Дунё футболида илк бор қора карточка жорий этилди

Спорт

image

Руминия футбол федерацияси (FRF) дунёда биринчи бўлиб қора карточкани жорий этди. Ушбу чора ёшлар жамоалари ўйинларида ота-оналар ва томошабинларнинг номақбул хатти-ҳаракатларига қарши курашиш мақсадида қўлланилади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берди.

Янги қоида маҳаллий мавсум бошидан 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги мусобақаларда кучга киради.

Қора карточка томошабинларнинг хатти-ҳаракатлари сабабли учрашувнинг муддатидан олдин якунланишини англатади. Бунда ҳакам аввал ўйинни тўхтатиб, мураббийлардан мухлисларга мурожаат қилишни сўрайди.

Агар қоидабузарликлар давом этса, жамоалар 10 дақиқага кийиниш хонасига юборилади. Учрашув қайта бошланганидан кейин ҳам номақбул хатти-ҳаракатлар такрорланса, ҳакам қора карточка кўрсатади ва ўйинни муддатидан олдин якунлайди.

“FRF’нинг позицияси аниқ: болалар трибунадаги катталарнинг амбициялари, босими ёки норозилиги қурбонига айланмаслиги керак. Қора карточка томошабинлар ёки ота-оналарнинг номақбул хатти-ҳаракатлари туфайли ҳакамга ўйинни муддатидан олдин якунлаш учун визуал сигнал бўлиб хизмат қилади. Бундай хатти-ҳаракатлар нафақат ўйинни бузади, балки болалар ва бутун жамоага бевосита таъсир қилиши мумкин”,  дейилади федерация баёнотида.

Ушбу тартиб ота-оналар ва томошабинлар томонидан болалар, мураббийлар, ҳакамлар, учрашув расмийлари ва бошқа мухлисларга нисбатан оғзаки ҳақорат, қўпол сўзлар, жанжал, туртиш ва бошқа тажовузкор хатти-ҳаракатлар содир этилган ҳолатларда қўлланилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг