Давлатга хиёнат қилган амалдорлар қатл қилиниши белгиланган қонун кучга кирди
Олам
−
25 Март 2023
40787Беларусда давлатга хиёнат қилган амалдорларга нисбатан ўлим жазосини қўллаш имкониятини кўзда тутувчи қонун кучга кирди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.
“Жиноят жавобгарлиги тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Вазирлар Кенгаши томонидан 2022 йил октябрь ойи охирида Беларусь Миллий Ассамблеясининг Вакиллар палатасига (қуйи палата) тақдим этилган. У декабрь ойи бошида биринчи ўқишда, 2023 йил февраль ойи охирида иккинчи ўқишда қабул қилинган.
Шу йилнинг февраль ойи охирида ҳужжат Республика кенгаши (юқори палата) томонидан маъқулланган, 9 март куни эса Беларусь фуқароси Александр Лукашенко томонидан имзоланган.
Норматив ҳужжат 14 март куни миллий-ҳуқуқий интернет порталида эълон қилинган ва орадан 10 кун ўтиб кучга кирди.
Қонун билан Беларусь Жиноят кодексининг 356-моддаси 2-қисмидаги “Давлатга хиёнат” бобига ўзгартириш киритилди. Унда давлат лавозимини эгаллаб турган мансабдор шахс томонидан давлатга хиёнат қилганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазоси тарзидаги жазони қўллаш имконияти кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко давлат хизматчиларига давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим жазоси ҳамда Қуролли Кучларни обрўсизлантириш учун жиноий жавобгарликни жорий қилувчи қонунни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси