Дуров Қозоғистонга сафари ҳақида ёзди
Олам
−
15 Июль
954420 миллион қозоғистонликнинг 12,5 миллиони ҳозирда Telegram’дан фойдаланмоқда. Бу ҳақда платформа асосчиси Павел Дуров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Яқинда Марказий Осиёнинг иқтисодий қудрати бўлган Қозоғистондан қайтдим. Муҳташам Остона, жўшқин Олмаота, хушманзара Бурабай ва гўзал Чорин канёнига ташриф буюрдим. Қозоғистоннинг гўзаллиги билан фақат унинг амбициялари рақобатлаша олади”, дейди Дуров.
Дуровнинг таъкидлашича, 20 миллион қозоғистонликнинг 12,5 миллиони ҳозирда Telegram’дан фойдаланмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.
“Биз қозоқ халқи учун асосий мулоқот платформаси бўлиб хизмат қилишдан фахрланамиз ва унинг жадал иқтисодий ҳамда рақамли трансформациясини тезлаштирадиган восита бўлиб қолишга умид қиламиз”, дейди Дуров ўз хулосасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Павел Дуров Ўзбекистонга сафари ҳақида ёзиб, 37 миллионлик мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи Telegram платформасидан фойдаланиши ва уларнинг бутун бир иқтисодиёти ушбу платформада олиб борилишини билдирганди.