Covid’дан кейин Хитой иқтисодиётини кутилганидан тезроқ тиклаб олди
Олам
−
18 Апрель 2023 4032 2 дақиқа
Хитой иқтисодиёти коронавирус пандемияси сабаб ўрнатилган чекловлардан кейин кутилганидан кўра тезроқ тикланаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Хитой Миллий статистика бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг чакана секторида кўтарилиш кузатилгани ортидан дастлабки чоракдаги ўсиш суръатлари таҳлилчиларнинг прогнозларига нисбатан юқори бўлган.
Ўтган йили мамлакатдаги COVID-19 чекловлари юмшатилганидан сўнг истеъмол харажатлари ўсди ва бу миқдор 2022 йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан ошиб кетди.
Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 4,5 фоизга ўсган ва бу 4 фоизлик ўсиш прогнозидан юқори ҳисобланади.
Хитойда чакана савдо ҳажми март ойида 10,6 фоизлик ўсишни намойиш қилиб, икки йил ичидаги энг катта ўсишга эришди. Бу миқдор аввалги кутилмалардан деярли икки баравар юқори. Худди шу вақт ичида мамлакат саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 3,9 фоизга ўсди. Бу сўнгги беш ой ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Таҳлилчилар биринчи чоракдаги ўсиш уларнинг оптимистик прогнозларидан ҳам юқори бўлганини эътироф этмоқда. Шунингдек, йиллик ўсиш миқдори ҳам Хитой ҳукумати мақсад қилган 5 фоизлик кўрсаткичдан юқори бўлиб, 6 фоизга етиши тахмин қилиняпти.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг пандемия бўйича сиёсати бир мунча юмшагани маълум қилинганди. Шунингдек, яқинда Хитой олдида қарздорлиги энг юқори мамлакатлар рўйхати очиқланди.
Live
Барчаси