Даниянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
Жамият
−
01 Август 1724 2 дақиқа
Бугун, 1 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Даниянинг янги элчиси этиб тайинланган Еспер Варни қабул қилди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram -каналида маълум қилди.
“Даниянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Еспер Вар жанобларидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилдик”, деб ёзди у.
Саидовнинг билдиришича, мазмунли суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги имкониятлар муҳокама қилинган.
“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шерикликнинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш йўлида фаол ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Жаноб элчини ушбу лавозимга тайинлангани билан самимий табриклаймиз ва дипломатик миссиясида муваффақиятлар тилаймиз”, дейди Саидов.
Маълумот учун, Ўзбекистонга тайинланган янги элчи 62 ёшда. Тажрибали дипломат Дания Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппарати ва хориждаги қатор элчихоналарида турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Исроил, Малайзия ва Эрондаги элчи лавозимларида фаолият юритган. 2024 йилдан бери у Даниянинг Россиядаги элчиси сифатида фаолиятини олиб борган.
Еспер Вар 2024-2025 йилларда Ўзбекистонда дипломатик миссия раҳбари сифатида аккредитациядан ўтган Якоб Хеннингсеннинг ўрнига тайинланди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Дания ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 январда ўрнатилган. Эътиборлиси, Дания Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган биринчи Европа давлати ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Индонезиянинг мамлакатдаги янги тайинланган элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятиндан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилганди.