Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя агентлиги вакили бўлди
Спорт
−
23 Август
13579Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилди.
“Диёранинг Олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади”, деб ёзди Шаҳноза Мирзиёева.
Унинг айтишича, Келдиёрованинг махсус вакил сифатидаги янги вазифаси Ўзбекистондаги барча аёллар учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаган ҳолда исталган соҳада чўққига чиқиши мумкинлигига ўзига хос чорлов бўла олди. У спортчининг фаолияти нафақат мамлакатда гендер тенглигига эришишни тезлаштиришига, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши ҳамда бутун дунё аёлларини руҳлантиришига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шаҳноза Мирзиёева Франция пойтахти Парижда Диёра Келдиёрова билан учрашган ва Диёра Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда оилаларда аёлларга нисбатан учрайдиган зўравонликка, жамиятдаги гендер ҳақсизликка қарши қаратилган бир қанча лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, шу лойиҳаларнинг юзи ва иштирокчиси бўлиш ҳақидаги таклифни қабул қилганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь