“Кийдиради” Анжанчасига

Таҳлил

Хоразмда “Лазги”, Самарқандда “Шарқ тароналари”, Сурхондарёда “Бахшичилик”, Андижонда эса “Дунё садолари” фестивали. Бу фестивалларнинг довруғи қаергача етганини билмаймиз-у, аммо яхшигина маблағ сарфланганидан хабаримиз бор. Пуллар эса сиз ва биз тўлаган солиқлардан ажратилади, албатта.

Андижонда фестиваль бўлдими, деяётганларга маълумот. Ҳа бўлди. 29-30-31 июль кунлари Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” номли фестиваль бўлиб ўтди. Фестиваль ҳақида эшитмаганлар бордир, лекин Ўзбекистонга Инна, Жони, Меган, Даниэлла ва Жаҳ Кҳалиб каби жаҳон юлдузлари келганини кўпчилик эшитди. Уларнинг ўзидан олдин гонорари қанчага тушгани тармоқларни портлатди.

Одамлар орасида нафақат фестивалга қанча пул сарфлангани, балки ўша маълум-у машҳур Андижон ҳокимининг журналистларга қарата “Қўлларингдан балоям келмайди” деган сўзлари муҳокама бўлди. 

Келинг, бу фестивалга кимлар келган, қанча пул сарфланган, юқоридаги қўпол сўзлар ҳақиқатдан ҳам журналистларга айтилганми шу ва бошқаларга сал кейинроқ тўхталамиз. Биринчи фестиваль ҳақида маълумот берсам.

Андижоннинг Хонободида ташкил этилган “Дунё садолари” фестивали биринчи марта 2023 йилда ўтказилган. Ҳокимлик фестиваль “Президентимиз ташаббуси билан” ўтказиляпти, демоқда. Биздаги маълумотларга кўра, аслида бу фестивални ўтказиш шахсан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ташаббуси. Президент эса уни қўллаб-қувватлаган. Бу фестивални ўтказиш учун алоҳида ҳужжат топилмади. Аммо, “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” ва “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” Президент қарорлари бор.

Ҳужжатларнинг бирида 2023 йилда туризм соҳасида ўтказиладиган маданий-кўнгилочар тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” бор. Унда Республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш ёзилган. Бирида эса 2023 йилда бу фестиваль ўтказилиши айтилади. Унга масъул эса Маданият ва туризм вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги экани ёзилган. QALAMPIR.UZ Маданият вазирлиги билан боғланди. Вазирлик вакилларига кўра, бу фестивални ўтказишда вазирлик ҳам иштирокчи эмас. Улар фестиваль ташкилотчилари томонидан қайсидир санъаткор иштироки сўралсагина санъаткор ва ташкилотчиларни боғлаб беради, холос. Хонандаларнинг гонорар масаласи ҳам уларнинг ўзи билан ҳал этилади.

Бошқа вилоятлардаги фестивалларда доим бош қўшадиган вазирликлар Андижонга келганда четда қолгандек. Кимдан сўраманг “бу ҳоким ташаббуси, ҳамма ишни ҳокимлик қиляпти, ҳеч ким аралашмайди”, демоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги 2023 йилдаги каби бу йилги фестиваль учун анча тайёргарлик кўргани аниқ. Бундан ташқари, “пиар” компанияси ҳам жуда яхши ишлади. Шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фестивалга тайёргарлик жараёнларини бир неча марта кўздан кечирган.

Туризмни ривожлантириш, Андижон халқининг вақтини чоғ ўтказиш ва яна бир қанча мақсадларда ташкил қилинган бу фестивалга Инна, Жони, Меган, Даниэлла ва Жаҳ Кҳалиб каби жаҳон юлдузлари ҳамда мамлакатимизнинг таниқли хонандалари Юлдуз Усмонова, Ҳамдам Собиров, Райҳон таклиф этилган.

Юқорида номини санаганимиз юлдузлар таниш-билишчилик қилиб, “том сувоққа” келмайди. Уларга олдиндан “заклат” бериш, келганда эса пулни “штир” санаш керак.

Биздаги маълумотларга кўра, Иннага 130 минг АҚШ доллари, Жони ва Жаҳ Кҳалибга 60 минг, Юлдуз Усмоновага 12 минг, Ҳамдам Собиров ва Райҳон Ғаниевага 7 минг АҚШ доллари атрофида пул тўланган. Бундан ташқари, чет эллик ДЖлар ҳам яхшигина гонорар олган. Албатта, бу расман тасдиқланган маълумотлар эмас. Яъни ҳокимлик шу санъаткорни шунчага олиб келдик, деганича йўқ ҳали.

“Дунё садолари” фестивалини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ҳақида Андижон вилояти ҳокимлиги расмий ахборот берди. Ҳокимликка кўра, фестиваль давомида Хонобод шаҳрига маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар сони 2,5 баробарга (2 млн нафар) ортган. 2 млн одам фестиваль учун Хонабодга борган, тасаввур қиляпсизми? Тадбиркорлик субъектларида тушум кескин ошиб, 8,5 миллиард сўмга етган. Айтилишича, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп.

Ҳокимлик берган расмий баёнотга ишонадиган бўлсак, Андижонга анча турист тадбиркорларга яхши даромад олиб келган бу фестивалга 6 миллиард сўм маблағ сарфланган. Албатта, ҳокимлик нимага қанча сарфланганини очиқ айтмаган, олдимизга смета ҳужжатини ташламаган. Биздаги маълумотларга кўра, ҳокимлик фестивалга 6 миллиард кетди, деб сал янглишган.

Энди таҳририятда мавжуд ҳужжатларга юзлансак. 2024 йилнинг 21 июнь куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Республика бюджетидан вилоят бюджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан Хонабод шаҳар маҳаллий бюджетига “Дунё садолари” халқаро фестивалига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ харажатларга 7 млрд сўм миқдорида маблағлар ажратган.

Орадан бир неча кун ўтиб, 24 июнь куни эса яна Республика бюджетидан вилоят бюджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан Хонабод шаҳар маҳаллий бюджетига маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган. Унга кўра, Хонобод шаҳар маҳаллий бюджетига 2024 йил июль ойида ўтказиладиган “Дунё садолари” халқаро фестивалига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида биоҳожатхоналар сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларига 86 миллион сўм ажратилган.

Яна 25 июль куни Республика бюджетидан вилоят бюджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан тадбирга келган меҳмонларни олиб юриш учун замонавий электромобиль сотиб олиш ва ободонлаштириш ҳамда тадбир давомидаги бошқа харажатларга 113 млн 200 минг сўм ажратилган.

Шунингдек, “Дунё садолари” халқаро фестивалига муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида: Хонобод шаҳар кўчаларини чироқлар билан ёритиш ва безак ўрнатиш харажатларига 315 миллион сўм, тадбир давомида ташриф буюрувчи меҳмонларни олиб юриш учун замонавий электромобиль сотиб олиш харажатларига 260 миллион сўм маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилган.

“Кино”дан парча

Хуллас, ҳокимият баёнотига ишонсак, умумий сумма 6 млрд. Қўлимиздаги ҳужжатларда эса бу рақам 7 млрд 774 млн ни кўрсатмоқда. Ўзи Ўзбекистоннинг қарзи 35 млрд дан ошган бир вақтда шунча пулни фестивалга сарфлаш тўғрими? Бу савол сизга. Фикрингизни, албатта, изоҳларда ёзиб қолдиринг.

Ана энди юқорида айтганимиз, журналистларга айтилган айтилмагани ноаниқ бўлиб турган ҳақоратга келсак. Биз суҳбатлашган бир нечта журналистларнинг айтишича, ҳоким журналистлар учун ташкил этилган кечки овқат вақтида сўзга чиққан. Ўшанда ҳокимбува ҳақиқатдан ҳам журналистларга қарата “овора бўлиб, менинг гапларимдан кавак қидирмаларинг қўлларингдан бало ҳам келмайди”, деб айтган. Яхшиси видеони ўзингиз кўринг.

Бу видео тармоқларда тарқалганидан кейин ҳокимлик матбуот котиби QALAMPIR.UZ билан боғланиб, видеодаги сўзлар журналистларга қарата айтилмаган, деди. Ҳокимлик воизи ҳокимнинг бу гапи бошқа даврада, бошқа инсонларга қаратилганини айтмоқда. Лекин қайси даврада ва кимга бундай дўқ қилингани эса очиқланмади. Агар ҳокимлик видеоёзув тақдим этиб, бу сўзлар ҳақиқатдан ҳам журналистларга айтилмагани тасдиқланса, бошқа гап.

Бу ҳолатга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фавқулодда муносабат билдирди.

“Андижон вилояти ҳокими журналистларга қарата айтган юқоридаги сўзларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати вакили тақдим этган материалда ҳоким юқоридаги сўзларни журналистларга эмас, бошқаларга айтгани маълум қилинган. Андижон вилояти ҳокими иштирокидаги айни мулоқотда қатнашган бир қатор марказий ОАВ вакиллари эса Шуҳрат Абдураҳмонов юқорида келтирилган сўзларни журналистларга қарата айтганини тасдиқлашмоқда”, дейилади муносабатда.

Шунингдек, уюшма Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси 82-моддасида Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланганини эслатади. Барча мутасадди раҳбарларни Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу нормага ҳам қатъий амал қилишга чақиради.

“Уюшма Андижон вилояти ҳокими билан боғлиқ юқоридаги ҳолатни қоралайди. Ўз навбатида, ушбу ҳолат бўйича тегишли органлардан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ муносабат билдиришини сўрайди”, дейилади хабарда.

Аммо уюшманинг бу талаби бажариладими йўқми, бу бизга қоронғи. Ҳар ҳолда шу кунгача қанчадан қанча ҳокимбуваларнинг хурмача қилиқларига кўз юмилган. Буниси ҳам ўтиб кетади.

Хуллас, шу тариқа Андижоннинг Хонободидаги фестиваль ўз ниҳоясига етди. Бу фестивални ўтказиб ким нима топди, биз билмаймиз-ку. Аммо халқнинг шунча пули сарфланди. Бир нечта андижонлик дўстларимиз билан суҳбатлашдим. Уларнинг айтишича, бугун Андижон вилоятида кутубхона жуда кам, транспорт масаласи ҳам яхшигина муаммо, йўлларни-ку гапирмаса ҳам бўлади, ўнқир-чўнқир йўллар, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари, светофорлар етишмовчилиги. Таъмирланмаган мактаблар, компьютерсиз информатика хоналари. Хуллас, шунақа гаплар. Юқорида айтганимиз гап – қарзи 35 миллиардга етган Ўзбекистонга бундай фестиваль керакми ўзи?


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон Шуҳрат Абдураҳмонов Меган “Дунё садолари” Инна Жони Даниэлла ва Жаҳ Кҳалиб Хонабод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг