Комиловнинг компанияси “Трест-12”даги давлат улушини сотиб олди
Жамият
−
19 Февраль
7978Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, амалда Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили бўлиб фаолият юритаётган Абдулазиз Комиловнинг 53 ёшли ўғли Дониёр Комиловга қарашли компания “Трест-12” қурилиш компаниясининг устав капиталидаги 51,12 фоиз давлат улушини сотиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, хусусийлаштириш бўйича консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ишлари амалга оширилиб, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилган. Натижада, 4 нафар хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (Expression of Interest) консультантга келиб тушган.
Шу ўринда, консультант томонидан мазкур босқичда аввалдан белгиланган мезонларга мувофиқ бўлган 3 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг кейинги мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тақдим этиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинган.
Ушбу босқичда, Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битимни (NDA) имзолаган талабгорларга консультант тайёрлаган Корхонанинг молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти юзасидан комплекс таҳлил (due diligence) ҳисоботлари билан танишиш, шунингдек, корхонанинг бошқарув органи билан учрашиш имконияти яратилган.
Белгиланган муддатларда консультантга корхонани сотиб олиш бўйича 2 нафар талабгорлардан мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) келиб тушган ҳамда 111 млрд сўм миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган “Delta Global Dynamics” МЧЖ савдо ғолиби деб топилди.
Маълумот учун, Дониёр Комилов “Delta Global Dynamics” МЧЖнинг 100 фоизлик таъсисчиси саналади.
Дониёр Комилов 1972 йилда туғилган. Маълумотларга кўра, у Россия фуқароси ҳисобланади. Мутахассислиги бўйича кичик Комилов иқтисодчи, Москва Халқаро муносабатлар институти ва Москва Давлат университетларини тамомлаган. Баъзилар Дониёр Комилов олигарх Алишер Усмоновнинг қўллови билан Россияда пул ва обрў-эътибор орттирган, деб айтади.
“Forbes.ru” нашрининг ёзишича, Дониёр “Газпромбанк”нинг биринчи вице-президенти лавозимида ишлаган ва банкка қарашли “ОМЗ” машинасозлик холдинги ва унинг шуъба корхоналари директорлар кенгаши аъзоси бўлган.
2022 йилга келиб, Дониёр Россияда биринчи, дунё бўйича тўққизинчи рақамли энг йирик мис ишлаб чиқарувчи – Урал кон-металлургия компанияси (УКМК)нинг янги бенефициар эгасига айланди. Ўша йили УКМК билан боғлиқ бўлган асосий активларнинг умумий даромади “Кузбассразрезуголь”, “Уголь-Транс” логистика компанияси, “Ростерминалуголь” ва “Восточний порти” билан бирга деярли 890 миллиард рубль 7,1 миллиард долларни ташкил этган, умумий соф фойда 190 миллиард рубль (15 миллион доллар)дан ошган.
Аслида, Дониёр Комиловнинг Москвада рўйхатдан ўтган компаниялари талайгина. Хусусан, у “Селена”, “КТС”, “ВЛК”, “Холдинг Инвест”, “Гломaкс” МЧЖларининг таъсисчиси ҳисобланади.
Россия нашрлари Дониёр Комиловни россиялик олигарх деб атайди. Лекин рус манбаларида ҳам, ўзбек манбаларида ҳам Комиловнинг қанча бойлиги борлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Фақатгина унинг кўплаб компаниялари мавжудлиги ва унга тегишли бизнес компаниялари сўнгги йилларда Ўзбекистон бозорига фаол равишда кириб келаётгани маълум.
2022 йил февраль ойида Дониёр Комиловнинг компанияларидан бири “First Premium Alliance” Ўзбекистондаги энг йирик спиртли ичимликлар заводи – Қўқон биокимё АЖни 277 млрд сўмга хусусийлаштирди. 2020 йилнинг декабрь ойида ташкил топган “First Premium Alliance” алкоголли маҳсулотларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланади.
Дониёр Комиловга тегишли яна бир компания – “Metropol Group” МЧЖ 2021 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ДХХнинг собиқ марказий биносини 210 миллиард сўмга сотиб олди. Бино ўша вақтда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида турарди. Унинг сотилишига жамоатчилик норозилик билдиришига қарамай, бино сотилди. Орадан икки кун ўтгач, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатидан чиқариб юборилди. Бино ҳозир бутунлай бузиб юборилган, унинг ўрнида “Radisson Collection Hotel” меҳмонхонаси қурилади.
LiveБарчаси