Ғазо бўйича сулҳ имзоланди
Олам
−
13 Октябрь 4532 2 дақиқа
Бугун, 13 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида ўтган саммитда минтақадаги бошқа раҳбарлар – Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан бирга Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаб, уни “жуда муҳим имзолаш маросими” деб таъкидлади.
Саммитда етакчилик ролида бўлишдан мамнун кўринган Трамп ўзининг ходимлари ва маслаҳатчиларига, “энг қийин” деб ўйлаган келишувни амалга оширганлари учун миннатдорлик билдирди.
“Мен бу, эҳтимол, энг қийини бўлади, деб ўйлагандим. Ва айрим жиҳатлардан у шундай бўлди ҳам. Лекин бизда жуда катта салоҳият, истеъдод бор эди. Бизда ҳайратланарли даражада иқтидорли жамоа бор эди, хусусан, бу стол атрофида ўтирган мамлакатлар бизга ёрдам берди”, деди Президент Трамп.
У шундан сўнг нутқ сўзлашини ва кейин етакчилар билан ёпиқ тартибда учрашишини айтди.
Бугун имзоланган ҳужжатнинг тафсилотлари ҳозирча эълон қилинмади. Бироқ ҳужжатни имзолаш маросимида залда бўлган фотограф олган сурат айрим саволларга жавобдан дарак беради. Трамп кўтириб кўрсатган ҳужжатнинг юқори қисмида “барча инсонлар учун бағрикенглик, қадр-қиммат ва тенг имконият” каби мақсад ва мажбуриятлар ёзилган.
Охирги саҳифанинг биринчи бандида шундай дейилади:
“Биз барча инсонлар учун бағрикенглик, қадр-қиммат ва тенг имкониятни истаймиз, шу орқали бу минтақани ирқи, дини ёки миллатидан қатъи назар, ҳар ким ўз орзуларини тинчлик, хавфсизлик ва иқтисодий фаровонлик шароитида амалга ошира оладиган масканга айлантиришга интилган ҳолдамиз.”
Саҳифанинг пастки қисмида эса АҚШ, Миср, Қатар ва Туркиядан бўлган минтақавий етакчилар ҳамда отишмани тўхтатиш келишуви бўйича воситачиларнинг имзолари ва лавозимлари ёзилган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторидаги можарони ҳал этиш бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичи бўйича келишув имзолаганини маълум қилганди. Америка раҳбари бу “барча гаровдагиларнинг тез орада озод қилиниши, шунингдек, Исроил қўшинларининг келишилган чизиқларгача орқага чекинишини” англатишини билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун ҲАМАС дастлаб 7 нафар исроиллик асирни, кейинроқ эса яна 13 нафар исроиллик асирни Қизил Хочга топширгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирга келиб, улар Исроилга етиб борган. Исроил эса 154 нафар озод этилган фаластинлик маҳбусни депортация қилади.
Live
Барчаси