Қурилиш объектларини лойиҳалаш ва назорат қилиш тартиби ўзгаради

Local

−

image

Энди Ўзбекистонда бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган объектлар учун намунавий лойиҳалардан фойдаланиш, лойиҳа ҳужжатларига асоссиз ўзгартиришлар киритишни тақиқлаш тартиби жорий этилади. Бу Ҳукуматнинг 2026 йил 21 октябрдаги 584-сон қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, мақсадли дастурлар доирасида молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш объектлари бўйича буюртмачи хизматларини кўрсатишда бир қатор талаблар белгиланди.

Жумладан, бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларда муаллифлик назорати билан боғлиқ харажатлар шартномада алоҳида кўрсатилади. Бу харажатлар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш қийматининг 10 фоизи миқдорида белгиланади.

Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича шартномаларга мувофиқ лойиҳа ташкилотларига бир марта 30 фоиз миқдорида олдиндан бўнак тўлови тўланади.

Лойиҳалаш топшириқлари рақамли форматда тайёрланиши ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши талаб этилади. Ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали қабул қилиниб, автоматик равишда бир иш куни ичида экспертизага юборилади.

“Шаффоф қурилиш” тизимида объектларни лойиҳалаш топшириқларини рақамлаштириш босқичма-босқич амалга оширилади:

  • 2026 йил 1 декабрга қадар — мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари объектлари;
  • 2027 йил 1 сентябрга қадар — соғлиқни сақлаш соҳасидаги объектлар;
  • 2028 йил 1 июнга қадар — бошқа йўналишлардаги объектлар.
  • 2027 йил 1 мартдан бошлаб мақсадли дастурлар доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида ягона ёндашув жорий этилади.

Бунда намунавий ва такрорий қўлланадиган лойиҳалар “Шаффоф қурилиш” тизимига жойлаштирилади. Қурилиши тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида объектлар уларни жойига боғлаш орқали барпо этилади. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари бундан мустасно.

Объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий экспертиза хулосаси олиниб, буюртмачи хизматининг ички буйруғи билан тасдиқланганидан кейин асослантирилмаган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.

Тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан объект қиймати лойиҳа ташкилотини аниқлашда фойдаланилган дастлабки қийматдан 1,5 баравардан кўп ёки кам бўлса, лойиҳа-қидирув ишларининг қиймати қайта ҳисоблаб чиқилади.

Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends