Энди ахлатдан карзи борлар “свет” учун пул тўлолмайди
Жамият
−
11 Июль 7230 2 дақиқа
Ўзбекистонда чиқиндидан қарздор истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш 2025 йил 1 августдан бошланади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Жорий йил 7 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунига кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим. Белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.
Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. У жорий йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланади.
“Шу ўринда, санитар тозалаш корхоналари чиқинди тўловларини ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийлик учун жавобгар ҳисобланади! Агар абонентларга санитар тозалаш хизмати ўз вақтида ва сифатли кўрсатилмаса кўрсатилмаган кунлардаги хизматлар учун тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ҳурматли абонентлар, сизда чиқиндиларни бошқариш соҳаси ва хизмат сифатига доир таклиф ва шикоятлар юзага келганда: Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “1205” қисқа рақамига 24/7 режимда мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май кунидан Ўзбекистон бўйлаб эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр энергияси учун йил давомида компенсация тўлаш амалиёти йўлга қўйилди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь