ДХХ кубоги: Тошкентнинг “зўри” аниқланди
Спорт
−
13 Июль
6399Кеча, 12 июль куни футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубогининг Тошкент шаҳар босқичи финал ўйини бўлиб ўтди. Пойтахтдаги ЖАР стадиони мезбонлик қилган чемпионлик ўйинида пойтахтнинг Олмазор тумани “Чимбой” ва Янги ҳаёт тумани “Дўстлик” жамоалари ўзаро баҳс олиб борди.
Муросасиз тарзда кечган баҳснинг ҳар икки таймида Янги ҳаёт туманининг “Дўстлик” жамоаси рақибларидан устунлик қилди. Эпизодлардан бирида учрашув ҳакамининг “Чимбой” жамоаси аъзосига қизил карточка кўрсатгани ҳам ўйин тизгинини янги ҳаётликларга ўтишини таъминлади. Гарчи ҳар икки жамоада гол уриш учун бир нечта имконият юзага келган бўлсада, якунда 2-таймда “Дўстлик” жамоаси томонидан киритилган ягона гол уларни Тошкент шаҳри чемпионига айлантирди.
Ҳаяжонли финал якунлангач, шахсан Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов йил давомида тизимли равишда ўтказилган ДХХ кубогининг аёллар ва эркаклар ўртасидаги ғолиб ва совриндорларини тақдирлади. Шундай қилиб, ДХХ кубогининг Тошкент шаҳри босқичи ўз поёнига етди. Республика босқичининг катта футбол баҳсларида Янги Ҳаёт туманининг “Дўстик” жамоаси пойтахт номидан баҳсларга киришади.