Далласдаги тураржой биносида кучли портлаш бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 28 май куни АҚШнинг Даллас шаҳрида газ сизиб чиқиши ортидан кучли портлаш юз берди ва тураржой биносини вайрон қилди. Ҳодиса оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳатланди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.

Қайд этилишича, тураржой биноси кучли портлашдан кейин деярли бутунлай вайрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш газ сизиб чиқиши оқибатида келиб чиққан. Ҳодиса туфайли камида уч киши ҳалок бўлган, яна беш киши жароҳатланган.

Воқеа шаҳар шарқидаги “El Ricardo” турар жой мажмуасида юз берган. Даллас ёнғин-қутқарув хизматининг хабар беришича, соат 12:47 атрофида газ сизиб чиқиши бўйича чақирув келиб тушган, фавқулодда хизматлар воқеа жойига етиб борганидан кўп ўтмай эса портлаш содир бўлган.

Воқеа жойига жуда катта куч ва воситалар сафарбар этилган. Оқибатларни бартараф этишда 71 та бўлинма ва 120 га яқин ўт ўчирувчи иштирок этган. Кундузи соат тўртларга келиб очиқ ёнғинни қуршаб олишга муваффақ бўлинган, бироқ қутқарувчилар вайроналарни тозалаш ва эҳтимолий жабрланувчиларни қидириш ишларини давом эттирган.

Кейинчалик расмий идоралар уч киши – икки аёл ва бир бола ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Фавқулодда хизматлар вакилларининг сўзларига кўра, қурбонлар сони ўзгариши мумкин, чунки вайрон бўлган бинони кўздан кечириш ишлари кечқурун ҳам давом этган.

Беш киши турли даражада жароҳат олган. Улардан уч нафари тез ёрдам ходимлари томонидан шифохонага етказилган, яна икки киши тиббий ёрдам сўраб ўзи мурожаат қилган. Жабрланганлардан бирининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Портлашдан сўнг қўшни тураржой мажмуаси ва яқин атрофдаги хусусий уй аҳолиси эвакуация қилинган. Жабрланганларни меҳмонхоналарга вақтинчалик жойлаштириш ташкил этилган, шунингдек, оилаларга ёрдам кўрсатиш маркази очилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар кучли гумбурлашни эшитган, шундан сўнг вайрон бўлган бинони ва вайроналар остидан чиқишга уринаётган одамларни кўрган. Маҳаллий аҳолидан бирининг айтишича, у ёнғин кучайишидан сал олдин вайроналар остидан ўз кучи билан чиқиб олган қизчани кўрган.

“Atmos Energy” компанияси тақдим этган маълумотга кўра, фожиага газ етказиб берувчига алоқаси бўлмаган қурилиш бригадаси томонидан газ қувурига шикаст етказилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Айни пайтда ҳудудда газ таъминоти ўчирилган, ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Вашингтон штатидаги қоғоз заводида кимёвий резервуар портлаб кетганди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, яна тўққиз нафар ходим бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ газ портлаш Даллас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг