Ўзбекистонда 8 та маҳсулот тегишли ҳужжатсиз сотилган
Жамият
−
31 Июль
10396Ўзбекистон дўконларида сотилаётган 8 та озиқ-овқат маҳсулотининг лаборатория синовлари амалдаги ҳужжатларга номувофиқ деб топилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, назорат хариди учун Тошкент шаҳридаги савдо шохобчаларидан 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар харид қилинган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, аккредитациядан ўтган лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилган.
Маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Миллий “Referens” ва “Texnostandart-NEO” МЧЖ ҳузуридаги аккредитациядан ўтган лабораториялар хулосасига кўра, 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 номдагиси, яъни уларнинг 88 фоизи амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги маълум бўлган.
Жумладан, техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёрлиқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ бўлиб, қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли эканлиги аниқланган:
- “BRUNI” шоколадли кекс маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона “Almerro Group” МЧЖ;
- “SELLATILGAN MOL GO‘SHTI oliy nav” Консерваланган мол гўшти маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона “Marmaks” ҚК МЧЖ;
- “BIO KEFIR” кефир — ишлаб чиқарувчи корхона “DIL-BAH DAIRY GROUP” МЧЖ;
- “Qand” маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона “Prima industries group” МЧЖ;
- “Черноголовка” газланган салқин ичимлик — ишлаб чиқарувчи корхона “Aqua Products” МЧЖ ҚК;
- “Urussa” кунгабоқар ёғи — ишлаб чиқарувчи корхона “Resurs” мой экстракция заводи;
- “Кунжутное масло” ёғ маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХК;
- “Sedana yog‘i” ёғ маҳсулоти — ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХКлар.
Рақобат қўмитаси назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилаётганини билдирди.
LiveБарчаси