Сиёсий партия вакили Тошкентда ўтган пиво фестивалини қоралади
Жамият
−
21 Июль 19318 3 дақиқа
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджонова жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган пиво фестивали ҳақида танқидий фикр билдирди. Бу ҳақда партия раиси ўринбосари ўзининг Facebook'даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Муҳаммеджоновага кўра, пиво фестивалига ўзбек ОАВлари умуман муносабат билдирмаган, лекин рус ОАВларида ушбу тадбир фаол равишда ёритилган.
“Жорий йилнинг 27-29 июнь кунлари Тошкент шаҳрида пиво фестивали бўлиб ўтди. Майдон одамлар билан гавжум бўлди. Иштирокчиларнинг аксарияти ёшлар. Русийзабон ОАВда бу мавзу зўр ёритилди. Ўзбекзабон ОАВ, зиёлилар билан бирга жим. Тошкентнинг нариги томонида эса Ислом цивилизация маркази қад ростлаяпти...”, дея ёзган Миллий тикланиш демократик партияси раиси ўринбосари.
Унинг қўшимча қилишича, пиво фестивали Ўзбекистонда биринчи марта ўтаётгани йўқ ҳамда бу тадбирни ўтказиш анъанага айланиб бормоқда.
“Ўзбек жамиятида ҳам спиртли ичимликлар фестиваллари очиқчасига, оммавий шовқин ва реклама билан ўтказиляпти”, деган Муҳаммеджонова.
Партия раиси ўринбосари, шунингдек, ушбу фестивални ким ўтказгани, унга ким рухсат берганига қизиққан.
“Ҳеч бир замонавий шаҳар ўз ўзлигини топтаб ривожланмайди. 1886 йилда Тошкентнинг янги шаҳар томонида халқни туб аҳолисини издан чиқариш учун атайлаб “Пиён бозори” майхоналар очилганидан хабаримиз бор. Чоризмни тушунса бўлади. Бугунчи? Бугун бу тадбирни ким ва нимага қўллаб-қувватламоқда?” дея савол қўйган Феруза Муҳаммеджонова.
Қолаверса, у дарахтларни кесиш мавзусига ҳам тўхталиб ўтган.
“Демак бугун баҳс очилган масала бу фақат дарахт масаласи эмас.. Бу – инсоннинг ўз ҳаёти, келажагига боғлиқ масала. Агар бир ёғоч учун жамият шундай фаол қўзғолса, демак, бу жамиятдан катта умид кутиш мумкин. Негаки, мусулмон одамнинг қалбига “Қиёмат қоим бўлаётганини кўрсанг ҳам, қўлингда бир дарахт ниҳоли бўлса, уни экиб улгур”, деган ўгит муҳрланган. Бироқ бу борада ҳам икки хил стандарт борга ўхшайди: дарахт кесишга исён, пиво фестивалига сукунат!!!” деган “Миллий тикланиш” партияси аъзоси.
Ўз постининг сўнгида Муҳаммеджонова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодировнинг ҳам фукрларини келтириб ўтган.
“Дарахтни қандай ҳимоя қилсак, ўзлигимизга дахлдор масалада ҳам шундай собит бўлайлик. Зеро, дарахтни бошини барибир қурт ейди. Алишер Қодировнинг “Дарахтни ҳимоясига бирлашгандек сув, ер, энергоресурслар, озиқ-овқат ва вақт, қолаверса ўзлигимизни исрофига қарши ҳам бирлаша олсак эди!” деган фикрларига қўшиламан”, деган партия раисининг ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Қодиров “дарахт кесилмасин, дегани, мутлақо кесилмасин эмас, зарур бўлса кесилиши мумкин”, деган фикрларни илгари сурганди.
Live
Барчаси