Дунёда ким кўпроқ маош олади: аёллар ёки эркаклар?

Олам

image

Дунё аҳолисининг ярмидан кўпини аёллар ташкил этса-да, улар ҳануз эркакларга нисбатан ўртача 23 фоиз кам маош олмоқда. Бундан ташқари, дунёдаги раҳбарлик лавозимларининг атиги 31 фоиздан сал кўпроғини аёллар эгаллайди. Бу ҳақда БМТ эълон қилган янги маълумотларда сўз боради.

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда аёлларнинг атиги 48 фоизи расмий меҳнат бозорида иштирок этган. Эркакларда эса бу кўрсаткич 73 фоизни ташкил қилган. Шу билан бирга, ҳақ тўланмайдиган парвариш ва уй юмушларининг тўртдан уч қисмидан ортиғи ҳам аёллар зиммасига тўғри келмоқда.

Маълумотларга кўра, аёллар бошқарув лавозимларининг қарийб 38 фоизини, раҳбарлик лавозимларининг эса 31 фоиздан сал кўпроғини эгаллайди. Иқтисодиёт ва инновациялар ривожига таъсир қилувчи муҳим тармоқларда эса бу кўрсаткич янада паст.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Пегги Хикснинг айтишича, аёллар учун етакчилик сари йўл ҳамма учун бир хил эмас.

“Баъзи аёллар учун етакчилик поғонаси тик. Бошқалар учун эса у бузилган. Кўпчилик учун эса у умуман мавжуд эмас”, дейди у.

Ҳисоботда қайд этилишича, аёллар ҳали ҳам ишга қабул қилишдаги тенгсизлик, гендер стереотиплари, иш жойидаги тазйиқ ва зўравонлик, шунингдек, ҳақ тўланмайдиган уй ишлари туфайли мартаба қилишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда.

Шунга қарамай, айрим давлатларда вазият ижобий томонга ўзгармоқда. Жумладан, Марокашда аёлларни раҳбарликка тайёрлаш дастурлари натижасида вазирликдаги аёл раҳбарлар улуши қарийб 35 фоизга етган. Танзанияда эса уй хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

БМТ аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштироки гендер тенглигини таъминлаш билан бирга иқтисодий ўсиш ва жамият ривожи учун ҳам муҳим омил эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект, анонимлик ва самарали қонунларнинг йўқлиги рақамли маконда аёлларга бўлган кибертаҳдид ва виртуал зўравонлик хавфини ошираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг