Дунё мамлакатлари Янги йилни қандай кутмоқда?

Олам

image

Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар янги 2021 йилни коронавирус пандемияси доирасидаги локдаунлар, чекловлар ва комендантлик соатлари билан кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда

Бутун дунёдаги расмийлар жамоатчиликни Янги йилни уйда кутиб олишга чақирган. Қуйида уларнинг айримлари билан танишасиз:

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон фуқароларни қоидаларга риоя қилишга ва Янги йилни уйда "тинчлик" билан кутиб олишга чақирган. Коронавирус инфекциясига чалинганлар сонининг кўпайиши сабабли Буюк Британия Ҳукумати энг юқори даражадаги чекловларни жорий қилган. 

Францияда 31 декабрь куни 100 мингга яқин полиция ва жандармалар байрам базмлари ва йиғинларини тўхтатишга йўналтирилади. Полиция асосий эътиборни шаҳар марказлари ва хавф кучли бўлган жойларга қаратади.

Германия канцлери Ангела Меркель 2020 йилни лавозимини эгаллаган 15 йилдан буён энг оғир йил деб атаган. Соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан мамлакатда "энг сокин Янги йил кечаси" кутилаётганини айтган.

Италияда 31 декабрь куни ҳам соат 22:00 дан комендантлик соати бошланади ва изоляция режими 7 январга қадар амал қилади. Демак, италияликлар ҳам Янги йилни уйда кутиб олади ва телевизорда байрам дастурларини томоша қилади. 

Нью-Йорк Ҳукумати анъанавий равишда тантанали Янги йил тадбирлари ўтказиладиган Таймс-сквер майдонини ёпди. Бу йилги байрам тадбирларини фақатгина трансляция ёрдамида онлайн ёки телевизорда кўриш мумкин.

Пандемияда изоляция режими учинчи маротаба кучга кирган Исроилда ҳам полиция байрам тадбирларини тарқатиб юборишга тайёр. Мамлакатда назорат дронлар ва вертолётлар орқали олиб борилади. 2 мингга яқин полициячи вазиятни назорат қилади.Улар шаҳар кўчаларида патруллик қилишади ва зиёфат режалаштираётганини ижтимоий тармоқларда қайд этган одамларнинг манзилларини текширади. 

Бироқ, Янги йил кечасида одамлар кўчага чиқиш имкониятига эга бўлган шаҳарлар ҳам мавжуд. Масалан, Дубайда минглаб одамлар Бурж-Халифадаги мушакбозлик ва лазер намойишини томоша қилишлари кутилмоқда. Уларнинг барчаси QR- кодлари ёрдамида рўйхатдан ўтказилади, ниқоб тақиш мажбурий бўлади. 

Байрутда Ҳукумат комендантлик соатини соат 3:00 га кўчирди. Ливан пойтахтида Янги йил куни барлар, ресторанлар ва тунги клублар меҳмонлар учун қайта очилади.

Ўзбекистонда эса коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг бироз барқарорлашганлигини инобатга олиб, Янги йил байрами муносабати билан 2020 йил 31 декабрь ва 2021 йил 1 январь кунлари тўйхона, меҳмонхона, ресторан ҳамда кафеларда 30 кишидан кўп бўлган кўнгилочар тадбирларни коронавирусга ПЗР тест ёки экспресс-тест текшируви асосида ташкил этилишига истисно тариқасида рухсат берилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Янги йил дунё

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг