Дунё Украинага ҳомийлик қилишдан чарчаяпти – Песков
Олам
−
03 Октябрь 2023
7206Москва Украина можаросида АҚШ иштирок этишда давом этади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Киевга ёрдам маблағлари киритилмаган вақтинчалик бюджети ҳақида берган изоҳида айтиб ўтди.
“Кўриниб турибдики, бу вақтинчалик нарса. Америка, албатта, бу можарода иштирок этишда давом этади”, деган Кремль воизи.
Шу билан бирга, Дмитрий Песков дунёда Украинага ҳомийлик қилишдан "чарчоқ" борлигини ҳам билдирган.
“Биз илгари бир неча бор айтгандик, бу можародан чарчаш, “Киев режими”нинг мутлақо бемаъни ҳомийлигидан чарчаш турли мамлакатларда, шу жумладан АҚШда ҳам кучаяди. Бу эса сиёсий тузумнинг парчаланишига ва қарама-қаршиликларнинг кучайишига олиб келади”, деган Песков.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат ёпилишига йўл қўймаслик мақсадида Украинага ёрдам кўрсатишни назарда тутмайдиган 45 кунлик (17 ноябргача) бюджет лойиҳасини қабул қилган эди. Оқ уй ва Конгрессдаги демократлар Киевга кўмакни тўхтатишни хоҳламаса-да, республикачилар бунга тўсқинлик қилган. Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида қатнашиш учун Киевга келган ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель эса Брюссель Вашингтондан Украинани молиялаштиришни давом эттиришни сўрашини айтди.
LiveБарчаси