Давлат қарзи 48,32 млрд долларга етди: пуллар асосан нималарга ишлатилди?
Жамият
−
13:35 1800 3 дақиқа
Ўзбекистоннинг давлат қарзи ўтган чоракка нисбатан 1,33 миллиард долларга кўпайди ва жорий йилнинг иккинчи чораги якунларига кўра, 48,32 миллиард долларни ташкил этди. Буни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган маълумотлардан кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, шу давр мобайнида давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбати 26,2 фоиздан 27 фоизгача ошган. Қарзнинг асосий қисмини ҳамон ташқи қарз ташкил этмоқда: биринчи чоракда у 39,78 миллиард долларни (умумий ҳажмнинг 85 фоизи), иккинчи чоракда эса 40,71 миллиард долларни (84 фоиз) ташкил этган. Бу бир чорак аввалги 22,2 фоизга нисбатан ЯИМнинг 22,8 фоизига тўғри келади. Ички қарз 7,21 миллиард доллардан 7,60 миллиард долларгача ўсган. Унинг улуши 15 фоиздан 16 фоизга, ЯИМга нисбати эса 4 фоиздан 4,2 фоизга кўтарилган.
Ташқи қарз таркибида қайд этилган (фиксацияланган) фоиз ставкасига эга қарзлар устунлик қилмоқда – уларнинг ҳажми 20,78 миллиард доллардан 21,72 миллиард долларгача (44 фоиздан 45 фоизгача) ўсган, сузувчи ставкали кредитлар улуши эса 40 фоиздан 39 фоизга тушган.
Хорижий валютада номиналлаштирилган қарз ташқи портфелнинг 82 фоизидан 80 фоизигача қисқарган, миллий валютадаги мажбуриятлар улуши эса 2 фоиздан 4 фоизгача ошган. Ташқи қарзнинг деярли барчаси узоқ муддатлилигича қолмоқда: тўлаш муддати бир йилдан ортиқ бўлган мажбуриятлар иккинчи чоракда 39,29 миллиард долларни (81 фоиз) ташкил этган.
Ички қарзда миллий валютадаги инструментлар улуши 10 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда, шу билан бирга хорижий валютадаги мажбуриятлар 6 фоиздан 5 фоизга тушган. Ички қарзнинг қисқа муддатли қисми 0,80 миллиард доллардан 1,17 миллиард долларгача ўсган.
Ташқи қарз номиналлаштирилган валюталар бўйича энг катта улуш ҳамон АҚШ долларига тўғри келмоқда – 27,44 миллиард доллар ёки 57 фоиз (бир чорак аввал 58 фоиз эди). Кейинги ўринларни евро (3,90 миллиард доллар, 8 фоиз), япон иенаси (2,75 миллиард доллар, 6 фоиз) ва ҳажми 1,39 миллиард доллардан 1,50 миллиард долларгача ошган, аммо улуши қарийб 3 фоиз даражасида сақланиб қолган Хитой юани эгалламоқда. Ўзбек сўмининг ташқи қарздаги улуши икки бараварга – 2 фоиздан 4 фоизгача ошган.
Кредиторлар орасида энг катта улушни халқаро молия институтлари сақлаб қолмоқда – 22,48 миллиард доллар ёки ташқи қарзнинг 55 фоизи. Ушбу гуруҳ ичида Жаҳон банки (9,12 миллиард доллар, 22 фоиз) ва Осиё тараққиёт банки (8,18 миллиард доллар, 20 фоиз) етакчилик қилмоқда. Улардан кейин Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (2,32 миллиард доллар) ҳамда Ислом тараққиёт банки (1,20 миллиард доллар) бормоқда.
Хорижий ҳукуматларнинг молиявий ташкилотлари ташқи қарзнинг 28 фоизини (11,45 миллиард доллар) таъминламоқда. Улардан энг катта қисми Хитойнинг Тараққиёт банки ва Эксимбанкига тўғри келади – 3,89 миллиард доллар. Ўзбекистоннинг халқаро облигацияларига сармоя киритган инвесторлар улуши 15 фоиздан 17 фоизгача ошган, еврооблигация қарзи ҳажми эса 5,80 миллиард доллардан 6,78 миллиард долларгача кўпайган.
Ишлатилиш йўналишлари бўйича ташқи қарзнинг ярми – 20,53 миллиард доллар ёки 50 фоизи – давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга тўғри келмоқда. Ёнилғи-энергетика секторига 5,47 миллиард доллар (13 фоиз), жумладан, электр энергетикасига 4,21 миллиард доллар йўналтирилган.
Транспорт инфратузилмаси 3,06 миллиард доллар (8 фоиз), қишлоқ ва сув хўжалиги – 3,34 миллиард доллар (8 фоиз), уй-жой коммунал хўжалиги – 3,38 миллиард доллар (8 фоиз) олган. Соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларга ташқи қарзнинг 3,72 миллиард доллари ёки 9 фоизи тўғри келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 18 млрд долларга ошиб, 82,2 млрд долларга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси