Cybertruck’ни портлатган ҳайдовчи тайёргарлик учун ChatGPT’дан фойдаланган
Олам
−
08 Январь
4848АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги Trump International меҳмонхонаси ёнида портлаган Cybertruck автомобили ҳайдовчиси 37 ёшли Мэттью Ливелсбергер тайёргарлик жараёнида ChatGPT чатботидан фойдаланган. Бу ҳақда маҳаллий полиция шерифи Кевин Макмахиллга таяниб, NBC News хабар берди.
Қайд этилишича, Ливелсбергер сунъий интеллектдан қанча портловчи модда кераклиги ва уларни қандай сотиб олиш мумкинлигини аниқлаш учун фойдаланган.
“Бу АҚШ ҳудудида ChatGPT инсонга муайян портловчи қурилма яратишда ёрдам берган биринчи маълум ҳодиса бўлса керак”, дейди шериф.
ChatGPT дастурини ишлаб чиққан OpenAI компанияси вакили сунъий интеллект ҳодисага тайёргарлик учун ишлатилгани сабаб афсус билдирган.
“Бизнинг моделларимиз зарарли контентни минималлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу ҳолатда эса ChatGPT интернетда аллақачон мавжуд бўлган маълумотларни тақдим этган”, дея таъкидлаган у.
Эслатиб ўтамиз, Tesla компаниясининг Cybertruck автомобилини жорий йилнинг 1 январь куни Лас-Вегасдаги Trump International меҳмонхонаси олдида портлаганди. Ҳайдовчи ҳалок бўлган, бир неча йўловчилар енгил жароҳат олган. Tesla асосчиси Илон Маск портлашга автомобиль юкхонасида жойлашган “жуда кўп миқдордаги мушаклар ёки бомба” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирган. Уни портлатган Лайвелсбергер АҚШ армиясида хизмат қилган. ФҚБ Cybertruck ҳайдовчисининг АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампга нисбатан душманлик ҳисси бўлмаганини тахмин қилмоқда. Махсус хизмат унинг ҳаракатларини посттравматик стресс бузилиши билан боғлаган.