Дуров Путинга кeракми?
Таҳлил
−
26 Август
20135Сайёрамиз ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ахборот асрига аста-секин қадам қўя бошлади. Шу ва интернетнинг оммалашуви каби омиллар асримиз бошида ижтимоий тармоқларнинг бирин-кетин пайдо бўлишига йўл очди. Дастлаб, минглаб, кейинчалик миллионлаб, бугун эса миллиардлаб дунё аҳолиси учун виртуал уйга айланган бу инструмент ва унинг тепасидагилар ҳукуматлар ва сиёсий раҳбарларнинг эътиборидан тушмай келади. Бугунги қаҳрамонимиз Telegram ва ВКонтакте каби гигант платформаларга асос солган ҳолда Шарқий дунё учун алоқа майдони ташкил қилган Павел Дуров ҳам шулар жумласидандир. Ортда қолган соатлар ичида унинг Францияда қўлга олиниши дунёдаги можаролар ва урушлар мавзусини бир муддатга пардалаб, миллионлаб, балки миллиардлаб инсонлар эътиборини айнан унга қадалишига сабаб бўлди. Қуйида эса Павел Дуров ва унда мавжуд куч, унинг Россия учун аҳамияти ҳамда Кремль билан узоқ йиллик зиддиятли муносабатлари ҳақида сўз юритилади.
Шов-шувли қўлга олиниш
Telegram асосчиси ва бош директори Павел Дуров 24 август куни кечки пайт Франциянинг Ле Бурже аэропортида бир неча айбловлар билан ҳибсга олинди. Айрим оммавий ахборот воситаларига кўра, Павел Дуровнинг Францияда ҳибсга олиниши махсус хизматларнинг “Париждаги кечки овқат” номли тезкор операцияси натижаси бўлиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад эса Россиянинг ахборот имкониятларини заифлаштириш ва АҚШнинг тарғибот-мафкуравий ва разведка аппарати назорати остидаги ижтимоий тармоқларнинг салоҳиятини ошириш эканлиги қайд этилмоқда. Дуров июнь ойида ўзининг Telegram каналида Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюриш ниятини билдирганди. Ундан кейин Озарбайжон, Покистон, Бангладеш, эҳтимол Афғонистонга бориши ҳам режалаштирилганди. Аммо унинг Шарқ мамлакатларига қилган ўзига хос турнесининг сўнги манзили Озарбайжон ва унинг пойтахти Баку бўлди. Ўша ерда Дуров Озарбайжонга давлат ташрифи билан борган Президент Путин билан учрашиши ҳақида гап-сўзлар тарқади. Миш-мишларга кўра, Путин бу учрашувни рад этган. Бакудаги ташрифдан сўнг, Дуровнинг шахсий самолёти шартли равишда Карачи ёки Дакканинг ўрнига Парижга йўл олган. Шу ўринда эса айрим тахмин ва миш-мишлар болаламоқда. Баъзи нашрлар Дуров аслида ростданҳам Покистонга боришни режалаштирган, бироқ унинг учувчилари Ғарб махсус хизматлари томонидан сотиб олинганини даво қилмоқда. Бунга асос қилиб эса тунги парвоз вақтида парвознинг қайси йўналишда амалга оширилаётганини кузатиш имконсиз эканлиги айтилмоқда. Чегарадан ўтиш масаласида эса, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва Франция хизматлари тегишли чораларни амалга оширган ҳолда Дуровни ҳибсга олган. Аммо Павел Дуровнинг парвози ҳақидаги бу тахминлар ҳали бирон бир расмий доиралар томонидан тасдиқланганича йўқ. Шундай бўлишига қарамай, яқин ортда қолган вақт давомида Дуров ўзининг кам сонли интервюларида АҚШ Телеграмни назоратга олишга интилаётгани ва Telegram ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмаслиги тўғрисида сўз очганди. Айни дамда Telegram асосчисига терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, Telegram’да педофилияга асосланган контентларни сиздирилиши сингари бир қатор айбловлар қўйилган. Мутахасисларга кўра эса бу айбловлар билан Дуров Францияда 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. У ўз платформасида ҳеч қандай чора кўрмай ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилмасдан, сон-саноқсиз қонунбузарликлар ва жиноятларга йўл қўйганлиги даво қилинмоқда. Бу ўринда эса Дуров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилмагани унинг ҳибсга олинишида асосий нохолис омил эканлиги кўпчилик томонидан такидланмоқда.
Ҳибсга олиниш қонунийми?
Аслида Дуровнинг жавобгарликка тортилиши Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни тамойилларига мос келади. ТАСС ахборот агентликнинг хабарига кўра, ЕИнинг “Рақамли хизматлар тўғрисидаги” қонунида ижтимоий тармоқ ёки интернет-платформа оператори унда жойлаштирилган ҳар қандай контент учун жавобгар ҳисобланади. Аммо бу жавобгарлик шахсий ёки жиноий эмас балки фақатгина соф иқтисодий тарзда юкланиши лозимлиги айтилмоқда. Бу ҳолатда эса қамоқ жазоси ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас ва Дуровнинг Telegram’и бу ишлар юзасидан айбдор деб топилиб, жавобгарликка тортилган тақдирда у фақатгина жарима билан жазоланиши лозим. Telegram раҳбарияти эса платформа ёки унинг эгаси ушбу платформадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаънилик деб ҳисоблади. Платформа раҳбарияти ушбу ҳодисага расмий муносабат билдирар экан, компания Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга ҳам сўзсиз амал қилишини таъкидлади.
“Telegram Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга амал қилади – унинг модерацияси соҳа стандартларига жавоб беради ва доимий равишда такомиллаштирилади. Компаниямиз Бош директори Павел Дуров тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади ва унинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ. Платформадаги суиистеъмолликлар учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар, деб даъво қилиш бемаъниликдир”, дейилган компания баёнотида.
Таништирувга хожат йўқ Дуров
Павел Валеривич Дуров 1984 йилда Россиянинг Санк-Петрбург шаҳрида туғилди. Россияда туғилишига қарамай, отаси Валерий Дуровнинг иши сабаб болалигининг кўп қисмини Туринда ўтказган. Қизиғи шундаки, техно-магнат олий таълимни Петербург давлат университетининг Филология факультетида олган. Дуровнинг саргузаштлари айнан университет йилларида бошланганди. 2006 йилда Facebook дунё бўйлаб оммалшишга улгурган ва бу соҳадаги мустаҳкам етакчи айланганди. Россия учун Facebook каби ижтимоий тармоқ платформаси ишлаб чиқиш бўйича суҳбатлар ва мақсадлар пойдевори эса Петербургда эски қадрдонлар Дуров ва унинг синфдоши Вячеслав Мирилашвили томонидан қўйилади. Улар бу ишга яна икки новаторни ҳам жалб қилади. Булар Мирилашивилининг исроиллик синфдоши Лев Бинзумович Левиев ва математика ва дастурлаш бўйича халқаро танловларнинг кўп карра ғолиби Дуровнинг катта акаси Николай эди. Николай Дуров сайтни ишлаб чиқиш ва уни техник жиҳатдан ривожлантириш учун жалб қилинади.
Лойиҳа 2006 йил сентябрь ойида тайёр ҳолга келтирилади ва Дуров уни синов тариқасида ишга туширади. Янги тармоқ 2007 йил 19 январда Россияда хусусий масъулияти чекланган жамият сифатида рўйҳатга олинди. Бу сиз-у биз яхшигина биладиган ВКонтакте эди. Тармоқ фойдаланувчилари қисқа вақт ичида жуда катта тезликда ошиб борди. Уларнинг базаси 2007 йилнинг июлида 1 миллионга, 2008 йилнинг апрелида эса 10 миллионга етди. Ҳатто 2008 йилнинг декабрида ВКонтакте рақиби Одноклассники’ни ортда қолдириб, Россиядаги энг оммабоп ва бир неча миллиард долларлик қийматдаги ижтимоий тармоқ хизматига айланди. Муваффақиятли ВКонтакте’дан сўнг Дуров унданда машҳур ва йирик лойиҳага қўл урди. 2013 йилда Telegram тармоғи оммага тақдим қилинди. Дуров томонидан маҳфийлик сиёсати дунёда тенгсиз дея тарифланадиган Telegram бугун миллиардга яқин фойдаланувчиларни ўз бағрига жамлаган. Айни пайтда Россияда туғилган 39 ёшли миллиардернинг умумий капитали тахминан 15 миллиард долларни ташкил қилади. У бир вақтнинг ўзи Франция ва БАА каби давлатларнинг фуқароси ҳисобланади. Аммо Россиянинг эмас. Буни тарихи эса яна бир узун ҳикояга бориб тақалади.
Путиндан ўксиган Дуров
Путин бошчилигидаги Кремль борган сари автократияга оғишиши эркинликни ўзига приоритет қилган Павелнинг Россиядаги фаолиятини якунлади. Дастлаб, ҳаммаси 2011 йилги Дума сайловларидан сўнг бошланганди. Ўша йили ҳукумат мухолифат сиёсатчиларининг саҳифаларини ўчиришни талаб қилиб ВКонтакте’га босим ўтказди. Дуров эса ўз билганидан қолмади ва унинг ўжарлиги шу масала хусусида ҳатто полиция билан келишмовчилик бўлишигача олиб келганди. Бу ҳукумат ва Дуров ўртасидаги илк тўқнашув эди. Кейинги йиллар эса мазкур тушунмовчиликлар янада кучайди ва ҳукумат ҳамда Дуров ўртасидаги муносабатлар орқага кетди. 2014 йилнинг 1 апрелида Дуров тўсатдан директорлар кенгашига истеъфога чиқиш ҳақида ариза берди. Бунга энг асосий сабаб эса Дуровнинг Украина билан можарода ВКонтакте’ни Россия қўлидаги қурол бўлишига йўл қўймаганлиги эди. 2014 йилнинг 16 апрелида Дуров россияпараст президент Виктор Януковичга қарши украиналик намойишчиларнинг шахсий маълумотларини Россия Федерал хавфсизлик агентлигига топширишдан бош тортади. Бундан ташқари у Кремлнинг ашаддий мухолифати ва Путиннинг ҳақиқий бош оғриғига айланган Алексей Навалнийнинг ВКонтакте’даги саҳифасини блокировка қилишга ҳам рози бўлмайди. У бу ноқонуний топшириқларга мутлақо зид тарзда ҳаракат қилганди. Шу йили 21 апрелда Дуров ВКонтакте бош директори лавозимидан озод этилди. У компанияни амалда Владимир Путиннинг иттифоқчилари эгаллаб олганини айтди ва унинг ишдан бўшатилиши ҳам фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига беришдан бош тортгани ортидан содир бўлди. Шундан сўнг Дуров Россияни тарк этиб, “орқага қайтиш нияти йўқлигини” ва “ҳозирда мамлакат интернет-бизнесига тўғри келмаслигини” айтган. Кремль Дуровдек нодир топилмани шу тарзда ўз қўли билан йўқ қилганди. Дуров Россияни тарк этгандан сўнг уни қайтариш учун расмий Москва бирон бир жиддий ҳаракатларни амалга оширгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо Россия ҳукуматида мухолифат кўринишидаги ЛДПР партияси раиси, Кремл жарчиси мақомида узоқ йиллар фаолият олиб борган марҳум Владимир Жириновский Дуровни ортга қайтишга чақирган. У ўз мурожаатида Telegram асосчисини Facebook эгаси Марк Цукерберкга таққослаган ва унинг ҳар хил мамлакатларда кўчиб юришини танқид қилиб, ўз уйига қайтиши лозимлигини айтган. Бу Дуровни қайтариш учун Россия расмийлари томонидан қилинган кам сонли тариқчалик ишлардан бири эди.
Кремль нега хавотирда?
