Хушхабар! Исроил ва ҲАМАС урушни тугатиш бўйича келишувга эришди

Олам

image

Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.

Маълум қилинишича, бу босқич ўт очишни тўхтатиш, гаровдагиларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини қисман олиб чиқишни назарда тутади. Томонлар Трампнинг уруш тўхтагани бўйича маълумотни расман тасдиқлаган. Музокаралар Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрида, Қатар, Миср ва Туркиянинг воситачилигида ўтказилган.

Тинчлик режасининг биринчи босқичи жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, гаровдагилар ва маҳбусларни алмашиш, шунингдек, гуманитар чораларни ўз ичига олади. ҲАМАС барча тирик гаровдагиларни (сўнгги маълумотларга кўра, уларнинг сони 20 нафар) тез орада озод қилиш мажбуриятини олган, Исроил эса қўшинларини келишилган чизиққача олиб чиқади. Режага кўра, халқаро тузилмалар – БМТ ва Қизил Хоч қўмитаси назорати остида гуманитар ташкилотларнинг Ғазо секторига кириш имконияти кенгайтирилади.

 “Исроил ва ҲАМАС тинчлик режасининг биринчи босқичини имзолади. Барча гаровдагилар яқин орада озод қилинади, Исроил эса қўшинларини келишилган чизиққача олиб чиқади. Бу узоқ муддатли тинчлик сари илк қадам. Бу араб ва мусулмон дунёси, Исроил ва АҚШ учун буюк кун. Биз бу воқеани амалга оширишда ёрдам берган Қатар, Миср ва Туркия воситачиларига миннатдорлик билдирамиз. Тинчлик ўрнатаётганлар муборак бўлсин”, дея ёзган Трамп.

“Reuters” хабарига кўра, Шарм-ал-Шайхдаги музокараларда АҚШ, Исроил, Миср, Қатар ва Туркия вакиллари иштирок этган. Улар ёпиқ шаклда, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ва Яқин Шарқ бўйича махсус вакиллар иштирокида бўлиб ўтган. Қатар ва Миср томонлар ўртасидаги асосий воситачилар сифатида таклифларни узатиш ва алмашув параметрларини мувофиқлаштиришга масъул бўлган.

Ўз навбатида, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 9 октябрь куни ҳукумат йиғилишини чақириб, келишувни тасдиқлашини маълум қилган. У бу келишувни “Исроилнинг миллий ва ахлоқий ғалабаси” деб атаган ҳамда АҚШ Президентига миннатдорлик билдирган.

“Мен қаҳрамонларча жанг қилган аскарларимизга ва хавфсизлик кучларидан бу кунга етиб келишимизга сабаб бўлган жасорати учун миннатдорман. Юракдан Президент Трамп ва унинг жамоасига гаровдагиларимизни озод этиш борасидаги бу муқаддас миссияга садоқати учун раҳмат айтаман”, деган Исроил Бош вазири.

ҲАМАСнинг позицияси

ҲАМАС ҳам келишувни тасдиқлаб, Миср, Қатар ва Туркияга воситачилик учун миннатдорлик билдирган. Ҳаракат Трампнинг саъй-ҳаракатларини эътироф этиб, халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг келишув шартларини тўлиқ бажаришини таъминлашга чақирган. ҲАМАС, шунингдек, фаластинликларнинг мустақилликка бўлган миллий ҳуқуқларидан воз кечмаслигини таъкидлаган ва гаровдагиларни озод қилиш жараёни халқаро кузатув остида бўлишини билдирган.

Қатар, Миср ва Туркия томонлар келишувни бажаришга кўмаклашиш ва назорат қилишга тайёр эканлигини тасдиқлаган. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари воситачилар алмашув  якунлангач,  музокараларнинг навбатдаги босқичи механизмини ишлаб чиқишда давом этишларини маълум қилган. Миср эса гуманитар миссияни юборишни, оташкесимни кузатишни ва Рафаҳ чегара ўтиш пунктининг ўтказувчанлигини оширишни режалаштирмоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг жавоби

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш келишувни “ўлимларни камайтириш учун қўйилган муҳим қадам” деб атаган ва БМТ уни тўлиқ бажаришни қўллаб-қувватлаши, Ғазога гуманитар ёрдам ҳажмини оширишини билдирган. Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили эса хавфсиз кириш таъминланса, озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармон етказиб беришни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилган.

Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Франция ҳам келишувни қўллаб-қувватлаган ва оташкесимни кечиктирмасдан, халқаро назорат остида амалга ошириш кераклигини таъкидлаган. Араб давлатлари лигаси эса томонларни келишувга риоя қилишга ва “жараённи бузадиган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга” чақирган.

7 октябрдан кейинги уруш 

2023 йилнинг 7 октябрида ҲАМАС Исроил жанубига йирик ҳужум уюштирди. Оқибатда мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар гаровга олинди. Бу воқеа сўнгги ўн йилликларда минтақадаги энг йирик қуролли тўқнашувга сабаб бўлди. Кейин Исроил армияси Ғазода кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади. ОАВ ва БМТ маълумотларига кўра, Исроил зарбалари уй-жойлар, шифохоналар ва инфратузилмаларнинг вайрон бўлишига олиб келди, ўн минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлди. Исроил бу ҳаракатларини ҲАМАСнинг ҳарбий иншоотларини, жумладан туннель ва қурол омборларини йўқ қилиш зарурати билан изоҳлади.

2024–2025 йилларда вазият таранглигича қолди. Исроил Ғазо ҳудудида операцияларни давом эттирди, ҲАМАС эса янги қурбонлар ҳақида хабар берди. Қатар ва Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ва асирларни алмашиш бўйича бир неча уринишлар бўлди, бироқ улар узоқ муддатли натижа бермади.

2024 йилда АҚШ, Қатар, Миср ва Туркия БМТ кўмагида воситачиликни кучайтирди. Ёзда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2735-сонли резолюцияси қабул қилинди, унда босқичма-босқич оташкесим, гуманитар кириш ва гаровдагиларни алмашиш принциплари белгиланди. Шу ҳужжат кейинги музокаралар асосига айланди.

2025 йилда АҚШ, Исроил, Миср, Қатар ва Туркия вакиллари Қоҳира, Доҳа ва Шарм-ал-Шайхда учрашувлар ўтказди. Шу музокараларда келишувнинг биринчи босқичи матни ишлаб чиқилди ва октябрь ойида томонлар томонидан имзоланди. Дональд Трамп воситачилар ва томонлар ишини мувофиқлаштирди, унинг маслаҳатчилари ҳужжат параметрларини келишишда иштирок этди. Оқ уй музокараларга ташкилий ёрдам берганини ва кейинги босқичлар тайёрланишида кафиллардан бири сифатида иштирок этишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Исроил ҲАМАС Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг