Давлатлар Ғазони тиклаш учун 70 млрд доллар беришга тайёр – БМТ
Олам
−
15 Октябрь 2025 3633 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) расмийлари Европа ва араб давлатлари, Канада ҳамда АҚШ Ғазони қайта тиклаш учун керак бўлган 70 миллиард доллар миқдоридаги маблағни ажратишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (UNDP) вакили Жако Силлерснинг маълум қилишича, Исроилнинг ҲАМАСга қарши икки йиллик уруши оқибатида 55 миллион тоннадан ортиқ вайрона пайдо бўлган — бу Гиза эҳромларидан 13 баравар кўп. Ғазо ҳудудининг тўлиқ тикланиши ўнлаб йиллар давом этади.
“Европа давлатлари, Канада каби кўплаб ҳамкорларимиздан ижобий хабарлар олдик. АҚШ билан ҳам бу борада музокаралар олиб борилмоқда”, дейди Силлерс матбуот анжуманида.
Ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга киргач, минглаб фаластинликлар ўз уйлари – харобаларига қайтишган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идорасига кўра, Исроилнинг икки йиллик бомбардимонлари оқибатида Ғазо ҳудудининг катта қисми вайронага айланган. Урушда 68 минг киши ҳалок бўлган.
БМТ Сунъий йўлдош маркази (UNOSAT) маълумотларига кўра, энг катта вайронагарчилик Ғазо шаҳрида кузатилган – бу ерда барча биноларнинг 83 фоизи шикастланган.
UNDP ҳозиргача 81 минг тонна вайронани тозалаганини ва бу ишлар давом этаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида ўтган саммитда минтақадаги бошқа раҳбарлар – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амиришайх Тамимбин Ҳамад Ол Соний билан бирга Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаганди.
Live
Барчаси