Дунёнинг янги “xўжайини”. Хитой АҚШ ва Россияни қандай тиз чўктирди?

Таҳлил

Reklama
0:00

Хитой дунёни эгалляпти. Бунинг учун у қаергадир ҳужум қилмаяпти, ракеталар ёки танклардан фойдаланмаяпти, шунчаки мияни ишлатяпти. "Қарз тузоғи дипломатияси" сабаб ҳатто қўшни Тожикистон ҳам Сингапур давлатига иккита келадиган ўз ерларини Хитойга ўтказиб берди. Хитой шу даражага етдики, бир пайтлар уни синдириш учун санкциялар жорий қилган Трамп мақсадига эришиш учун АҚШнинг энг йирик тадбиркорларини ҳам олдига солиб Си Цзиньпин ҳузурига келяпти. Дунёнинг яна бир қудратли давлати сифатида кўриладиган Россия ҳам чин ўлкасига нажот излаб келди. Булар шунчаки тасодиф деб ўйлайсизми? Йўқ! Ер юзининг биринчи рақамли мамлакати номини олиш учун АҚШ ва Россия йиллар давомида турли жабҳаларда курашган бўлса-да, бугун ҳар икки мамлакат етакчиси Си Цзиньпин олдида илтифот билан кулиб туришга, делегациясига энг зўрларини йиғиб келишга мажбур бўлаётган экан, дунё лидери ким деган саволга жавоб излаш шартмасдек кўриняпти. Хитойнинг ривожланиши алоҳида ўрганилиши керак бўлган мавзудир. Шу сабаб бугунги мавзуга қўл урдик.

Журналист сифатида ҳар бир қилинган иддаога факт кўрсатиш касбий мажбуриятимдир. “Хитой дунёни эгалляпти” деган гапни ҳам шунчаки хитойча ёзилган реклама баннерлари кўпайгани ёки хитойликлар сони ошаётгани учун айтмаяпмиз. Сўзимизга исботни рад этиб бўлмас фактлар занжири, иқтисодий қарамлик хариталари ва глобал миқёсдаги бошқарув ричаглари орқали кўрсатамиз.

1-Исбот: Хитой дунё иқтисодиётини қамраб олган

“Made in China” ёзувини кўрганида айримларнинг хаёлига арзон ва нисбатан сифатсизроқ маҳсулотлар келиши мумкин. Аммо реал ҳаётда ҳам шундайми? Йўқ. Масалан, Хитойда ишлаб чиқиладиган жуда кўп товарларга “Made in …” деб кўпгина ривожланган давлатларнинг номи ёзилади. Уларнинг орасида кўпчилик учун обрў манбаига айланган Айфонлар ҳам бор. Дунёдаги энг йирик Айфон заводи Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳрида жойлашган бўлиб, уни иқтисодчилар "Айфон City" деб атайди. Бу ерде бир кунда 500 мингдан ортиқ “Айфон” йиғилади. Смартфон таркибидаги бутловчи қисмларнинг, яъни камералар, аккумуляторлар, шиша панеллар ва корпусларнинг камида 50 фоизи тўғридан-тўғри Хитой ичидаги етказиб берувчилар томонидан ишлаб чиқарилади. Apple бутун ишлаб чиқаришини Ҳиндистон ёки Вьетнамга кўчирмоқчи бўлаётгани ҳақида кўп гапирилади. Лекин иқтисодий таҳлиллар шуни кўрсатадики, агар Хитой заводлари бутунлай тўхтаса, Apple занжири узилади. Чунки микроскопик винтлардан тортиб, экран моделларигача бўлган минглаб детал етказиб берувчилар фақат Хитойда. Яъни агар Хитой бу ўйиндан чиқса, Айфон ishlab chiqarish 90 фоизга тўхтаб қолади.

Бугун Ғарб Tesla, BMW, Mercedes электромобилларига ўтиш орқали экологияни қутқармоқчи ва келажакни бошқармоқчи. Бироқ, уларда битта катта аҳамиятга эга факт бор! Хитойсиз битта ҳам электромобиль жойидан жила олмайди. Сабабини тушунтираман.

Электромобиль таннархининг 40 фоизини унинг батареяси ташкил қилади. Дунёдаги литий-ионли батареялар ишлаб чиқариш қувватининг 75 фоиздан ортиғи Хитой ҳисобига тўғри келади. CATL ва BYD компаниялари дунёни батарея билан таъминлайди. Яна Хитойнинг қўлида ноёб металлар монополияси ҳам бор. Батарея ва электромобиль моторлари учун энг муҳим материаллар — литий, кобальт, графит ва нодир ер элементларидир. Хитой дунёдаги графитнинг деярли 70 фоизини қазиб олади ва дунёдаги нодир ер металларини қайта ишлашнинг 90 фоизини мутлақ назорат қилади. Тушуняпсиз-а? Илон Маск ёки Ғарб автогигантлари қанчалик миллиардер бўлишмасин, Хитой ўз заводларини ёпса ёки металлар экспортига чеклов қўйса, дунёда электромобиль саноати тақа-тақ тўхтайди. Қаранг, Хитой қай даражага етган. Ҳали Илон Маск қарамлигига яна қайтамиз.

Хитойнинг кучини кўрсатадиган энг даҳшатли ва кўпчилик билмайдиган яна бир соҳа бор — тиббиёт! Ғарб ўзининг замонавий шифохоналари ва дорилари билан мақтанса-да, уларнинг хомашёси Хитойдан келади. Дорининг асоси ҳисобланган ва унга шифобахш хусусият берувчи кимёвий моддаларнинг дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчиси Хитойдир. АҚШ ва Европа Иттифоқида сотиладиган энг оммабоп дорилар — антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи воситалар ва қон босимига қарши дори хомашёсининг 80 фоизи Хитойдан импорт қилинади.

Хитой заводлари бор-йўғи бир неча ҳафтага дори асосларини етказишни тўхтатса, Ғарб касалхоналари дори-дармонсиз қолади. Оддий операциялар асоратли инфекциялар сабабли ўлим билан якунланиши мумкин. Бу шунчаки иқтисодий инқироз эмас, гуманитар ҳалокатга олиб келади. Тушуняпсиз-a? Давом этамиз.

Дунёда инфратузилма ва қурилишни Хитой металлургиясисиз тасаввур қилиб бўлмаслигини навбатдаги факт сифатида қабул қилишингиз мумкин. Хитой дунёдаги жами пўлат ва цементнинг 50 фоиздан ортиғини якка ўзи ишлаб чиқаради. Ғарбдаги осмонўпар бинолар, кўприклар ва йўлларнинг таннархи Хитой металлининг нархига тўғридан-тўғри боғлиқ. Келажак энергияси ҳисобланган қуёш панелларининг дунё бўйича 80 фоиздан ортиғи Хитойда тайёрланади. Ғарб "яшил энергия"га ўтиш стратегиясини тўлиқ Пекиндан сотиб оляпти.

Ғарб сиёсатчилари минбарларда туриб Хитойга санкциялар қўллаш, иқтисодий алоқаларни узиш ҳақида чиройли нутқлар сўзлашади. Аммо бу шунчаки сиёсий риторика. Ҳақиқат шундаки, Хитой замонавий дунё цивилизациясининг пойдеворига ўзининг 'иқтисодий михлари'ни шундай чуқур қоққанки, уларни суғуриб олиш пойдеворнинг ўзини қулашига олиб келади. Дунё Хитойда йиғилган телефондан фойдаланяпти, Хитой металлидан қурилган уйларда яшаяпти, Хитой хомашёсидан тайёрланган дорилар билан ер аҳли даволаняпти. Бугун дунёнинг 'Юраги' Америкада ёки бошқа бир гигант давлатда ураётгандек кўриниши мумкин, аммо энди сиз жуда кўп нарса Пекинга боғлиқ эканини биласиз.

2-исбот: Глобал қарз қопқони

Бугунги кунда Хитой дунёнинг энг йирик расмий кредиторига айланиб улгурди. У Жаҳон банки ва Халқаро Валюта Жамғармасини биргаликда қўшиб ҳисоблагандан ҳам кўпроқ қарз тарқатган ва бу пул оқими дунёнинг 150 га яқин давлатини ўз ичига олган "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида ҳаракатланади. Шартномаларнинг майда ҳарфларида яширинган бандлар эса вақти келиб давлатларнинг суверенитетини бўлаклаб юборишга хизмат қилади. Ҳатто давлатлар пулларни қайтаролмай ўз ерларини Хитойга ўтказиб беряпти. Шу ўринда сизни “нега айнан Хитойдан қарз олишади” деган савол ўйлантиргандир. Бунга ҳам жавоб тайёр.

Тасаввур қилинг, бир камбағалроқ ёки ривожланаётган давлатда янги темир йўл, улкан кўприк ёки электр станцияси қуриш керак, лекин хазинада пул йўқ. Табиийки, улар молиявий кўмак қидириб халқаро майдонга чиқади. Бу ерда уларни икки хил йўл кутиб туради. Агар улар Ғарб давлатлари ёки Халқаро Валюта Жамғармаси эшигини қоққудек бўлса, у ердагилар пул беришдан олдин юзлаб оғир шартларни кўндаланг қўяди. Давлатингда коррупцияни йўқот, матбуотга эркинлик бер, давлат харажатларини қисқартир, қонунларингни шаффоф қил ва ҳоказо. Талабларни бажариш ва текширишлар йиллаб чўзилиши мумкин. Айнан мана шу босқичда саҳнага Хитой кириб келади. Пекин ғоят ақлли ва жозибадор оҳангда таклиф беради. "Бизга сизнинг ички сиёсатингиз, инсон ҳуқуқлари ёки мамлакатингиздаги коррупция даражаси қизиқ эмас. Биз ҳамкорликка тайёрмиз, мана сизга сўраган миллиардлаб долларларингиз, мана бизнинг тайёр қурувчиларимиз, ишни бошлаймизми?"

Тузоқ пулларнинг қандай берилишида яширинган. Хитой қарз олувчи давлатнинг қўлига ҳеч қачон нақд пул тутқазмайди. У ўзининг давлат банкларидан пул ажратади, бу пул тўғридан-тўғри Хитойнинг ўзига тегишли улкан қурилиш компанияларига ўтказилади. Кейин эса ўша лойиҳани амалга ошириш учун Хитойдан пўлат, оғир техника ва ҳаттоки минглаб ишчилар келиб, объектни қуриб битказади. Якунда қарз олган давлатга хитойликлар қурган объект қолади ёнида қоғоздаги улкан қарз билан. Пул эса Хитойдан чиқиб, айланиб ўз пойтахтига қайтиб кетади.

Бу жараённинг энг биринчи ва ёрқин қурбони Шри-Ланка бўлди. Мамлакат Хитойдан олган миллиардлаб долларлик қарзларини қайтара олмай қолган лаҳзада, Пекин шартнома шартларини ишга солди. Оқибатда, Шри-Ланка Ҳинд океанидаги энг стратегик нуқтада жойлашган "Ҳамбантота" денгиз портини ва унинг атрофидаги 6 минг гектар ерини Хитойга 99 йилга мутлоқ назорат ва ижарага топширишга мажбур бўлди. Энди у ерда Хитойнинг кўринмас ҳарбий ва иқтисодий базаси шаклланди.

Худди шу сценарий Покистонда ҳам такрорланмоқда. Хитой бу давлатга 65 миллиард доллардан ортиқ сармоя ва қарз киритди.

Эвазига эса Покистоннинг энг муҳим стратегик объекти — Гвадар чуқур денгиз порти 40 йилга Хитой компаниялари бошқарувига ўтди.

Бугун Хитой Яқин Шарқдан сотиб олаётган нефтини АҚШ флоти назорат қиладиган хавфли денгиз йўлларидан эмас, айнан мана шу Гвадар порти орқали қуруқликдан тўғри ўз заводларига олиб кетяпти.

Агар Лаос давлатига қарасак, у ерда вазият янада драматик. Хитой ўз чегарасидан Лаос орқали ўтувчи 6 миллиард долларлик тезюрар темир йўл қурди. Бу рақам кичик Лаоснинг бутун бошли йиллик ялпи ички маҳсулотининг деярли ярмини ташкил қиларди. Давлат қарз ботқоғига ботгач, ўзининг миллий электр тармоқларини, яъни бутун мамлакатнинг энергетика тизимини назорат қилиш ҳуқуқини Хитой давлат компаниясига бериб юбориш орқали жон сақлаб қолди. Африкада эса Замбиянинг мис конлари, Конгонинг электромобиллар учун ҳаёт-мамот ҳисобланган кобальт ва литий конлари аллақочон тўлиқ Пекин қўлига ўтиб бўлган.

Табиийки, кўпчиликни Марказий Осиё мамлакатларининг Хитойдан қанча қарзи борлиги қизиқтиради. Марказий Осиё – Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг қуруқликдаги энг асосий дарвозаси ҳисобланади. Шу сабабли, минтақа давлатларнинг Хитой олдидаги қарзлари ва иқтисодий тобелиги турлича.

Тожикистонда ўта юқори риск даражаси мавжуд. Чунки мамлакат умумий ташқи қарзининг қарийб 40 фоиздан ортиғи, тахминан $1,5 млрд қисми айнан Хитойнинг Эксимбанкига тўғри келади. Табиийки, бунинг оқибатлари ҳам жиддий бўлди. 2011 йилда Тожикистон Хитойга қарз эвазига 1158 квадрат километр ҳудудни расман ўтказиб берди. Берилган ерлар Тожикистоннинг энг чекка шарқий қисмида – Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб туманида жойлашган. Таққослаш учун, Хитойга берилган ер деярли Сингапур давлатининг майдонидан икки баробар катта. Бу Тожикистон умумий ҳудудининг қарийб 1 фоизига яқинини ташкил қилади. Қолаверса, мамлакатдаги йирик “Юқори Кумарг” олтин конини қазиш ҳуқуқини ҳам Хитой компанияларига ўтказиб берган.

