Депутат Ганира Пашаева вафот этди
Олам
−
28 Сентябрь 2023
21606Бугун, 28 сентябрь куни Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламент) Маданият қўмитаси раиси, депутат Ганира Пашаева Марказий клиник шифохонада вафот этди. Бу ҳақда "Озарбайжон 24" нашри хабар берди.
"Марказий клиник шифохона ходимлари ва мутахассис шифокорлар томонидан кўрилган барча зарур чораларга қарамай, келиб чиқиши номаълум бўлган гипотоник ташхиси қўйилган Ганира Пашаеванинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) депутати Ганира Пашаева комага тушгани хабар қилинганди. Унга келиб чиқиши номаълум гипотоник ҳолат ташхиси қўйилганди.
Маълумот учун, Ганира Алескар қизи Пашаева 1975 йил 24 март куни Озарбайжоннинг Товуз вилоятида туғилган. У 1998 йилдан ANS TV телекомпаниясида мухбир, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаб келган. 2005 йилда у Ҳайдар Алиев жамғармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимини бошқарган. 2005 йил 6 ноябрда 105-Товуз сайлов округидан депутат этиб сайланган.
Шу билан бирга, у 2011 йил апрель ойида Туркиядаги архив материаллари ва гувоҳларнинг сўзларига асосланиб, ХХ аср бошларида турклар арманларга қарши геноцид қилгани ҳақида филм суратга олган. У Озарбайжон ёзувчиси Ғазанфар Пашаевнинг жияни эди.
Ганира Пашаева Ўзбекистонга ҳам тез-тез келиб турарди. У сўнгги ташрифида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида меҳмон бўлиб, депутат ва сенаторлар билан мулоқот қилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ҳам учрашув ўтказган. Ганира Пашаева Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида бир неча бор меҳмон бўлиб, Ўзбекистон ҳақида озар тилида китоб нашр эттирган. Унинг шеърлар тўплами ҳам ўзбек тилига таржима қилинган.
LiveБарчаси