Шавкат Мирзиёев Бухородаги Конгресс-холл мажмуаси қурилишини кўздан кечирди

Local

−

image

Бугун, 3 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Конгресс-холл мажмуаси ва замонавий меҳмонхоналар қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони изчил ўсмоқда. 2025 йилда бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошган. Шу билан бирга, мамлакатда йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бормоқда.

Мажмуа шаҳарнинг ана шундай тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Конгресс-холл форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказишга хизмат қилади.

Қиймати 60 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино қурилмоқда. Ҳозирда асосий бетонлаштириш ишлари якунланиб, ташқи муҳандислик тармоқларини тортиш, фасад ва том қисмларини барпо этиш давом этмоқда.

Шу ҳудудда 37 миллион долларлик “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси ҳам қад ростламоқда. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхонада ер ости автотураргоҳи кўзда тутилган. Бинонинг асосий конструксиялари қуриб битказилган, ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир лойиҳа – 39,6 миллион долларлик “Holiday Inn” меҳмонхонаси. Бу иншоот ҳам етти қаватли, 212 хонали бўлади, ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда. Меҳмонхонада том монтажи ва ички деворлар қурилиши, бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштиришнинг якуний босқичи кетмоқда.

Давлат раҳбари объектлардаги ишлар билан танишиб, улар Бухорода халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш, туризм хизматлари кўламини кенгайтириш учун муҳимлигини, бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаган. Қурилиш ишларини белгиланган муддатда, сифат талабларига қатъий риоя этган ҳолда якунлаш бўйича топшириқлар берилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends