Дунёнинг энг кўп аҳолисига эга миллат хавфли камайишга юз тутмоқда

Олам

image

Хитойда аҳоли сонининг ўсиш суръати сезиларли даражада секинлашди, 2025 йилга бориб мамлакат аҳолиси ўсиши тўхтаб, табиий равишда камайиши бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Global Times” хабар берди.

Хитой демографларига кўра, келгуси йилларда аҳоли сонининг қисқариши (ўлим сони туғилишдан кўпроқ бўлиши) устунлик тенденциясига айланади ва узоқ вақт давом этади.

2021 йилда Хитойнинг баьзи провинцияларида янги туғилган чақалоқлар сони бир неча ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткични қайд этган.

Нашрнинг ёзишича, мамлакатнинг марказий қисмидаги Хунань провинциясида 60 йил ичида биринчи марта 500 мингдан кам, Хэнань провинциясида 1978 йилдан буён биринчи марта 800 мингдан кам чақалоқ туғилган, шарқий Цзянси провинциясида янги туғилган чақалоқлар сони 1950 йиллардан бери биринчи марта 400 мингдан пастга тушган.

Биргина Гуандун провинциясида бир миллиондан ортиқ бола туғилган. Яна бешта провинцияда янги туғилган чақалоқлар сони 500 мингдан ошган.

Баъзи демографларнинг фикрига кўра, келгуси йилларда аҳолининг салбий ўсиши узоқ вақт давомида доминант тенденция бўлиб қолади.

“Туғилиш даражаси бир асрдан кўпроқ вақт давомида пасайишда давом этишини башорат қилиш мумкин. Хитойнинг йирик шаҳарларида туғилиш даражаси пасайишда давом этади. Учинчи фарзанднинг туғилишига рухсат бериш баъзи муаммоларни енгиллаштириши мумкин”, дейди Хитой ва глобаллашув марказининг катта илмий ходими Хуан Вэньчжэн.

Унинг сўзларига кўра, туғилиш пасайишининг асосий сабаблари бутун мамлакат бўйлаб туғилиш кўрсаткичларининг камайиши, мамлакатда фарзанд кўриш истагида бўлган эркаклар ва аёлларнинг камлигидир.

Маълумот учун, 1979 йилдан бошлаб Хитойда “бир оила – бир бола” сиёсати қабул қилинган: айрим истисноли ҳолатларда оилаларга бир нафардан ортиқ фарзанд кўришга рухсат берилган. Қоидаларни бузган ота-оналар катта жаримага тортилган.

БМТ маълумотларига кўра, ушбу қарорлар туфайли 1990 йилларда аҳоли ўсиши секинлаша бошлаган. Хусусан, 1985-1990 йилларда ҳар 1000 хитойликдан ўртача 25,7 бола туғилган бўлса, бу кўрсаткич кейинги беш йил ичида, яъни 1990 йилдан 1995 йилгача 17,4 нафарни, 2005-2010 йилларда 12,8 нафарни ташкил этган.

2013 йилда ота-онадан камида биттаси ёлғиз фарзанд бўлган оилаларга иккинчи фарзанд кўришга рухсат берилган. Ниҳоят, Хитой 2015 йилда бир бола сиёсатини тугатди, ўшанда барча оилаларга икки фарзанд кўришга рухсат берилди.

Бироқ, бу умумий тенденцияни ўзгартирмади: 2015-2020 йилларда Хитойда туғилиш даражаси пасайишда давом этди ва ҳар 1000 кишидан ўртача 11,9 нафар бола туғилди. 2021 йилнинг май ойида Хитой ҳукумати эр-хотинларга уч фарзанд кўришга расман рухсат берди.

Туғилишнинг камайиши туфайли Хитой янги муаммога – аҳолининг қаришига дуч келди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг сони қисқариб, кексалар улуши кўпая бошлади, бу эса ижтимоий харажатларнинг тез ўсишига таҳдид солмоқда.

Хитойнинг меҳнатга лаёқатли аҳолиси, яъни 16 ёшдан 59 ёшгача бўлганлар сони 2012 йилдан буён камайиб бормоқда ва 2030 йилда бу кўрсаткич 830 миллион кишига етиши кутилмоқда.

Хитой Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2020 йилда мамлакатда 1,4 миллиард аҳоли рўйхатдан ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой аҳоли камайиши

Баҳолаганлар

1305

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг