“Бўғилаётган” Тошкент, экология ташвиши, камбағаллари камайган Ўзбекистон, қадамида пултопар ҳоким – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
23 Ноябрь 4091 18 дақиқа
Оғир ҳафтага якун ясаяпмиз. Тоза ҳавонинг, тўйиб нафас олишнинг қадри янада билинган ҳафта. Нафақат Тошкент, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам шу аҳвол. Ўзгидромет зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни, ниқоб тақишни ва соғлиққа эътиборли бўлишни бот-бот тавсия қилаётган ушбу ҳафтада пойтахт Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича яна антирекорд ўрнатди. Гарчи Ўзгидромет ҳафта бошида ҳаводаги PM 2,5 заррачаларининг меъёрдан ошиқ бўлиши ҳафта давомида сақланиб қолишини эълон қилиб, одамларни огоҳлантирган бўлса-да, жамоатчиликнинг ҳаво сифатидан эътирозлари ортгандан ортди. Улар орасида, албатта, бир кун бўлса ҳам автомобиль ўрнига пиёда ёки велосипедда ҳаракатланишни ўзига эп кўрмайдиганлар, қурилишини тўхтатиб туришга ақалли бир ҳафта рози бўлмайдиган дарахт кушандалари, тоғ-у даштга чиққанда атрофни чиқиндига тўлдирадиган, кейин табиатни асраш ҳақида ваъз ўқийдиганлар ҳам бор.
Масъуллар тилга кирди: Тошкентда “чангланиш” яна қанча давом этади?
Тошкентнинг юзи айтилганидек нафратдан хира тортаётгани йўқ. Ҳақиқатан ҳам ҳаво сифати ёмон. Шу боис ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги чангга қарши вақтинчалик чора сифатида пойтахт кўчалари ва яшил ҳудудларга сув сепишни бошлади.
“Шаҳар муҳитининг юқори чангланиши шароитида энг тезкор самарали чоралардан бири – йўл қопламаси ва унга яқин ҳудудларни намлаш ҳисобланади. Бу усул илмий асосга эга бўлиб, дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ифлосланиш авж олган даврларда қўлланилади”, дея изоҳлади ҳокимлик ўзи қўллаган чорани.
Қолаверса, ҳокимлик аллақачон бу йилги фавворалар мавсуми тугаган бўлишига қарамай, шаҳардаги барча фавворалар ҳамда микроиқлим қурилмаларини ишга туширди.
Ҳокимликка кўра, автомобиллар ҳаракатланаётганида йўл юзасидаги қуруқ чанг доим кўтарилиб туриши ҳисобига ҳаводаги PM заррачалари 25-40 фоизга ортади.
“Шу билан бирга, йўлларга сув сепиш ва яшил зоналарнинг суғорилиши ҳароратни пасайтиради. Юқори ҳароратда чанг ҳавода узоқроқ вақт сақланиб қолади, ифлослантирувчи моддалар кимёвий реакциялари тезлашади. Намлаш эса бу жараённи секинлаштиради ва заррачаларнинг тезроқ чўкишини таъминлайди”, дейди ҳокимлик.
Шу кунларда экологлар, мутахассислар, фаоллар ва жамоатчилик Тошкент ҳавосининг бузилишини совуқ тушиши билан иссиқлик станциялари мазутдан фойдаланиши, иссиқхона газлари, автомобиллардан чиқадиган заҳарли ажралмалар, шаҳар бўйлаб тинимсиз давом этаётган қурилишлар, инфратузилманинг табиат билан келишилмаган ҳолда амалга оширилиши, оқибатда Тошкентда ҳаво айланмаслиги ва ҳатто қўшни Тошкент вилоятига яқин қўшни мамлакатлар ҳудудларидаги иссиқхонадан чиқаётган заҳарли моддаларнинг шамол оқими билан Тошкентга кириб келиши каби унсурларга боғлаб келмоқда.
Вазият жиддий тус олган 21 ноябрь куни “Иссиқлик электр станциялари” АЖ мазут ёқишдан буткул воз кечганини эълон қилиб чиқди. Қайд этилишича, корхона мазут ўрнига электр ва табиий газдан фойдаланмоқда. Умуман, 2024 йилдан буён “Иссиқлик электр станциялари”да атроф-муҳитга чиқаётган ифлослантирувчи моддалар 200 тоннага камайган.
Ҳафта охирлаганида Гидрометеорология хизмати агентлиги директори Шерзод Хабибуллаев мурожаат билан чиқиб, Тошкентда ҳаво ифлосланиши сабабларини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижаларини эълон қилди. Кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия, ёғингарчиликнинг йўқлиги, арид, яъни қурғоқчиликнинг кучайиши ва табиий чангланиш ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳавосининг бош анализатори сўзларига кўра, ҳаводаги ҳозирги ҳолат 24 ноябригача давом этиши мумкин ва ўша кунгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳол.
Об-ҳаво масъулининг айтишича, бу жараён нафақат Тошкент, балки Олмаота, Бишкек, Душанбе каби қўшни республикалар шаҳарларига ҳам бегона эмас ва у одатда ноябрь-февраль ойларида кузатилади.
Президент дарахтлар тақдирини халқ қўлига топширяпти
Бу ҳафта жамоатчилик, экофаоллар ва журналистлар экология борасидаги ташвишлари Президентгача етиб борди ва давлат раҳбари бир эмас, нақ икки муҳим ҳужжатни имзолади. 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор жамоатчиликнинг ютуғи ва Президентнинг экология борасида қаттиқ ташвишдалиги инъикоси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Қисқа ва лўнда қилиб айтганда, ҳавони эртагаёқ чангютгич билан тозалиб қўйишнинг имкони йўқ. Дод-фарёд қилингани билан ҳам бирор нарса ўзгариб қолмайди, албатта, бунда жамоатчилик ва фаоллар, мутахассисларнинг конструктив танқидларига ўрин ҳамиша бор. Шу боис ҳам давлат раҳбари икки ҳужжат билан “аррани олди, қайчини ўтмас қиляпти”. Бош эколог Абдуҳакимов энди вазир эмас. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди. Абдуҳакимов раис ва бир вақтнинг ўзида Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлди. Энди у фақат Президентга ҳисоб беради. Бошқа ҳеч бир мансабдор Абдуҳамиковни бурчакка тиролмайди, агар у вазифасини айтилганидек бажарса, яқинда орада Тошкентликлар ҳақиқий мусаффо осмонни ҳам кўра бошлайди.
Нафақат қўмитаси Ҳукуматга ҳисоб бермайди, балки ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади. Бундан тушуниш мумкинки, энди экология ходимларига ҳокимлар дахл қилолмайди.
Эндиликда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилишни истисно қилиш ёки риоя этмасдан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахт ва буталарни кесиш ва кўчиришни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарор, фармойиш, баённома ва ёзма топшириқларини ҳамда идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини қабул қилиш қатъий тақиқланади.
Энг муҳими шуки, Давлат экологик назорат инспекцияси – оддий қилиб айтганда Экополиция ташкил этилмоқда. Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратуралар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Янги қабул қилинган ҳужжатлар билан фуқароларнинг ваколати ҳам, мажбурияти ҳам ортмоқда. Энди маҳаллангизда бўш турган дарахтлари бор ер майдонларини фалончи ака ёки писмадончи уканинг жиянлари эгаллаб ололмайди. Негаки, Президент 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга жамоатчилик томонидан тақиқ қўйиш бўйича ташаббус киритиш имкони яратилади. Бундан тушуниш мумкинки, Президент дарахтларни асраб қолиш ҳуқуқини мутлақ халқнинг қўлига беряпти. Дарахт билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми тақиқ қўйишга розилик билдирган тақдирда, Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратишга тақиқ қўйилади.
Хуллас, бу масалада гапираман, десанг гап, яхши янгиликлар кўп. Фақат айтганимдек, ҳужжатлар токчада қолиб кетмай, ишласа. Масъул этилганлар ишончни оқласа...
Энди бозорларда “съёмка” пуллик бўлади
Бу Тошкентнинг амалдаги ҳокими аввалги ҳоким Ортиқхўжаевдан анча тадбиркорроқ чиқди-да. Яқиндагина йўл чети автомобиль тўхташидан пул қилишни жорий қилган ҳоким бува энди бозорларда тасвирга олишдан ҳам пул ишлаш йўлини ўйлаб топиб, узоқ кутмай қарорни ҳам имзолаб юборди.
