Дунёнинг “Толибон” билан мулоқот қилишдан бошқа чораси йўқ – Имрон Хон
Олам
−
14 Февраль 2022
14549Афғонистонда ҳозирда “Толибон” ҳаракатининг қудратига муқобил йўқ ва дунёнинг толиблар билан мулоқот қилишдан бошқа чораси ҳам йўқ. Бу ҳақда Покистон Бош вазири Имрон Хон CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Афғонистонда ҳозирда “Толибон” кучига муқобил йўқ ҳамда бутун дунё инклюзив ҳукумат яратиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун улар билан ҳамкорлик қилиши керак. Агар Афғонистонга қарши санкциялар жорий этилса, бу мамлакат тартибсизлик ва гуманитар инқирозга дуч келиши мумкин”, дейди Бош вазир.
Унга кўра, Афғонистондаги беқарорлик туфайли Покистон афғон қочқинлари муаммосига дуч келмоқда ва терроризм кучаймоқда.
“2021 йилгача Покистон ҳудудида 3 миллион афғон қочқинлари бўлган. Ўтган йили “Толибон” Қобулни қўлга киритгач, Покистонга янги қочқинлар оқими кириб келди ва мамлакатимизга деярли 250 минг афғон кўчиб келди. Улар орасида террорчилар ҳам бор эди”, дея таъкидлаган у.
Имрон Хоннинг фикрича, АҚШнинг Афғонистондаги сиёсати терроризмнинг ортишига ва учувчисиз самолётлар ҳужуми оқибатида тинч аҳоли қурбон бўлишига олиб келди.
“Покистон АҚШнинг терроризмга қарши урушига қўшилганидан сўнг, мамлакатимизда террорчилик ҳаракатлари натижасида 80 минг киши ҳалок бўлди. Бу уруш давом этар экан, террорчилар фаоллаша бошлади”, деган Бош вазир.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Афғонистонни тарк этди, аммо бу мамлакатда террорчилик ҳужумлари давом этмоқда.
“АҚШ Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини эртами-кечми тан олади. Бу барча манфаатларга мос бўлган Афғонистондаги барқарорликка ҳисса қўшади, шунингдек, Покистонда барқарорлик ва тинчликни таъминлайди”, деган у.
“Толибон” Афғонистонда назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияни АҚШ баҳорда у ердан ҳарбий кучларини олиб чиқиш ниятини эълон қилганидан сўнг бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Қобулга кирди. Президент Ашраф Ғани истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди. 7 сентябр куни “Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид муваққат Афғонистон ҳукумати таркибини эълон қилди, унинг таркибига фақат ҳаракат аъзолари киритилди. Афғонистонда иқтисодий вазият кескин ёмонлашмоқда: озиқ-овқат ва ёқилғи нархлари ошиб бормоқда, юз минглаб одамлар ишсиз қолган, мамлакатда молиявий фаоллик кескин пасайган.
LiveБарчаси