Донецкда отишма: Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда
Олам
−
17 Февраль 2022
25852Бугун, 17 февраль куни эрталаб Украина хавфсизлик кучлари ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск Халқ Республикаси ҳудудини тўрт марта, шу жумладан Минск келишувларида тақиқланган миномётлардан ўққа тутгани айтилмоқда. Рус медиасининг Ўт очишни тўхтатишни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича қўшма марказга тайяниб хабар беришича, аҳоли пункти ҳам ўққа тутилган.
“Украина қуролли тузилмалари Минск келишувларига кўра олиб қўйилиши керак бўлган қуроллардан фойдаланган ҳолда ўт очишни тўхтатиш режимини қўпол равишда бузди”, дея иддао қилинмоқда.
Унга кўра, Москва вақти билан соат 05:30 дан бошлаб Украина хавфсизлик кучлари республика назоратидаги Сокольники, Золотое-5, Веселенькое ва Нижнее Лозовое аҳоли пунктларини 120 ва 82 миллиметрли миномётлар, гранатомёт ва оғир пулемётлардан ўққа тутган.
Қайд этилишича, кейинроқ Украина хавфсизлик кучлари ўт очишни тўхтатиш тартибини қўпол равишда бузган ҳолда Донецкдаги қишлоқни ўққа тутган.
Украина томонига кўра, кеча, 16 февраль куни бир суткада россиялик ёлланма жангарилар Луганскда ўт очишни тўхтатиш режимини 8 марта бузган, бугун кун бошидан буён 2 та қоидабузарлик қайд этилган. Таъкидланишича, босқинчилар миномёт, гранатомётдан ўқ узган.
Бундан ташқари, рус ёлланма аскарлари Лобачево ва Водяное яқинида учувчисиз учиш аппаратларини жойлаштирган, улар ёрдамида ВОГ-17 ва ВОГ-25 снарядларини ташлаган.
“Душман ҳаракатлари натижасида Бирлашган кучлар ҳарбий хизматчилари орасида қурбонлар йўқ”, дейилади хабарда.
Қайд этиш керакки, Россиянинг машғулотлар сабаб Украина билан чегарага қўшин тўплаши ортидан Шарқий Европада инқироз юзага келди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни, у ерда бўлиб турганлардан мамлакатни тарк этишни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
15 февралга келиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Ғарбнинг тахминлари пуч бўлиб чиққанини айтиб, 15 февраль Ғарбнинг уруш тарғиботи барбод бўлган кун сифатида тарих киришини маълум қилди. Блинкенга эса ҳамон Россия шу ҳафтада Украинага қарши “ҳарбий тажовуз” қилиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини айтмоқда.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш нияти йўқлигини билдирмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
Кейинроқ Россия вакили мамлакат ўз фуқароларини қаерда бўлишидан қатъий назар ҳимоя қилишини таъкидлади ва бу урушга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, 15 февраль куни Россия парламенти – Федерал Мажлисининг қуйи палатаси – Давлат думаси ялпи мажлисида Донбасснинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск вилоятлари суверенитетини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бунда Донецк ва Луганск халқ республикларини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек ҳукмрон “Ягона Россия” партияси лойиҳаси овозга қўйилиб, ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш танланди.
Қайд этиш керакки, 2008 йил Россия ўз мухториятига қўшин киритишни режалаштираётган Грузияни тўхтатиш учун Осетияда россияликлар борлигини важ қилиб, ҳудудга қўшин киритганди. Якунда икки ўртада уруш бўлиб, Грузия мағлуб бўлган.
LiveБарчаси