Дания Украина билан хавфсизлик шартномасини имзолади
Олам
−
24 Февраль
3010Украина Президенти Владимир Зеленский ва Дания Бош вазири Метте Фредериксен ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартнома имзоланди. Бу ҳақда Украина раҳбари Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Зеленскийнинг ёзишича, Дания Украинага қирувчи самолётлар, ўқ-дорилар ва симуляторлар юборади. 2024 йилда Даниянинг ҳарбий ёрдами камида 1,8 миллиард еврони ташкил қилиши кутилмоқда.
Президент сўзи якунида Данияга украин халқи билан бирдамлиги учун миннатдорлик билдирган.
Украина Президенти девони раҳбарининг ўринбосари Игорь Жовква эса Дания Киев билан бундай ҳужжат имзолаган, G7 аъзоси бўлмаган биринчи давлатга айланганини қайд этди.
"Бугун Львовда Украина Президенти ва Дания Бош вазири Украина ва Дания ўртасида хавфсизлик ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади. Даниянинг Украинани қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2023-2028 йилларда давлатимизни қўллаб-қувватлаш учун 8,5 миллиард евро ажратди. Дания Украинага шартноманинг 10 йиллик муддати давомида ёрдам беради. Томонларнинг келишуви билан уни узайтириш мумкин" деб ёзган Жовква Facebook’даги саҳифасида.
Таъкидлаш жоизки, аввалроқ Дания Бош вазири мамлакат ўзининг барча артиллериясини Украинага топширишини эълон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Британия Киев билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисида битим тузган илк давлат бўлганди. 16-17 февраль кунлари Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ҳам хавфсизлик мажбуриятлари ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама шартнома имзолади.