Даромади 5 млн сўмдан кўп фуқаролар учун 200 кВт норма қўлланмаслиги керак – Алишер Қодиров 

Олам

image

Даромади 5 млн сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун электр нархидаги 200 кВт норма қўлланмаслиги керак. Бундай таклифни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров билдирди.

“Одатда ойига 300-400 минг сўмдан ошмайдиган электр учун тўловим 800 минг сўмдан ошди, хурсанд эмасман, лекин бу мен ишлатган энергия ва унинг ҳақини мен тўлашим керак”, дейди Қодиров. 

Унинг айтишича, ростдан ҳам кўмакка муҳтож бўлган аҳоли қўллаб-қувватланиши керак, бироқ ҳамма эмас. 

“Масалан, даромади 5 млн сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун электр нархидаги 200 кВт норма қўлланилмасин”, дейди депутат.

У энергетика соҳасида бозор муносабатлари бўлиши шартлиги, даромадсиз энергетика иқтисодиётга юк бўлишини таъкидлади.  

“Тизим таъмирталаб эканлиги учун таъминот сифатсиз бўляпти ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Лекин мунтазам таъмирлаш учун мунтазам даромад бўлиши керак. Даромад кўрмаса, тизим қачон ўзгаради! Давлат бюджети чегарасиз эмас”, деб ёзади Алишер Қодиров. 

Депутатнинг сўзларига кўра, энерго ресурсларни қийматидан икки карра арзонга сотилиши мамлакат иқтисодиётини, пировардида халқ турмушини ёмонлашишига сабаб бўляпти. 

“Мени халқим турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилишим учун сайлаган, арзон ресурслар ундириб бериш учун эмас, гражданин Коля! Ишонаман, сен ватанпарварлар партиясини сайловлардаги муваффақиятига ҳиссангни қўшасан. Даромадидан ижтимоий кўмак бероладиган тармоқлар яратишимиз керак, ёрдам бериш учун даромадидан кечадиган тармоқлар эмас. Эртага яхши бўлиши учун бугун қийналамиз, бошқа йўли йўқ”, дейди Қодиров.

Депутатнинг айтишича, 1 киловатт электр энергиянинг таннархи 990 сўм бўлиб, 200 киловаттгача 450 сўмдан, 1000 киловаттгача 900 сўмдан сотилиши ёрдам сифатида қабул қилиниши керак, талаб эмас. 

Қайд этиш жоизки, шу кунларда ижтимоий тармоқларда, хусусан Instagram’да “Ўзбекэнерго 200 квт лимитни бекор қилинглар!” хештеги остида челленж давом этмоқда. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари 200 кВт/соат электр энергияси бир ойга етмаётганидан шикоят қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг