Дунёдаги энг бахтли ходимлар қайси соҳада ишлаши аниқланди
Бу қизиқ
−
30 Сентябрь 2023
17601BambooHR томонидан ўтказилган янги таҳлил натижаларига кўра, қурилиш ишчилари ҳар қандай йирик саноат соҳасида фаолият юритувчи ходимлардан бахтлироқдир. Бу ҳақда CNBC нашри хабар берди.
HR дастурий платформаси 2020 йилнинг январидан 2023 йилнинг июнига қадар бутун дунё бўйлаб 1 минг 600 дан ортиқ компанияда ишловчи 57 мингдан ортиқ ходимларининг маълумотларини таҳлил қилди. Ҳисоботда билдирилишича, сўнгги уч йил ичида кўплаб ходимларнинг бахтлилик даражаси ўзгарган бўлса-да, қурилиш ишчиларининг бахтиёрлик кўрсаткичлари доимий равишда юқори бўлиб қолмоқда. Бунга асосан иш ҳақининг ошиб бориши ва кўплаб имкониятлар мавжудлиги сабаб бўлган.
“Қурилиш ишчиларининг соатлик иш ҳақи 2022 йилда сўнгги 40 йил ичидаги энг юқори даражага кўтарилди”, деб хабар берди Америка Қўшма Штатларидаги энг йирик қурилиш савдо уюшмаларидан бири бўлган “Associated General Contractors of America”.
Маълумотларга кўра, қурилиш ишчиси учун ўртача соатлик иш ҳақи 17,7 долларни ташкил қилади. Аммо келишувга қараб иш ҳақи 28,83 долларгача ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Covid-19 пандемиясидан сўнг, уй қуриш ва турар-жойларни таъмирлашга талаб янада ортди. Жумладан, АҚШда қурилишга сарфланган харажатлар 2020 йилдан бери доимий равишда ўсиб борди ва 2023 йилнинг июль ойида 1,9 миллиард доллардан ошди. Шунингдек, ушбу соҳа вакилларига яратилган имкониятлар кўлами ҳам анча кенг.
“Қурилиш ишчилари ўз карьераларида кўтарилишлари учун малака ошириш ва шогирд тушишда ёрдам берадиган кўплаб профессионал ташкилотлардан фойдаланишлари мумкин”, деди "Delivering Happiness" ташкилий консалтинг компаниясининг бош директори Женн Лим.
Бахт бўйича энг узоқ давом этган тадқиқотлардан бири Гарвардда ўтказилган. Унга кўра, ходимлар жамоавий меҳнатга асосланган ва ҳамкасблари билан мазмунли муносабатлар ўрнатиш имкониятини берадиган ишларда ўзларини бахтлироқ ҳис қилади.
Шунингдек, технология, молия, нотижорат, саёҳат ва меҳмондўстлик соҳаларидаги ишчилар ҳам бахтиёрлик бўйича юқори кўрсаткич қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Японияда компаниялар ишчиларига яхши муҳит яратиш мақсадида офисларда ухлаш учун махсус капсулаларни ўрнатмоқчи эканлигини маълум қилганди. Унда ишчилар тик туриб ухлаши мумкин.
LiveБарчаси