескин қоралаб, бу воқеалар бўйича зудлик билан холис ва мустақил тергов ўтказилиши, айбдорлар жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бир бурда озиқ-овқат олиш учун ҳаётини хавф остига қўйган фаластинликларга нисбатан бу қирғинли ҳужумлар – юраксизлик намунасидир.

Комиссарнинг қайд этишича, Ғазо аҳолиси фожиали танлов олдида қолмоқда – очликдан ўлиш ёки ёрдам олишга уринганида ўлдирилиш. У Исроилни инсонпарварлик ёрдамининг тарқатилишини атайлаб тўсаётганликда айблаб, бу каби хатти-ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ доирасида уруш жинояти сифатида тан олиниши мумкинлигини айтган.

“Йигирма ойдан буён тинч аҳолининг ўлдирилиши, оммавий вайронагарчиликлар, мажбурий кўчиришлар, Исроил раҳбарияти томонидан камситувчи риторика, оммавий эвакуация таҳдидлари ва аҳолини очликка маҳкум этиш уринишлари – буларнинг барчаси халқаро ҳуқуқдаги энг оғир жиноятлар тоифасига киради”, деган Тюрк.

У шунингдек, БМТнинг Халқаро суди 2024 йилда Исроилдан Ғазодаги фаластинликларга озиқ-овқат, ичимлик суви, электр, ёқилғи, бошпана, кийим-кечак, гигиена воситалари ва дори-дармон етказилишини таъминлаш учун чоралар кўришни талаб қилган қарорини эслатган. Тюркнинг таъкидлашича, бу қарорга амал қилмасликка ҳеч қандай баҳона йўқ.

Маълумот учун, жорий йилнинг 27 майидан бери Исроил армияси Ғазо секторидаги ёрдам тарқатиш пунктларига мунтазам ҳужумлар уюштирмоқда. Масалан, 1 июнь куни ёрдам пунктларига икки маротаба уюштирилган ҳужум оқибатида 32 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 232 киши жароҳат олди.

Исроил армияси ҳам Ғазодаги ёрдам марказларидан бирида ёрдам кутаётган фаластинликларга қарата ўт очилганини тан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил Ғазо ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг