Дуров Парижни Руминиядаги сайловларга аралашишда айблади
Олам
−
19 Май 3150 3 дақиқа
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров расмий Парижни Руминиядаги сайловларга таъсир ўтказишга уринишда айблади. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзди.
“Ғарбий Европа ҳукумати (тахмин қилинг, қайси?) бугунги президентлик сайловлари олдидан Руминиядаги консерватив овозларни ўчиришни сўраб, Telegram'га мурожаат қилди. Мен қатъиян рад этдим. Telegram руминиялик фойдаланувчиларнинг эркинликларини чекламайди ёки уларнинг сиёсий каналларини блокламайди.
Сиз демократияни йўқ қилиш орқали “демократияни ҳимоя қила олмайсиз”. Сиз сайловларга аралашиш орқали “сайлов аралашувига қарши кураша олмайсиз”. Сизда сўз эркинлиги ва адолатли сайловлар бор бўлиши мумкин ёки йўқ. Руминия халқи эса иккаласига ҳам муносиб”, деб ёзди Дуров.
Унинг ёзишича, жорий йил баҳорда Париж шаҳрида жойлашган Hôtel de Crillon'даги Salon des Batailles'да француз разведкаси раҳбари Николас Лернер Дуровдан сайловлар олдидан Руминияда консерватив овозларни тақиқлашни сўраган. У эса бу талабни рад этган.
“Биз Россия, Беларусь ёки Эрондаги намойишчиларга тўсқинлик қилмадик. Биз буни Европада қилишни бошламаймиз”, деди Telegram асосчиси.
Расмий Париж эса бу айбловларни қатъиян рад этди ва барчани масъулият ва Руминия демократиясини ҳурмат қилишга чақирди.
“Telegram ва Twitter'да Франциянинг Руминиядаги президентлик сайловларига аралашуви бўйича мутлақо асоссиз айбловлар тарқалмоқда. Франция бу айбловларни рад этади”, дея баёнот берди Франция Ташқи ишлар вазирлиги.
Франция ТИВнинг эслатишича, ўтган декабрь ойида Руминияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг биринчи босқичи Россия билан боғлиқ бўлган актёрларнинг жуда реал рақамли ва молиявий аралашуви оқибатида Руминиянинг ваколатли органлари томонидан суверен равишда бекор қилинган. Кейинчалик Руминия расмийлари ва Европа Комиссияси томонидан олиб борилган кейинги текширувлар ушбу аралашувларнинг жиддийлигини, жумладан TikTok алгоритмини манипуляция қилиш билан боғлиқлигини тасдиқлаган.
“Шу нуқтаи назардан, Францияга қарши сўнгги айбловлар Руминияни нишонга олган ҳақиқий аралашув таҳдидларидан чалғитувчи манёврдир. Франция Руминиянинг барча сиёсий иштирокчиларини масъулиятни ҳис қилишга ва демократияни ҳимоя қилишга чақиради.
Ҳамкор ва дўст сифатида биз Франция Руминиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши, ислоҳотлари, Шенгенга кириши ва тараққиёти учун тарафдор бўлганини эслаймиз.
Франция ҳақида ёлғон гапириш, уни ҳақорат қилиш бу тарихни бузишдир”, дейилади ТИВ баёнотида.
Шу билан бирга, Руминия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам овоз беришда “Россия аралашуви аломатлари”ни сезганини эълон қилди. Вазирлик “Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларда сохта янгиликларнинг вирусли кампанияси олиб борилганини” таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, Францияда Дуровга нисбатан тергов кетмоқда. У ўтган йили 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган. Унга ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришдан бош тортиш, вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини сақлашга шериклик, гиёҳванд моддаларни тарқатишда иштирок этиш, хакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш каби айбловлар қўйилган.
28 август куни Дуров Парижда ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарти қўйилди.
Жорий йилнинг 13 март куни Франция суди томонидан Дуровга мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат берилди ва у Дубайга кетди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 май куни Руминияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Бухарестнинг либерал-прогрессив мэри Никушор Дан ғалаба қозонганди.
Live
Барчаси