Қарорга мувофиқ энди Тошкентдаги бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида видео суратга олмоқчи бўлганлар, яъни бозорларда тижорат мақсадида видео ёки тасвирга олишда фойдаланганлар – видеоролик, реклама ролиги, клип ёки бошқа усулда видео ёки тасвирга олиш учун бозор маъмуриятига соатига 5 миллион сўм тўлаб қўйиши керак бўлади. Бунда хориждан келган туристлар ва оммавий ахборот воситалари мустасно. Умурзоқовнинг ушбу қарори эътирозларга сабаб бўлгач, одатда бундай вазиятларни зимдан кузатиб ўтиришга одатланган ҳокимлик тилга кириб, тушунтириш билан чиқди.
“Харидларингизни телефонга суратга олиш, оила билан расмга тушиш, шахсий блог ёки сторислар юритиш – бепул ва рухсат этилган. Сайёҳлар, мактаб ўқувчилари, талабалар, расмий ОАВ журналистларига ҳеч қандай чекловлар қўлланилмайди. Қоидалар фақат тижорат мақсадидаги суратга олишга, яъни пул ишлаб, даромад олиш учун мўлжалланган видеотасвирларни олишга тааллуқли.
Бу мунтазам равишда реклама, интеграция ва “просмотр”лардан пул топадиган йирик блогерлар ва инфлюэнсерлар, клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки фильмлар суратга оладиган тижорат студиялари ва медиа ишлаб чиқариш гуруҳлари, ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун бозор ҳудудидан фойдаланадиган компанияларга тааллуқли”, дейилади пойтахт ҳокимлиги изоҳида.
Ҳокимликнинг ишонтиришича, тижорат мақсадидаги суратга олиш учун тўловлар расмий, шаффоф тарзда йиғилади ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади. Майли, тасвирга олиш, айнан тижорий мақсадда тасвирга олиш пуллик бўлди ҳам дейлик. Лекин ҳокимият айнан 5 миллион деган миқдорни қаердан олди. Бу миқдорнинг ўзаги қаерда? У нимага боғланган БҲМгами ё энг кам иш ҳақигами? Эртага нарх ошса, нимага кўра ошади? Ўзи бугун бозорларда тижорий тасвирга олишга талаб қай даражада? Айтайлик, бир ойда Тошкент бозорларда нечта тижорий тасвирга олиш ишлари амалга оширилган? Бу ҳисоботлар ҳақида гапирадиган одамнинг ўзи йўқ. Бундай саволлар фақат менда туғилаётгани йўқ. Иқтисодчи, Гарвард бизнес мактаби доктори, профессор Ботир Қобилов ҳам шу фикрда.
“Бозорлар ва савдо жойларида видеога олишни тақиқлашнинг фақат салбий тарафлари бор, менимча. Кичик контент яратувчиларга 1 соат видео олишга 5 миллион сўраш бу мантиқсиз. Айниқса, туризм ва маҳаллий контент тарғиботи кучайтирилаётган пайтда. Рақамли иқтисодиёт тушунчасига зид. Хорижий туристларни бу ўлпондан мустасно қилиб, маҳаллий аҳолига тўлатишнинг ўзи бир дискриминация.
Сотувчилар ва бозор учун видеолавҳалар бу – бепул реклама. Яхшилаб ўйлаб кўрилса, видео олган пул тўлаши эмас, видео олганга пул тўланиши керак. Яъни бу бозорларнинг иқтисодий фаоллигига зарар. Бозорлар ҳақида қизиқ ва гўзал видеолавҳалар интернетда энди камаядими? Кичик тадбиркорликка зарарку бу. Бозорда нарса сотсам, уни тармоқда реклама қилгани видео олишга соатига 5 миллион тўлайманми?
Қоиданинг ўзи аниқ эмас, тижорат мақсади нима дегани? Мен Чорсу бозоридаги кабобхонадан видео олиб ижтимоий тармоққа қўйсам, бу тижоратми? Ахир тармоқда монетизация бор-ку?”, дейди Ботир Қобилов.
Тошкент шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинган қарордаги яна бир муҳим жиҳат бозорлардаги автотураргоҳлар билан боғлиқ. Қарор билан бозорлар автотураргоҳларида енгил автомобиллар учун тўлов миқдори ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари оширилмоқда. Эндиликда шанба ва якшанба кунлари 20 дақиқагача 5000 минг, 40 дақиқагача 7000, 1 соатгача 8000, 2 соатгача 9000, 3-4 соатгача 25000-35000 ва 4 соатдан ошганда 50000 тўлашингиз керак бўлади. Тошкентнинг “эгаларига” кўра, янги тартиб бозорлар яқинидаги тирбандликни камайтириш ва автотураргоҳлар юкламасини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.
Ўзини мухолиф деб эълон қилган Халқ демократик партияси эса Тошкентдаги автотураргоҳларнинг нархларини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Фақат гап бозорлардаги автотураргоҳ нархлари эмас, балки йўл бўйларида ташкил қилинган, тўғрироғи чизиб олинган тураргоҳлар нархи ҳақида бормоқда.
Мухолифатчиларнинг фикрича, соатига 12 минг сўмдан белгиланган автотураргоҳлардан тушаётган маблағлар бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик етишмаяпти. Бундай тизим аҳолининг даромадлари ва имкониятларига мос бўлиши, унда одамларнинг ҳаётий эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.
“Пойтахт маркази ва унга яқин ҳудудларда ишлаётган юртдошларимиз иш вақти давомийлиги бўйича автомобилларини 8 соат атрофида пулли тўхташ жойларида қолдиришига тўғри келмоқда. Демак, кунлик тўлов 100 минг сўм атрофида бўлиб, ойлик тўлов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ҳам ортиб кетмоқда. Бу эса фуқароларнинг ўртача даромадларига қанчалик тўғри келаётгани жиддий масалага айланмоқда”, дейилади ХДП мурожаатида.
ХДПнинг талабларига кўра, оммавий фойдаланишдаги хизмат учун ҳар қандай тариф ёки йиғим миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжлари инобатга олиниши зарур. Белгиланган тарифлар иқтисодий асосланиши, қайта кўриб чиқилиши, маблағлар қаерга тушаётгани, уларнинг қандай сарфланиши ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқланиши керак. Ижтимоий объектлар олдида бепул фойдаланиш имкониятини яратиш керак.
Қолаверса, қатор пуллик тўхташ жойлари “қатнов қисмида тўхташ тақиқланади” белгиси ўрнатилган йўл қисмларида ташкил этилаётгани “пул тўланса, мумкин”, деган хулосани бермоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, тўхташ тақиқланган жойда тўловдан кейин тўхташ мумкин бўлаётгани тенглик тамойилларига зид.
Ўзбек компаниялари АҚШ, ЕИ, Украина “қора рўйхатига” тушди
АҚШ Молия вазирлигининг Ташқи активларни назорат қилиш бошқармаси Ўзбекистондаги Datavice компанияси ва яна бир қатор ташкилотларни Россиянинг IT-сектори билан алоқадорликда айблаб, “қора рўйхат”га киритди.
Жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Datavice компанияси 31 июлдан буён IT-Парк резиденти ҳисобланади. Orginfo маълумотларига кўра, Максим Макаров компания таъсисчиси, раҳбари ва бош ҳисобчиси сифатида қайд этилган. Корхонанинг устав фонди 24 миллион сўм.
Санкция қўлланилган шахс ва корхоналарнинг АҚШ юрисдикциясидаги барча активлари блокланади. Уларга нисбатан ҳар қандай молиявий операциялар тақиқланади, бу талабни бузганларга эса иккиламчи санкциялар қўлланилиши мумкин.
Европада ҳам шу аҳвол. Ўзбекистонлик тадбиркор Рустам Мўминов Европа Иттифоқининг 19-санкциялар пакетидан жой олди.
Мўминов ҳали ҳам Фарғона кимё заводини назорат қилади. ЕИ баёнотида қайд этилишича, бу завод Россия кучларига қурол ишлаб чиқариш учун Пермь ва Қозон порох заводларига пахта целлюлозасини етказиб берган.
“Рустам Мўминов Ўзбекистонда жойлашган Фарғона кимё заводини назорат қилади. Фарғона кимё заводи Пермь порох заводи ва Қозон давлат порох заводига пахта целлюлозасини етказиб берган. Бу корхоналардан Россия Қуролли кучлари қурол олган. Шунинг учун Рустам Мўминов Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлайди”, дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатда, Мўминов 1965 йилда туғилгани ва Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия фуқаролигига эга экани айтилган.
Фарғона кимё заводи 2012 йил 3 августда рўйхатдан ўтган. У қоғоз пульпа ва целлюлоза ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг устав капитали 51,1 миллиард сўмни (тахминан 4 миллион доллар) ташкил этади. Унинг асосчиси Mercury Renaissance, директори эса Сергей Назирович Сабировдир.
Тошкентнинг Яккасарой туманида жойлашган масъулияти чекланган жамият Mercury Renaissance 2016 йил 11 апрелда рўйхатдан ўтган. Расмий ҳужжатларга кўра, шу йилнинг май ойида Рустам Раҳимжонович Мўминов Mercury Renaissance компаниясининг 60 фоизига эгалик қилган.
Жорий йил май ойида Украина учта ўзбек компаниясига қарши санкциялар жорий қилди, уларни Россия ҳарбий-саноат комплексига икки мақсадли маҳсулотлар етказиб беришда гумон қилди. Улар орасида Хомашё целлюлоза, Mercury Renaissance ва Фарғона кимё заводи бор эди. Украина, шунингдек, Рустам Мўминовга қарши шахсий санкцияларни жорий қилган.
Хорижда мигрантларга кун йўқми?
АҚШнинг Иммиграция ва божхона назорати хизмати 31 ёшли ўзбек муҳожирини Ўзбекистон сўрови билан террорчилик ишларида алоқадорликда гумон қилган ҳолда ҳибсга олди.
У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 242- (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган ҳамда 2022 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган.
АҚШнинг Иммиграция ва божхона назорати маълумотларига кўра, ўзбекистонлик 2023 йилнинг февралида АҚШга ноқонуний тарзда кирган. Чегара патрули уни ўша пайтда тўхтатган, кейинчалик эса қўйиб юборган. Сўнгра у АҚШда ишлашга рухсат олиб, тижорий ҳайдовчилик гувоҳномасини олган. Жорий йилнинг 9 ноябрь куни у Канзас штатида юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаётган пайтида Иммиграция ва божхона назорати ходимлари томонидан ушланган.
Ҳибсга олиш АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти даврида иммиграцияга оид тижорий ҳайдовчилик ҳуқуқларини беришда назоратни кучайтириш чоралари билан боғлиқ. Ана шундай рейдларда Аризона штатида 5 та ҳайдовчилик гувоҳномасига эга яна бир 29 яшар ўзбекистонлик қўлга олинди. У Кварцит шаҳри яқинида юк машинасида йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Ҳодиса тафсилотлари маҳаллий полиция томонидан ўрганилганида, ўзбекистонлик эркакда 5 та ҳайдовчилик гувоҳномаси борлиги аниқланган. Унга Нью-Йоркда 2 та, Огайо штатида эса 3 та ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган.
Текширув давомида ушбу шахс 2023 йил апрель ойида АҚШга ноқонуний равишда киргани, шу йилнинг июль ойида иммиграция судьяси уни депортация қилиш ҳақида қарор чиқаргани, бироқ у бунга бўйсунмай, мамлакатда қолгани аниқланган. Ўзбекистон фуқаросининг иши яна кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юборилган.
Айни шу ҳафтада Россиядаги ўзбекистонлик ҳайдовчилар ҳам огоҳлантирилди. Огоҳлантириш мамлакатда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланиш тартиби ўзгараётгани билан боғлиқ.
Хорижий ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан олиш бўйича Россия қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан Россия Федерацияси ҳудудида транспорт воситаларини шахсан бошқариш мумкин.
Шу билан бирга, Россия Федерацияси ҳудудида касбий фаолиятни (такси, юк ташиш, йўловчи ташиш ва бошқалар) амалга ошириш учун Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш зарур, бу эса хорижлик ҳайдовчиларни белгиланган тартибдан ўтишини талаб қилади.
Шунингдек, шу ҳафтада Россия Ички ишлар вазирлигининг назорати остидаги шахслар реестридан 160 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси номи ўчирилгани эълон қилинди. Уларнинг 70 мингдан ортиғи миграция органларида ҳуқуқий мақомини тартибга солгани, қолганлари эса Россиядан белгиланган муддатларда чиқиб кетгани ёки бошқа сабабларга кўра чиқарилган.
Ўзбекистон учун миграция биринчи маъмурият давридагидек уятли ҳолат эмас. Интеграция мамлакат иқтисодиётининг асосий драйверига айланган. Ҳукумат мигрантлар ҳаётини яхшилаш, уларнинг иш топишини осонлаштириш ва қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланишини таъминлаш дардида ва локация аввалгидек шимол билан чекланмайди. Ўзбекистонликлар учун кўзланган манзил – Европа. Тугаётган ҳафтада Президент ҳузуридаги ушбу масала кенг муҳокама қилиниб, Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси бўйича келишувлар мавжуд эмаслиги қайд этилди. Давлат раҳбари томонидан Европа давлатлари билан тегишли ҳукуматлараро ҳужжатларнинг имзолаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди. Президент Матбуот хизматининг маълум қилишича, 2016 йилга нисбатан чет элда ишлаётган фуқароларнинг сони камайган бўлса-да, улар томонидан юборилган маблағ 3,8 миллиард доллардан 2025 йилнинг ўн ойи якунида 15,8 миллиард долларга етган.
Келаси йил ногиронлиги бўлган 40 минг одам ишли бўлади
Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён ишсизлик 4,9 фоизга тушди. Ўтган йили бу кўрсаткич 5,5 фоиз эди. Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, “табиий ишсизлик” даражасига илк бор яқинлашган. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Президент раислигида ўтган камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Билдирилишича, эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиққан. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 8,9 фоиз бўлган.
Шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискент туманларида камбағал оилалар сони 4,5 баробаргача камайган. Илгари қийин аҳволда бўлган 105 минг оила даромад кўришни бошлаган, камбағал оилаларнинг ўртача даромади йил бошига нисбатан 2 баробарга ошган.
Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланган. Йиғилишда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026 йилдаги вазифалар муҳокама қилинар экан, давлат раҳбари Қашқадарёнинг Чироқчи ва Сурхондарёнинг Денов туманлари ҳокимлари фаолиятидан қониқмаётганини билдирди.
Йиғилишда айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани танқид қилинди. Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та – Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига чора кўриш топширилди.
Йиғилишда келаси йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳаси орқали ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш режалаштирилмоқда. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади.
Камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолинади. Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Бу вазифалар устидан назорат ҳамда вилоят ҳокимлари билан унинг ижросини ташкил қилиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада икки йилдан ортиқ Солиқ қўмитасини бошқариб келаётган Шерзод Қудбиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва ўша куннинг Президент фармони билан янги ташкил этилган Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Солиқ қўмитасида ундан бўшаган курсини эса 3 ярим йилдан ортиқ Кадастр агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётган Фаррух Пўлатов эгаллади. У аввал прокуратура органларида фаолият ёритган.
Ўзбекистон телевидениеси фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви муаллифи Мираббос Мирзааҳмедов 19 ноябрь куни 84 ёшида вафот этди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мирзааҳмедовнинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига таъзия билдирди.
“Бутун умр доимо изланиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган заҳматкаш ижодкор ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратиб, кўплаб ёшларга устозлик қилди”, дейди Президент ўз таъзиясида.
“Санжик иши”: Фирибгар “куёв” қамалди
Ёдингизда бўлса ўтган ойда Тошкентнинг Малика деб аталувчи маиший техника бозорида ишлаган Шаҳзод исмли йигит бўлажак турмуш ўртоғини чув тушириб, Санжик номи билан танилган блогер Каримовдан катта миқдорда қарз олиш важи билан қиз яшаб турган уйни Каримовнинг номига вақтинча ўтказиб туриб, қарзларидан қутилгач, яна уйни қайта расмийлаштиришга кўндиргани, мақсадига етгач, ғойиб бўлгани катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Қиз ва унинг оиласи йигитни, уйни номига расмийлаштирган Каримовни фирибгарликда айблаб чиққанди. Каримов эса уйни меҳрибонлик уйи балансига ўтказганини иддао қилиб чиқди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси уй болалар уйи балансига ўтказилганини рад этди.
Машмаша шу билан тугагани йўқ. Иш судда кўрилди ва 21 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Шаҳзодга оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди.
Суд ҳукмига кўра, йигит Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шу билан бирга, судланувчи айбдордан жабрланувчилар фойдасига – бирига 3 448 701 208 сўм, иккинчисига 925 769 852 сўм ва учинчиси, яъни қизга 464.672.126 сўм миқдорида зарар ундирилиши белгиланган. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Катта Оқтепа” МФЙ, Оқтепа кўчаси, 5А/3,4-уй юзасидан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.
Шунингдек, суднинг алоҳида ажрими билан айбдор йигитга оид жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига хабар қилиниши белгиланган.
Live
Барчаси