Қирғизистонда қарздорлик критик даражада деб таърифланади. Чунки бу мамлакатнинг ҳам умумий ташқи қарзининг қарийб 38-40 фоизи, тахминан $1,8 млрд атрофидаги қисми айнан Хитойга тўғри келади. Қарзлар асосан шимол ва жанубни боғловчи йўллар, Бишкек иссиқлик электр марказини модернизация қилишга сарфланган. Мамлакат расмийлари бир неча бор агар қарзлар ўз вақтида тўланмаса, стратегик объектлар, масалан, темир йўллар ёки электр тармоқлари Хитой назоратига ўтиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Туркманистоннинг қарзлари халқаро AidData маълумотларига кўра, 12,2 миллиард долларни ташкил қилади. Мамлакат Хитойдан асосан ўзининг улкан газ конларини ўзлаштириш ва Хитойга чиқувчи 4000 километрлик газ қувурлари инфратузилмасини қуриш учун катта миқдорда қарз олган. Туркманистон бу қарзларни Хитойга бепул газ етказиб бериш, яъни бартер орқали тўламоқда. Гарчи қарзнинг асосий қисми ёпилгани айтилса-да, экспорт қилинаётган газнинг деярли барча даромади қарз ҳисобидан ушлаб қолиниши мамлакат иқтисодиётини Хитойга тўлиқ боғлаб қўйган.

2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, Қозоғистоннинг ташқи қарзи 165 миллиард 630 миллион долларни ташкил этди. Бунинг 91 миллиард доллардан ортиғи – тўғридан-тўғри инвестициялардир. Давлат қарзи катта бўлмаса-да, Қозоғистоннинг нефть ва газ соҳасидаги давлат компаниялари Хитой банкларидан миллиардларча доллар қарз олган. 13,2 миллиард доллар – банкларнинг қарзи, 12,7 миллиард доллар – давлат бошқаруви органларининг қарзи. Қолган 45,5 миллиард долларлик қарз бошқа секторларга тегишли.

Ўзбекистон ташқи қарзларини диверсификация қилган, яъни қарзлар фақат бир давлатдан эмас, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва халқаро облигациялар орқали олинган. Ва бу миқдор деярли 83 миллиард долларга тенг. Хитой тараққиёт банки ва Эксимбанкидан олинган қарзлар умумий қарз портфелининг тахминан 10-15 фоизи атрофини ташкил қилади. Ўзбекистонда Тожикистон ёки Қирғизистондаги каби критик қарамлик йўқ, бироқ энергетика ва транспорт соҳасидаги лойиҳаларда Хитой капитали улуши муттасил ўсиб боряпти.

3-Исбот: Халқаро ташкилотлардаги "Хитой одамлари"

Хитой дунёни фақатгина заводлар ёки қарзлар билан бўғаётгани йўқ.

У халқаро ҳуқуқ, глобал стандартлар ва дунё сиёсатини парда ортидан бошқариш учун энг нуфузли минбарларни ичкаридан туриб эгаллаш тактикасини мукаммал даражага олиб чиқди. Америка расмийлари БМТ минбарларида шунчаки баландпарвоз нутқлар сўзлаб, оммавий "Вето" ҳуқуқини ишлатиш билан банд бўлган бир пайтда, Пекин сукунат сақлаб, ташкилотнинг энг муҳим "двигателлари" — ихтисослашган агентликлари раҳбарлигига ўз одамларини жойлаштиришни бошлади. Мақсад аниқ: дунё қоидаларини Хитой манфаатларига мослаб қайта ёзиш.

Бунинг энг ёрқин исботи сифатида БМТнинг тўртта улкан агентлигини кўрсатиш мумкин. Масалан, дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилувчи Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти узоқ йиллар давомида Хитой қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган Цюй Дунъюй томонидан бошқарилди. У ушбу лавозимга келгач, ташкилот ресурсларини Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" лойиҳасини қўллаб-қувватлашга йўналтирди. Худди шундай, дунёдаги жами авиарейслар хавфсизлиги ва ҳаво йўллари қоидаларини белгиловчи Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти раҳбарлигига хитойлик дипломат Фан Лю келганида, у Хитойнинг ашаддий душмани бўлган Тайванни халқаро авиация хариталаридан ва йиғилишларидан бутунлай четлаштиришга эришди. Глобал интернет, 5G стандартлари ва кибермакон қоидаларини белгилайдиган Халқаро электралоқа иттифоқини эса хитойлик муҳандис Хоулинь Чжао бошқарди. У глобал интернет устидан давлат назоратини кучайтириш ғоясини илгари сурди — бу Пекиннинг ички цензура сиёсатини дунёга ёйиш учун айни муддао эди. Саноатни ривожлантириш ташкилоти эса йиллар давомида Ли Йонг назорати остида бўлди ва ривожланаётган давлатларга Хитой саноат моделларини сингдирди.

Ушбу яширин кадрлар сиёсатининг энг даҳшатли ва қонли оқибатини бутун инсонният 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси даврида ўз танасида ҳис қилди. Миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган, глобал иқтисодиётни фалажлаб, инсонниятни уйларига қамаб қўйган вирус ўчоғи айнан Хитойнинг Ухань шаҳри экани ҳеч кимга сир эмас эди. Аммо фожиа бошланган илк ҳафталарда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унинг раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ўзини қандай тутди?

ЖССТ раҳбарияти Хитой ҳукуматини Ухандаги вазиятни ва вируснинг одамдан одамга юқишини яширгани учун очиқ танқид қилиш ўрнига, Пекинга мақтовлар ёғдирди. Улар вируснинг хавф даражасини глобал фавқулодда ҳолат деб эълон қилишни ҳатто кечиктиришди, давлатларга Хитой билан чегараларни ёпмасликни тавсия қилишди. Нима учун? Чунки Пекин йиллар давомида ЖССТнинг энг йирик молиявий донорига айланган эди. Энг асосийси, ЖССТ раҳбари Тедрос асли эфиопиялик бўлиб, Хитой Эфиопия иқтисодиётига миллиардлаб доллар қарз ва сармоя киритган, Тедроснинг ушбу лавозимга сайланишида эса БМТдаги бутун бошли "Африка овоз бериш блоки"ни Пекин парда ортидан бошқарган эди. Яъни, ЖССТ раҳбари Хитойга шунчаки сиёсий қарздор эди. Оқибатда, халқаро ташкилотнинг сукунати ва Пекин ҳисоботларига кўр-кўрона ишониши дунёга миллионлаб қурбонлар ва триллионлаб доллар иқтисодий зарар келтирди.

Вазиятга содда ва таҳлилий хулоса берадиган бўлсак, Ғарб дунёси ва АҚШ халқаро майдонда ҳамон эски империячилик услубида ҳаракат қилмоқда. Вашингтон БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўзига ёқмаган қарорларни шунчаки "Вето" ҳуқуқини ишлатиб, куч билан тўхтатиб қолишга уринади. Бу эса дунё ҳамжамиятида фақатгина агрессия ва норозилик уйғотади.

Хитой эса бутунлай бошқача, анча айёрона йўл тутди. У БМТда битта вето тугмасини босиш ўрнига, ўзига бутун бошли овоз берувчи блокларни бўйсундириб олди. Пекин Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг ўнлаб камбағал давлатларини ўзига қарз қилиб қўйиш, уларнинг инфратузилмасини сотиб олиш орқали бу давлатларнинг БМТдаги суверен овозини амалда тортиб олди. Бугун БМТ Бош Ассамблеясида Шинжон уйғурлари камситилиши, Гонконгдаги инсон ҳуқуқлари топталиши ёки Тайваннинг мақоми масаласида овоз бериш ўтказилса, АҚШ ва Европа ёлғиз қолиб кетмоқда. Чунки Хитой қайси тугмани босишни буюрса, ўша заҳоти Африкадаги 40 та, Лотин Америкасидаги 20 та давлат ҳеч қандай эътирозсиз ўша тугмани босиб беради.

Хитой дунёни уруш билан эмас, халқаро тизимларнинг маккорона қонуниятларини ўзиники қилиш орқали парда ортидан жимгина бошқармоқда. Қаранг, Хитой қай даражага етди.

Америка cанкциялари ва тиз чўккан миллиардерлар

Дональд Трамп 2017–2021 йиллардаги биринчи президентлиги даврида Хитойга қарши тарихдаги энг йирик савдо урушини бошлади. У Хитойдан кириб келадиган 350 миллиард долларлик маҳсулотларга улкан божлар жорий этди, Huawei каби технологик гигантларни қора рўйхатга “тиқди”.

Бу орқали Трамп Пекиннинг ривожланишини тўхтатиш, АҚШнинг Хитой сабаб савдодан кўраётган улкан зарарини камайтириш ва Хитой ичидаги Америка саноатини ватанига қайтаришни кўзлади. Энг асосийси — Хитойнинг сунъий интеллект ва микросхемалар бўйича дунё гегемонига айланишига тўсқинлик қилиш эди. Аммо… лекин… бироқ… Ғарб сиёсатчилари стратегик ғалаба ҳақида жар солишган бўлса-да, иқтисодий реаллик бошқача бўлиб чиқди. Ютқазганлар Америка истеъмолчилари бўлди. Чунки Хитой товарлари қимматлашди. Бу орада эса Хитой ўзининг технологик мустақиллигини тезлаштирди. АҚШ блоклаган яримўтказгич ва чипларни ўзи ишлаб чиқаришга мажбур бўлди ва Ғарб технологияларига қарамликни камайтирди.

Вақт — энг олий ҳакам. Ўз вақтида Хитойни "душман" деб атаган Дональд Трамп, 2026 йилнинг 13-15 май кунлари ўзининг иккинчи президентлик муддати доирасида Пекинга расмий давлат ташрифи билан келди. Бу унинг 2017 йилдан бери Пекинга илк қадами эди.

Трамп Хитойга шунчаки дипломатлар билан эмас, балки умумий бойлиги қарийб 1 триллион долларга етадиган Американинг энг қудратли 17 та топ-миллиардерлари ва технологик "қироллари" билан келди. Трамп билан бирга Tesla ва SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск ва дунё AI чиплари қироли, Nvidia компанияси директори Дженсен Хуанг президент самолёти бортида учиб келди. Уларга Пекинда Apple директори Тим Кук, Ларри Финк, Дэвид Соломон каби “Wall-Street” ва Силикон водийси гигантлари қўшилди. Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, Миллиардерларни Пекинга нима бошлаб келди? Нима учун капитал эгалари Пекинга югуришмоқда? Чунки капитализмда ватан йўқ, унда фақат манфаатлар бор. Келинг, 2 та йирик тадбиркор мисолида вазиятга яна ҳам аниқроқ баҳо берамиз.

Маскнинг юраги Пекин қўлида

Илон Маск учун Хитой шунчаки "йирик бозор" эмас. Хитой — унинг ишлаб чиқариш империясининг пойдевори. 2019 йилда Шанхайга қурилган Gigafactory Shanghai бугун Tesla учун ҳаёт-мамот маркази ҳисобланади. Tesla дунё бўйлаб сотаётган ҳар иккита электромобилининг биттаси айнан Шанхойдаги заводда ишлаб чиқарилади. АҚШ Хитойга қарши санкциялар эълон қилиб, Америка бизнесини у ердан чиқиб кетишга чақираётган бир пайтда, Маск ўз заводини кенгайтириш билан банд. Чунки у Хитойдаги каби мукаммал таъминот занжири ва роботлашган инфратузилмани дунёнинг бошқа ҳеч бир нуқтасида, ҳатто АҚШнинг ўзида ҳам ҳозирча қуриб бўлмаслигини яхши билади.

Хитойнинг BYD ва Xiaomi каби миллий гигантлари бугун Теслани бурчакка қисиб қўймоқда. BYD аллақочон глобал савдо ҳажми бўйича Тесладан ўзиб кетди ва энг асосийси — хитойликлар электромобилларни анча арзонроқ ва инновационроқ ишлаб чиқаришмоқда. Буни Маскнинг ўзи 2024 йил бошида инвесторлар билан учрашувда очиқ тан олган эди: "Агар савдо тўсиқлари (санкциялар) ўрнатилмаса, Хитой электромобиль компаниялари дунёдаги деярли барча рақибларини йўқ қилиб ташлайди", деган эди у.

Маск Хитой билан қарама-қаршилик унинг машиналари батареясиз қолдириши мумкинлигини яхши билади. Сабабини дастур аввалида айтиб ўтдим. Ажойиб! Дунёни ўз лойиҳалари билан лол қолдираётган, ер юзидаги биринчи триллионер, ҳатто Оқ уй билан баҳслашишгача борган, мамлакат президенти Трамп билан айтишишгача бора олган Маск Пекинга келганда итоаткор ва эҳтиёткор тадбиркорга айланишга мажбур! У Хитой Коммунистик партияси чизиб берган қизил чизиқларидан ҳеч қачон ўтмайди. Нима учун? Чунки у ўзининг Марсни забт этиш ҳақидаги космик орзулари ва Tesla империяси фақатгина Вашингтон қарорларига эмас, Пекиндаги битта имзога ҳам боғлиқ эканини жуда яхши билади. Қаранг, Хитой қай даражага етган!

Капитализмда ватан йўқлиги ва унинг фақат геосиёсий чегараларни тан олмайдиган манфаатларга суяниши ҳақидаги навбатдаги энг драматик мисол — бу Nvidia компанияси ва унга афсонавий раҳбари Дженсен Хуангдир. Бугун дунё смартфонлар ёки электромобиллар учун эмас, балки сунъий интеллект (АИ) тизимларини ҳаракатга келтирадиган энг қудратли нейрочиплар учун парда ортида шафқатсиз уруш олиб боряпти. Ва бу урушнинг мутлоқ қироли — Nvidia. Бироқ, бу империянинг тақдири ҳозирда Вашингтон санкциялари ва Пекин пуллари ўртасидаги хавфли мувозанат устида турибди.

АҚШ ҳукумати ва Оқ уй стратеглари Хитойнинг ҳарбий ҳамда технологик жиҳатдан ўзиб кетишини тўхтатишнинг энг қисқа йўлини топди: Аждаҳони "миясиз" қолдириш. Вашингтон Nvidia компаниясига ўзининг энг илғор ва дунёни ҳайратга солаётган A100, H100 ҳамда Blackwell сериясидаги сунъий интеллект чипларини Хитойга сотишни қонунан мутлоқ тақиқлаб қўйди. Мақсад — Хитойнинг Tencent, Alibaba ва Baidu каби гигантларига ўз суперкомпьютерлари ва сунъий интеллект моделларини ривожлантиришга йўл қўймаслик эди.

Аммо Дженсен Хуанг учун бу тақиқ ватанпарварлик бурчи эмас, балки компания келажагига берилган даҳшатли зарба эди. Чунки Хитой — Nvidia умумий даромадининг чорак қисмини (20-25 фоизини) таъминлайдиган ҳамкордир. Бу бозорни йўқотиш шунчаки акциялар тушиши эмас, миллиардлаб долларлик соф фойдадан маҳрум бўлиш ва келажакдаги энг йирик платформани рақибларга бой бериш бўлади.

Шу сабабли, Дженсен Хуанг ғоят айёрона қадамларни ташлашга мажбур бўлди. Оқ уй санкцияларини очиқчасига бузолмаган миллиардер уларни айланиб ўтишнинг ҳуқуқий ва техник йўлларини қидира бошлади. Nvidia муҳандислари кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, фақат Хитой бозори учун махсус, "кучсизлантирилган" чиплар гуруҳини, масалан, H20, L20 ва L2 моделларини ишлаб чиқди. Бу чипларнинг ишлаш тезлиги ва қуввати АҚШ ҳукумати қўйган чеклов чизиқларидан миллиметр пастроқ қилиб созланган, яъни қонунан тақиқланмаган, аммо Хитой компанияларининг тирикчилигини ўтказишга етарли эди.

Бироқ, бу "мушук-сичқон" ўйинининг геосиёсий оқибатлари янада кескин тус олмоқда. Дженсен Хуанг Вашингтондаги сиёсатчиларни очиқчасига огоҳлантирди.

"Агар сиз Хитойни Америка чипларидан маҳрум қилсангиз, улар ўзлариникини яратишга мажбур бўлади. Хитойда буни қила оладиган истеъдод ва ресурслар етарли", деди у.

Ва бу таҳлил бугун ўзини оқламоқда. Вашингтон санкциялари Хитойнинг Huawei каби миллий брендларини ўзларининг АИ чипларини Ascend сериясини мустақил ишлаб чиқаришга мажбурлади. Эндиликда Хитой компаниялари Nvidia’нинг кучсизлантирилган чипларидан кўра, ўзларининг миллий маҳсулотларига сармоя киритишни афзал кўрмоқда. Бу эса Дженсен Хуанг учун қўшалоқ мағлубият хавфини туғдиради. У ҳам Хитой бозоридаги монополиясини йўқотмоқда, ҳам ўз қўллари билан АҚШ технологияларига муҳтож бўлмаган янги хитойлик рақибни тарбиялаб етиштирмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Миллиардер сиёсатчиларнинг геосиёсий амбициялари сабаб миллиардлаб долларлик бозорни қурбон қилишни хоҳламайди. У Хитой иқтисодий қудрати билан ҳисоблашишга, керак бўлса Вашингтон босимига қарамай, Пекин учун махсус "юмшоқ" шартномалар тузишга доим тайёр. Қаранг, Хитой қай даражага етган!

Дарвозасига АҚШ президенти катта шахслар билан бош уриб келганининг сабабини Хитой жуда яхши билар эди. Ва вазиятдан ақлли қарорлар билан фойдаланди. Парда ортида кечган жанг ҳақида махсус материал ҳам тайёрлаганмиз. Уни экранингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали қидириб томоша қилишингиз мумкин.

Кремльнинг Пекиндаги миссияси: Путинга Хитойдан нима керак эди?

Трампнинг кетидан Путин ҳам Пекин остонасига бошини урган эди. Россия президенти Владимир Путиннинг 19-20 май кунлари йирик ва нуфузли делегация ҳамроҳлигида Хитойга уюштирган давлат ташрифи оддий дипломатик учрашув эмас, балки Ғарб санкциялари қуршовида қолган Москва учун ҳаёт-мамот масаласидек даҳшатли аҳамиятга эга эди. Путинга ҳамроҳлик қилган 39 кишилик делегация таркибига 5 нафар бош вазир ўринбосари, 8 нафар федераль вазир, йирик давлат корпорациялари раҳбарлари ва энг бой рус олигархларининг киритилгани сафарнинг кўламидан дарак беради.

