Чўлдаги қотиллик: Навоийда жанжал бир кишининг ўлими билан тугади
3-саҳифа
−
31 Октябрь
11064Навоий вилояти Конимех туманида фуқаро ўзаро келишмовчилик ортидан бошқа бир фуқаронинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлган жиноят иши кўрилган. 9 нафар айбланувчининг 8 нафари ҳали 30 ёшга тўлмаган. Маълум бўлишича, қотиллик содир этиб, бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлган айбланувчи аввал ҳам безорилик жинояти содир этиб, озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган ва бағрикенглик тамойили асосида муддатидан аввал жазодан озод қилинган.
“Бундай бўлишини хоҳламагандим. Укамни ҳимоя қилишни истагандим. Отажон, онажон, мен қасддан одам ўлдирмадим. Мени кечиринглар”, деди суд мажлисида фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган айбланувчи.
Хабарга кўра, судланувчи гарчи қотилликни қасддан содир этмаганини айтса-да, у Конимех туманининг чўл ҳудудига ўзига рақиб санаган йигит билан кўча тилида гаплашиб қўйиш учун пичоқ олиб борган. Унинг рақиби ҳам “учрашув жойи”га 7 йигитни эргаштириб, жами 8 киши бўлиб борган ва боз устига у ҳам ов милтиғи билан қуролланган. Аҳоли яшаш жойидан узоқда, чўл ҳудудида бошланган даҳанаки жанг пичоқбозликка тақалгач, кимдир осмонга қарата ўқ отгачгина воқеага нуқта қўйилган.
Ҳукмга кўра, Жиноят кодексининг 277-моддаси тегишли бандлари билан айбдор деб топилган 8 нафар судланувчининг ҳар бири 1 йилдан 3,5 йилгача озодликни чеклаш жазосини олган.
Қотилликда айбланган судланувчи эса Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисм “л” банди (Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) ва Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисм “а” банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган безорилик) билан айбли деб топилган ва унга узил-кесил 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида рашк сабаб севгилисини пичоқлаб ўлдирган 28 ёшли эркак 17 йилга қамалган эди.
LiveБарчаси