Павел Дуров 2013 йилда Telegram’ни ишга туширган ва 1 йил ичида платформа 35 миллион фойдаланусвчига эга бўлганди. Узоқ йиллар давомида Telegram’нинг қамрови фақатгина постсовет ва бази Осиё давлатлари билан чекланди. Аммо 2020 йилга келиб тармоқдаги фойдаланувчилар сони жуда юқори ўсишни кўрсатди. Бу ўша пайтдаги бир қанча ижтимоий тармоқ платформаларидаги хавфсизлик сиёсатига нисбатан кенг кўламдаги ишончсизлик тасирида юзага келганлиги тахмин қилинади. Бугун эса ушбу платформадан 800 миллиондан ортиқ усерлар ўзларининг кунлик мақсадларида фойдаланишади. Унинг қамрови эса нафақат Осиё ва Европанинг кўплаб давлатлари, балки океан ортига етиб борганига анча бўлди. Айни шароитда эса Telegram АҚШ расмийларининг эътиборига тушган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмасди. Бир қанча ижтимоий тармоқлар асосчиси бўлишига қарамай тармоқда камнамо бўлган Дуров, Такер Карельсон билан бўлган интервюда АҚШ хавфсизлик тизимлари Telegram устидан назорат ўрнатишга уринаётганини ошкор қилганди. Юқорида айтганимиздек, унинг қўлга олиниши ортида шундай мотив ҳам бор бўлишини инкор қилиб бўлмайди. Назорат остида бўлиш ва бошқарилишга умуман мойил бўлмаган Дуров, айнан манашундай босимлар остида Россияни тарк этганди. Павел Дуров Россияни тарк этгач, Telegram штаб-квартираси сифатида Дубайни танлади. У 2021 йилда Франция фуқаролигини олган, шунингдек, унда Бирлашган Араб Амирликларида ҳам фуқаролиги борлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Аммо энг қизиғи, Telegram асосчисининг қўлга олиниши ортидан Россиянинг бу ҳодисага кўрсатаётган реакциясидир. Дуров тунда Ле Бурже аэропортида ҳибсга олинишидан кўп ўтмай, Россиянинг Франциядаги элчихонаси мамлакат ҳукуматидан Павел Дуров иши бўйича тушунтириш беришни талаб қилди. Шунингдек, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, консулликка бу борада тегишли ҳуқуқ беришни ҳам сўраган. Аммо айни пайтда Франция томони бу масалада ўзаро ҳамкорлик қилмаяпти. Улар айни дамда Дуровнинг адвокати билан алоқада эканликлари ҳақида маълум қилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова эса мамлакатнинг Париждаги элчихонаси томонидан Франция Ташқи ишлар вазирлигига Дуров билан консуллик алоқасини талаб қилиб нота юборилганини маълум қилди. Аммо у мазкур масаладаги энг катта муаммо бу – Дуровнинг Франция фуқароси эканлигини ҳам эслатиб ўтди. Россияни бундан 10 йил бурун тарк этиб, бу ерга қайтиб келмаслигини очиқ-ойдин такидлаган ва айни дамда бошқа давлат фуқароси бўлган Павел учун нега расмий Москва бу қадар жон куйдирмоқда? Бу саволга 2021 йилдан – “Транспорт технологияларини ривожлантириш маркази” автоном нотижорат ташкилоти бош директори, Ecolibri муҳандислик-лойиҳалаш маркази маслаҳат кенгаши раиси Алексей Рогозин маълум маънода жавоб бергандай бўлди. Унинг такидлашича Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши Россия Қуролли кучларнинг алоқа бўйича масул раҳбари ҳибсга олиниши билан баб-баробар. Рогозинга кўра, Россиядаги айни уруш шароитида барча разведка маълумотлари хусусан, артиллерия нишонлари корректировкаси, видеооқимлар ва кўплаб маълумотлар Telegram воситасида олинмоқда. Бундан ташқари Россияда давлат амалдори ва барча расмийларга Telegram ижтимоий тармоғидаги расмий ёзишмаларни ўчириш бўйича кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалди. Манбаларга кўра, бундай буйруқ қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, Президент маъмурияти ва Россия ҳукумати ходимларига келган. Бундан ташқари, бундай кўрсатма Россия Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали қўмондонлари, шунингдек, айрим йирик тадбиркорларга ҳам берилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Telegram биз ўйлаганчалик мустаҳкам хавфсизликка эга бўлмаслиги мумкин, аммо унга бутун Россия хавфсизлик тизими ва мудофааси шунчалик боғланган экан, демак Дуров ва унинг энг кучли қуроли бўлган Telegram’га Кремлда яхшигина эҳтиёж бор. Буни унинг ҳибсга олиниши Россия мулозимларини анчагина “типирчилатганидан” осонгина англаш мумкин.
LiveБарчаси