ДХХ Андижонда кучли таъсир қилувчи дори сотувчи уюшган тўдани ушлади
3-саҳифа
−
02 Июнь 2022
6249Андижонда Қирғизистон Республикасидан ноқонуний олиб келинган кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Олинган маълумотларга кўра, 1988 ва 1991 йилларда туғилган, муқаддам судланган ака-ука 2 нафар қариндошини жалб этган ҳолда, кишига вақтинчалик сархушлик бағишлайдиган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг барқарор савдосини йўлга қўйган.
Дастлаб, вилоят марказидаги “Навоий” шоҳ кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда 1997 йилда туғилган муқаддам судланган шахс бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 70 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Сўнгра унинг кўрсатмаси асосида жиноий гуруҳнинг бошқа бир аъзоси – муқаддам 3 маротаба судланган, 1983 йилда туғилган аёлнинг яшаш хонадонидан таркибида психотроп моддалар туркумига кирувчи “тригексифенидил гидрохлорид” моддаси бўлган 75 дона “Циклодол” дори воситаси, шунингдек, 1715 дона “Регапен”, 211 дона “Тропикамид”, 200 дона “Зардекс”, 185 дона “Лирика” кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Бундан ташқари, жиноий гуруҳ етакчилари бўлган ака-уканинг маҳаллий аҳоли орасида Электросеть кўчаси дея аталувчи А.Ҳайдаров кўчасида жойлашган яшаш хонадонида, шаҳарнинг Амир Темур кўчасида жойлашган уларга тегишли “ХХХ” тунги клубида ва автомашиналар ювиш шаҳобчасида ҳам тинтув-тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Натижада, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган умумий қиймати 103 млн. сўмлик 3000 дона “Тропикамид”, “Регапен”, “Лирика” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари, “бита” таёқлари, ўткир тиғли жисмлар, алоқа воситалари, катта миқдордаги пул маблағлари, ҳисоб-китоб дафтарлари, гаров сифатида қолдириб кетилган ҳайдовчилик гувоҳномаси, диплом, никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома, фуқаролик паспортлари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, ДХХ ходимлари томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалар савдосига қарши ўтказилган бошқа бир тезкор тадбирда эса Андижон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомашинаси шаҳарнинг Дўстлик МФЙ ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, унда 2296 дона “Лирика”, 1598 дона “Тропикамид” ва 337 дона “Регапен” дори воситалари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилган.
Бу каби тадбирлардан яна бири Олтинкўл туманида ўтказилиб, унда “Наманган – Андижон” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Lacetti автомашинасида 4032 дона “Регапен” ҳамда 971 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, Олтинкўл туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган 2 нафар фуқаро ушбу дори воситаларини Андижон шаҳрида сотишни режалаштирган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь