Дунё бўйича 4 апрель ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган беморлар сони 1 099 670 нафарга етди. 59 169 га яқин одам касаллик сабаб оламдан ўтди. 228 923 нафар бемор шифо топди. Бугунга қадар 205 та мамлакатда коронавирус аниқланди.
Ўзбекистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинган сони 227 нафарга етди. 25 бемор бутунлай соғайган бўлса, 2 киши вафот этган.
Қирғизистонда 34 яшар аёл коронавирусдан буткул соғайди. У Боткен вилоятидаги шифохонага жойлаштирилган эди. Айни дамда мамлакатда инфекция қайд этилганлар сони 130 нафарни ташкил қилмоқда.
Қозоғистонда яна 4 нафар одамда инфекция аниқланди. Улардан бири Нур-Султон шаҳрида, яна бири Мангистау вилоятида қайд этилган. Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 464 нафарга етди.
Беларусда 7 апрелдан коронавирусга оид вазиятни баҳолаш мақсадида Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус миссияларидан бири иш олиб боради. Улар мамлакатда бир ҳафта бўлишади. Айни дамда улар Италия ва Испанияда иш олиб бораётгани таъкидланган. Энди ушбу миссиялар жаҳоннинг ҳар бир давлатида бўлиши маълум қилинди.
АҚШда коронавирус касаллиги оқибатида вафот этганлар сони сўнгги 24 соат ичида 7 077 нафарга етди. 9 500 атрофида бемор тузалиб кетди. Қўшма Штатларда умумий ҳисобда 273 мингга яқин одамда вирус қайд этилган.
Доғистонда тақиқи бўлишига қарамай, минглаб одамлар жума намозини ўқишга чиқди. Республика раҳбари Владимир Васильевнинг таъкидланишича, ким бунга йўл қўйган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади. Сўнгги 24 соат ичида 10 нафар доғистонлик вирусга чалинди. Касалланганларнинг умумий сони 25 нафарни ташкил этмоқда.
Жаҳоннинг бошқа давлатларида қуйидаги ҳолат: Мисрда коронавирусга чалинганлар сони 985 нафарга етди. Украинада бу рақамлар 1072 нафарни кўрсатмоқда. Францияда инфекциядан ҳалок бўлган беморлар 5000 га яқинлашди. Туркия ҳукумати жамоат жойида ниқобсиз юришни тақиқлади.