Ғарб молия тизимидан узиб қўйилган Россия учун иқтисодий инқироздан қутулишнинг ягона йўли Хитой бозорига бутунлай боғланиш эди. Москва ўзининг улкан энергетика ресурслари — нефть ва газини Пекинга арзон нархларда пуллаш эвазига Хитойдан юқори технологиялар, маиший техника ва энг муҳими, микрочиплар олишни мақсад қилган. Россия делегацияси ўзаро савдо айланмасини рекорд даражадаги 200 миллиард доллардан ошириш ва энг асосийси — Ғарб назорат қила олмайдиган рубль ҳамда юань асосидаги банк ҳисоб-китоб тизимини узил-кесил мустаҳкамлаб олишни истади.

Гарчи Хитой Украинадаги урушда расман нейтрал эканини ва Россияга қурол бермаётганини даъво қилса-да, Кремль делегацияси парда ортида ҳарбий-техник ҳамкорликни чуқурлаштиришни сўраб борди. Россия армиясига уруш майдонида ҳаво томчиларидек зарур бўлган дрон технологиялари, ҳарбий мақсадларда ҳам ишлатса бўладиган "икки ёқлама маҳсулотлар" етказиб бериш занжирини узлуксиз таъминлаш сафарнинг энг махфий ва муҳим бандларидан бири бўлгани дунё медиасида ёритилди.

Икки кунлик қизғин музокаралар якунида Владимир Путин ва Си Цзиньпин жами 42 та келишув ва иккита ўта муҳим глобал ҳужжатни имзолади. Рус делегацияси ўзи хоҳлаган кўплаб мақсадларига эришгандек кўринса-да, бу келишувларнинг парда ортидаги натижаси Россияни Хитойга янада қарам қилиб қўйди. Биргина мисол: Россия ва Хитой ўртасидаги савдо ҳисоб-китоблари деярли 100 фоиз рубль ва юанга ўтказилди. Бу доллар таъсиридан қочиш имконини берса-да, амалда Россия иқтисодиётини Хитой валютасига тўғридан-тўгўри қарам қилиб қўйди.

Россия делегациясининг Пекиндаги ҳар бир қадами Ғарбга қарши қаратилган шиддатли намойиш эди. Москва ўзини Хитой билан тенг ҳуқуқли, дунёни қайта бўлишаётган қудратли шерик қилиб кўрсатишга уринди. Аммо ҳақиқат шундаки, Ғарб эшикларини ёпган Россия бугун чорасизликдан Хитой шартларига кўнишга мажбур. Москва АҚШ ва Европа санкцияларига қарши курашда Пекинни қалқон қилмоқчи.

Хитой эса бу чорасизликдан фойдаланиб, Россияни ўзининг улкан ва арзон энергетика "колонияси"га айлантириб бўлди. Бу иттифоқда ҳақиқий хўжайин ким экани энди ҳеч кимга сир эмас.

Тарихдан маълумки, дунёдаги барча империялар давлатларни мустамлака қилиш учун аскарлар ва қон тўкиш усулидан фойдаланган.

Бугун замонавий мустамлакачилик учун қурол шарт эмаслигини кўриб турибмиз. Шартномадаги майда ҳарфлар билан ёзилган бандлар ва ўз вақтида тўланмаган қарзлар ҳар қандай армиядан кўра кучлироқ эканини Пекин исботлади. Бугун Африкадан тортиб то қўшни Тожикистонгача миллий бойликлар, конлар ва портлар 'кўринмас янги хўжайин қўлига ўтмоқда. Ва энг даҳшатлиси — барчаси қонуний, барчасига ўша давлатларнинг раҳбарлари ўзлари қўл қўйиб беришган. Энди сизга савол. 1970-йилларнинг охиригача очарчиликдан тинкаси қуриган, аҳолиси қашшоқ бўлган Хитой қандай қилиб бу даражага етди? Қанчалик баландпарвоз эшитилмасин, ҳаммаси илм сабаб, ўқиган, изланган ва ривожланишдан тўхтамаётган ёшлари сабаб. Бу катта мавзу. Хитойдаги боғчалар, мактаб тизими, болаларни ухлаб қолмаслик учун ўзини чимчилаб дарс қиладиган даражада ҳаракатга ундайдиган сабаблар, метрода ётиб олиб ўқийдиган ўсмирлар ҳақида кейинги махсус сонда гаплашамиз.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг